Ассалому алайкум! Аёл киши намоз ўқиётганида қулоқ, баъзида бўйни очиқ бўлади, шу мумкинми? Рўмолини орқага боғлаб ўқиса бўладими? Жавоб учун раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ҳур аёлнинг жамики бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно.
Бу ҳукмнинг далиллари:
Аллоҳ таоло "Нур" сурасида:
«Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят).
«Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир.
«Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар».
Яъни бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўкслари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмо бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва:
«Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар:
«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши балоғатга етганидан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».
Демак, намозда мазкур аврат жойларни тўсиб ўқиш фарздир. Баъзи аъзолар очилиб қолса нима бўлади ва шунга ўхшаш саволларга кейинги жумлаларда жавоб келади.
Бир аъзонинг тўртдан бирининг очилиши намозни ман қилади.
Агар унутиб очилган бўлса ва очилиши бир рукннинг адо этилишича вақт давом этса ва аъзонинг чорагидан ози очилса, намоз ботил бўлмайди. Агар намозхон мазкур миқдорни қасддан очса, намози дарҳол бузилади.
Болдирнинг ўзи бир аъзодир.
Унинг тўртдан бири очилиб қолса ва зикр қилинган муддатгача ёпилмаса, намоз ботил бўлади.
Сон, закарнинг ёлғиз ўзи ва икки турмуқ ҳам. Осилиб тушган соч ҳам.
Буларда ҳам олдинги зикр қилинган ҳукм собит бўлади.
«Авратни тўсиш» деганда шариат талабига биноан тўсиш кўзда тутилган. Бунда авратни тўсадиган нарсага қуйидаги шартлар қўйилган:
1. Кийим баданнинг рангини билинтирмайдиган даражада қалин бўлиши лозим.
2. Кийим баданнинг ҳамма тарафини тўсиши лозим. Бирор тарафи очилиб қолса ҳам бўлмайди.
Кийим танқис бўлганда аввал ғализ авратни, кейин бошқаларини тўсиш керак бўлади. Агар фақат битта авратни тўсишга етадиган нарса бўлса, у билан орқани тўсиб, олдини қўли билан тўсади.
Бошқаси бўлмаганда ҳаром кийим ила, мисол учун, эркак киши ипак кийимда намоз ўқиса, таҳримий кароҳат ила намоз бўлади. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.