Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қазо намози

10:14 / 09.06.2015 | 5050 | 4142

Ассалому алайкум! Ёшлигимда ўқимай қолдирган яъни қазо намозларимни ҳозир кундуз кунлари қайси пайтларда ўқисам бўлади.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! "Кифоя" китобида қуйидагича келади: 

МАКРУҲ ВАҚТЛАР 

Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Фақат ўша куннинг асри бундан мустасно. Мазкурлар имом хутбага чиққанда ҳам макруҳдир. Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, аср адо қилинганидан кейин, то шомни адо қилгунча ҳам шундай. Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. Охирги вақтда ҳайз кўрган қазо қилмайди.  
Мана, «Мухтасар»да келган матннинг таржимаси билан танишиб олдик. Келинг, энди унинг шарҳини ва ҳар бир ҳукм қайси шаръий далилдан олинганини ўрганиб чиқайлик.
1. Бомдоднинг вақти уфқда кўндаланг бўлган фажрдан бошлаб, то қуёш чиққунчадир. 
Тонг отиб, янги кун бошланиши билан биринчи фарз бўладиган намоз бомдод бўлгани учун, гап айни шу намознинг вақтини баён қилишдан бошланмоқда. Бу жумладаги «уфқда кўндаланг бўлган фажр»дан мурод субҳи содиқдир. Бундан олдин узунасига, бўрининг думига ўхшаб кўринадиган субҳи козиб ҳақиқий фажр эмаслигини шундан билиб оламиз.
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундай бўлиб кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундай бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Термизийнинг лафзида:
«Саҳарликларингиздан сизни Билолнинг азони ҳам, баландга кўтарилган фажр ҳам ман қилмасин. Лекин уфққа ёйилган фажр бўлса (бўлади)», дейилган.
Тонг отиш пайти икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади, буни «субҳи козиб» ёки «фажри козиб» дейилади. Яъни «ёлғончи тонг» дегани. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳукмига кўра, ўша субҳи козиб вақтида саҳарлик вақти ҳали тугамаган бўлади. Иккинчи босқич эса ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндалангига тарқалиши билан бўлади. Буни «субҳи содиқ» ёки «фажри содиқ», яъни «рост тонг» дейилади. Ана шунда оғизни беркитиш вақти кирган бўлади. Ундан кейин саҳарлик қилиш мумкин эмас. Чунки шунда бомдод намозининг вақти кирган бўлади.
Бомдод намозининг охирги вақти қачонлигига далил: Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида: «...Қуёш чиқишидан олдин... Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт», деган (130-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча…» дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
2. Пешиннинг вақти заволдан то ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча. Завол пайтидаги соядан бошқа. Бир ривоятда бир баробар, дейилган. 
Пешиннинг аввалги вақтини белгилашда уламолар ушбу оятдан далил олганлар:
«Қуёш оғишидан то тун қоронғисигача намозни тўкис адо эт» (Исро сураси, 78-оят).
Кўпчилик тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти каримадаги «Қуёш оғиши» заволга кетишини билдиради ва бу билан пешин намози вақти киради», деганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, пешин намозининг вақти қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан», дедилар. Заволни билиш учун текис жойдаги бирор нарсанинг соясига назар солиш керак. Агар соя қисқариб борса, заволдан олдинги вақт бўлади. Агар соя тўхтаб турса, қиём вақти бўлади. Агар соя узая бошласа, завол вақти бўлади. Пешиннинг охирги вақтини белгилашда уламоларимиз икки хил ижтиҳод қилганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунча», деганлар. Имом Абу Юсуф, Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳим: «Завол пайтидаги сояни ҳисобга олмай, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига бир баробар бўлгунча», деганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг далили имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. 
Жумҳурнинг далили қуйидаги ҳадис:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:  
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил алайҳиссалом менга Байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди. Сўнгра бомдодни фажр ярақлаб, рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги аср вақтида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгирилиб қаради-да: «Эй Муҳаммад, мана шу сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг орасидир», деди», дедилар».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган.
