Ассалому алайкум! Қуръонда "Кимки мен буюрган ибодатни, мен яратган махлуқдан қўрқиб тарк қилса, уни қиёмат куни қовурғасини синдираман" мазмунида оят борми? Агар бўлса, қайси суранинг қайси ояти эканини айтиб юборинглар.
Ва алайкум ассалом! Имом Термизий Ҳорис Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган : «Масжиддан ўтдим. Қарасам, одамлар турли гапларга шўнғишмоқда. Шунда Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб: – Эй амирал мўминин, кўрмайсизми, одамлар турли гапларга шўнғибдилар, – дедим. – Дарҳақиқат, шуни қилибдиларми? – дедилар у киши. – Ҳа, – дедим. У киши қуйидагиларни айтдилар: – Аммо мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Огоҳ бўлингизким, албатта, фитна бўлур!» деганларини эшитдим ва: – Ундан чиқиш не ила бўлур, эй Аллоҳнинг Расули? – дедим. «Аллоҳнинг Китоби ила. Унда сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва сизнинг орангиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У фосил қилувчидир, ҳазил эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ унинг умуртқасини синдирур. Ким ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказур. У Аллоҳнинг метин арқонидир. У ҳикматли зикрдир. У сиротул мустақимдир. У унинг ила ҳавойи нафслар тоймайдиган, у унинг ила тиллар илтибосга тушмайдиган, у уламолар ундан тўймайдиган, у кўп такрорлаш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган нарсадир. У жинлар уни эшитишлари билан, дарҳол: «Албатта, биз ажиб Қуръонни эшитдик, у рушдга ҳидоят қилур», деган нарсадир. Ким у билан гапирса, содиқ бўлур. Ким унга амал қилса, ажр олур. Ким унинг ила ҳукм қилса, адолат қилур. Ким унинг ила даъват қилса, сиротул мустақимга ҳидоят қилинур, – дедилар. Сўнгра у киши: – Мана буларни олгин, эй Аъвар, –дедилар».("Ҳадис ва Ҳаёт"). Валлоҳу аълам.