Ассалому алайкум! Биламизки инсон ухлаганида қўли қаерда тунанганини билмеди. Мисол учун авратларга тегиши мумкун. Саволим шуки инсонни закарига қўли тегса ихтёрий ёки ихтиёрсиз ўша вақти қўлини ювишдан олдин қўли кийимига ёки бошқа жойларга ётоқ жойига ва х.к ўша қўли теккан кийим ва жойлар нопок хисобланадими ёки покми уларни ювиш жоизми? Ўша кийим билан намоз ўқиган бўлсачи умуман олганда қайси холларда пок хисобланади қайси холларда нопок.
– Ва алайкум ассалом! Уйқудан тургандан сўнг қўлда, баданда ёки кийимда нажосат асари кўринмаса у пок ҳукмида бўлиб, уни ювиш вожиб эмас. Фақатгина ҳадиси шарифдаги кўрсатмага мувофиқ уйқудан тургандан сўнг таҳорат қилишдан олдин қўлни ювиб олиш суннатдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا اسْتَيْقَظَ أَحَدُكُمْ مِنْ نَوْمِهِ فَلَا يُدْخِلْ يَدَهُ فِي الْإِنَاءِ حَتَّى يَغْسِلَهَا ثَلَاثَ مَرَّاتٍ فَإِنَّ أَحَدَكُمْ لَا يَدْرِي أَيْنَ بَاتَتْ يَدُهُ أَوْ أَيْنَ كَانَتْ تَطُوفُ يَدُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки ҳеч бирингиз қўли қаерда тунаганини билмайсиз ёки қўлингиз қаерда айланганини билмайсиз», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Таҳоратнинг одоблари ҳақидаги боб ушбу ҳадис ила бошланмоқда. Унда уйқудан туриб, таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин суви бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан ундаги сувдан олиб, уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат эканлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга, бу иш қандай ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этилмоқда. Уйқудаги одам қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, биринчи сувга уриладиган аъзо қўл эканлиги ва бошқа аъзоларини у билан ювадиган бўлгани учун аввал қўлини ювиб олгани маъқул. Шу мулоҳазага биноан, нафақат уй¬қудан турган одамга, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.
Ҳанафий мазҳаби уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!