3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча.  
Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча. Бу ҳукмнинг далили ҳам Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз ўқиб ўргатганликлари ҳақидаги ҳадис.
4. Шомники ундан то шафақ ғойиб бўлгунча. У қизғишликдир ва бунга фатво берилгандир.  
Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики шафақ ғойиб бўлмаса, шомнинг вақти бор», деганлар. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда: «Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган. Демак, шом намозининг вақти ушбу икки вақт орасида бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозлар вақти ҳақида сўралди. Бас, у зот: «…Шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлгандан шафақ тушгунча», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
5. Хуфтон ва ундан кейин витр – иккиси ҳам мазкур вақтдан то фажргачадир. 
«Мазкур вақтдан» дегани шом намозининг вақти тугагандан кейиндан бошлаб, деганидир. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намознинг вақтларини кўрсатганлиги ҳақидаги ҳадисда «Сўнгра хуфтонни шафақ ғойиб бўлганда ўқиди», дейилган. Бунда хуфтоннинг аввалги вақтида ўқилгани ҳақида сўз бормоқда. Охирги вақти эса бомдоднинг вақти киргунча давом этаверади. Бунда хуфтон билан бирга витр намозининг вақти бир хил.
Бомдодни субҳ оқарганда бошлаш мустаҳабдир. Токи қирқ оятни тартил қилишга ва таҳорати йўқлиги зоҳир бўлиб қолса, яна қайтаришга имкон бўлсин. 
Яъни бомдод намозини ўқишни тонг оқариб қолганда бошлаш мустаҳабдир. Бу вақтни шундай тартибга солиш керакки, намозни ният қилиб, зам сурага қирқ оятни шошилмай, тартил билан ўқиб бўлгандан кейин ҳам таҳоратсиз одам таҳорат қилиб келиб, намозни янгитдан бошлаб, яна қирқ оятни тартил қилиб, намозини тугатгунча қуёш чиқмайдиган бўлиши лозим.
Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар», дедилар».
Имом Насоий ривоят қилган.
Маҳмуд ибн Лубайд Рофеъ ибн Хадийждан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бомдодни субҳ оқарганда ўқинглар, чунки унинг ажри улуғдир», деганларини эшитдим».
Термизий, унинг икки соҳиби ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ёзда пешинни кечга суриш мустаҳабдир. Асрни ҳам, модомики қуёш ўзгармаса. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббига шикоят қилиб: «Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас, унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга. Сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар». 
Бешовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, хуфтонни кечанинг учдан биригача ва уйғонишга ишончи борлар учун витрни (кечанинг) охиригача (суриш мустаҳабдир).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини кечанинг ярмигача кечиктирар, кейин ўқирдилар. Сўнгра: «Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб, ухладилар. Аммо сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздасизлар», дедилар».
Бошқа ривоятда:
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундай қилиб ўқишларига амр қилган бўлардим», дейилган.
Учовлари ривоят қилишган. Термизийнинг ривоятида:
«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки ярмигача орқага суришни амр қилган бўлардим», дейилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг аввалида витр ўқисин. Ким унинг охирида туришдан умидвор бўлса, витрни кечанинг охирида ўқисин. Албатта, тунги намоз шоҳид бўлингандир. Ўша афзалдир», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Қишда пешин ва шомни эрта ўқиш мустаҳабдир. 
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқда намозни совутиб ўқир ва совуқда тезлатиб ўқир эдилар».
Имом Насоий ривоят қилган. 
Шом намозини вақти кириши билан тезда ўқиш суннатдир.
Марсад ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Абу Айюб ҳузуримизга ғозий бўлган ҳолда келди. Ўша кунларда Уқба ибн Омир Мисрга бошлиқ эди. У шомни кеч ўқиди. Абу Айюб унинг олдига бориб: «Бу қандай намоз, эй Уқба?!» деди. «Машғул бўлиб қолдик», деди у. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Модомики менинг умматим шомни юлдузлар аралашадиган бўлгунча кечга сурмас экан, яхшиликда – ёки фитратда – бардавом бўлади», деганларини эшитмадингми?!» деди».
Имом Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.
Булутли кунда аср ва хуфтонни эрта ўқилади.  
Асрни кеч ўқилса, булут сабабидан макруҳ вақтга кириб қолиш хавфи бор. Хуфтонни кечга сурилса, ҳаво ёғишидан хавфсираб, жамоатга одам оз келади.
Иккисидан бошқани кеч ўқилади. 
Булутли кунда бомдод, пешин ва шомни кеч ўқилади. Бомдодни эрта ўқилса, зулмат сабабидан жамоат алданиб, кўпи жамоатга улгурмай қолиши мумкин. Пешин ва шомни булутли кунда эрта ўқилса, вақтидан олдин бўлиб қолиши хавфи бор.
Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. 
Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч соатда намоз ўқишдан ва ўлганларимизни қабрга қўйишдан наҳйи қилар эдилар: қуёш чиқаётганда, ҳатто кўтарилиб бўлгунча, кун тиккага келган пайтда, ҳатто қуёш мойил бўлгунча ва қуёш ботишга йўлланиб, то ботиб бўлгунча».
Бухорийдан бошқалар ривоят қилишган.
Фақат ўша куннинг асри бундан мустасно. 
Уни қуёш ботаётганда ҳам ўқиса бўлади. Кечга қолдиргани учун гуноҳ ёзилади, аммо намози намоз бўлаверади. Аммо бир одам бомдод намозига кеч қолса, қуёш чиқмай туриб бир ракъатини ўқиса, сўнгра қуёш чиқиб қолса, намози бузилади. Лекин бир киши кеч қолиб, асрнинг бир ракъатини ўқиганидан кейин қуёш ботиб қолса, намози ботил бўлмайди. У намозини ўқишда давом этаверади. Намоз тугал бўлади.
Мазкурлар имом хутбага чиққанда макруҳдир. 
Яъни имом жума, ийд, ҳаж, кусуф ва хусуф намозлари хутбасига чиққанида намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза ўқиш макруҳдир, чунки бу пайтларда мазкур нарсалар билан машғул бўлиш хутбани эшитишга халал беради. Ундан юз ўгиришга ўхшаб қолади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни имом хутба қилаётганида шеригингга «Жим тур», десанг, лағв қилибсан», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. 
Лағв – беҳуда, бефойда, маза-матрасиз гап-сўзлар ва хатти-ҳаракатлар. Мана шу ҳадис ҳанафийларнинг «Имом хутба қилиши учун минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром», деган қавлларига энг кучли далиллардан биридир. Бировга «Жим тур», дейиш амри маъруф. Амри маъруф – фарз. Фарз амални қилиб бўлмаганидан кейин, суннат ўқиш жоиз бўлмаслиги турган гап. Баъзилар қуйидаги ривоятни далил қилиб, имом хутба қилиб турган бўлса ҳам, таҳийёти масжид намозини ўқиб олиш зарур, деган тушунчага борадилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида Сулайк ал Fатафоний келиб ўтирди. Бас, у зот: «Эй Сулайк, туриб, икки ракъат намоз ўқиб ол. Уларни енгил қил, – дедилар. Сўнгра эса: – Қачон бирортангиз жума куни имом хутба қилиб турганда келса, икки ракъат намоз ўқиб олсин ва уларни енгил қилсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. 
Бу ривоятни уламолар икки хил таъвил қилганлар. Баъзилари: «Бу намоз жуманинг фарзидан олдинги суннат», десалар, бошқалари: «Бу намоз таҳийёти масжид намозидир», деганлар. Шу билан бирга, айтиб ўтиш лозим бўлган нарсалар ҳам бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўхшаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди. Ҳанафийлар бу ҳадисни Пайғамбар алайҳиссалом ҳалиги одамни намоз ўқишга амр қилиб, ўзлари хутбадан тўхтаб турганлари билан изоҳлайдилар.
Дора Қутний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга кириб келди. Шунда у зот: «Эй Фалончи, намоз ўқидингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Тур! Намоз ўқиб ол!» дедилар ва у намоз ўқиб бўлгунича кутиб турдилар». Бошқа бир ривоятда: «То у намозини ўқиб бўлгунича хутбани тўхтатиб турдилар», 
дейилган.
Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, аср адо қилинганидан кейин, то шомни адо қилгунча ҳам шундай.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши:
«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир: «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар». 
Бешовлари ривоят қилишган. 
Бу икки вақтда нафл намоз ўқиш макруҳдир. Тиловат саждаси, жаноза намози ва қазо намоз ўқиса жоиз. Лекин бу вақтларда тавофдан кейин вожиб бўладиган икки ракъат намоз, шунингдек, нафл намозларнинг қазоси ва назр қилинган намозларни ўқиш таҳриман макруҳдир. Уламоларимиз мазкур далиллар ва улардан бошқа ҳужжатлару қоидаларни ишга солиб, намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ бўлган вақтларни тартибли равишда баён қилиб берганлар.
«Умар розияллоҳу анҳу бомдоддан кейин Байтни етти бор тавоф қилиб, Зу Тувога чиқмагунларича намоз ўқимадилар. Тавофнинг икки ракъат (намоз)ини қуёш кўтарилгандан кейин ўқидилар» («Фатҳу бабул иная би шарҳи Ниқоя»).
Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаром:
1. Қуёш чиқаётган пайтда.
2. Қуёш қиёмга келган вақтда. (Жума куни мустасно.)
3. Қуёш ботаётган пайтда. (Ўша куннинг асри мустасно.) Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром.
4. Бомдод намозининг фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча.
5. Аср намозининг фарзини ўқигандан то қуёш ботгунча. Ҳанафий мазҳаби бўйича қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир:
6. Тонг отгандан сўнг бомдоднинг суннатидан бошқа нафл намозларни ўқиш.
Бунинг далили: Ибн Умардан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фажрдан кейин бомдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа намоз йўқ», дедилар».
Табароний ривоят қилган. 
7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш. Чунки шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш шомни кечиктириш бўлади.
8. Жума, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф, хусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда. Бу вақт имом минбарга чиққанидан то намозни ўқиб бўлгунича давом этади.
9. Ийд намозидан олдин ва кейин.
10. Фарз намозга иқома айтилганда. Фақат бомдоднинг суннатини тезда, фарзга улгуриш шарти билан ўқиб олиш жоиз.
Ким намознинг охирги вақтида аҳли фарз бўлиб қолса, фақат ўша намозни қазо қилади. 
Бирорта шахс намоз вақтидан таҳримани айтгунчалик вақт қолганда балоғатга етди ёки мусулмон бўлди ёки ҳайзнинг ўн куни, нифоснинг қирқ кунидан пок бўлди. Оз вақт бўлса ҳам, унга намоз фарз бўлди. Шунинг учун у ўша намознинг қазосини ўқийди. Ҳайз ва нифоснинг озидан пок бўлганда эса ғусл қилиш ва таҳрима сиғадиган вақт қолганда пок бўлиши керак. Чунки олдинги вақтда адо қилинмаган нарса учун охирги вақт мўътабар бўлади. Ким охирги вақтда фарзни адо қилишга аҳл бўлса, унга ўша вақтнинг фарзини адо этиш вожиб бўлади. Мазкур охирги вақтда фарзни адо этишга аҳл бўлмаса, ундан мазкур фарз соқит бўлади.
Шунинг учун ҳам Охирги вақтда ҳайз кўрган қазо қилмайди.  Аёл киши намозни аввалги вақтида ўқимай, орқага суриб юрди. Озгина вақт қолганда ҳайзи келиб қолди. У мазкур намозни қазо қилмайди. Шунингдек, нифос кўрган аёл ҳам. (“Кифоя” китобидан).
Шулардан бошқа ҳамма вақт ўқисангиз бўлади. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat