Ассаламу алайкум! Ҳурматли Устозлар. Мен сайтда йўқолган одам ҳукми ҳақида ўқиб чиқдим. Ундан йўқолган одамнинг аёли 90 йилгача эрини кутиш керак деб тушиндим. Яъни бошқа эркак билан турмуш қуришига рухсат йўқ. Мени тушунганим тўғрими ёки шариатда бу масала ҳақида яна бошқа гап борми? Масалан: йўқолган одамнинг аёли ёш бўлса, нахотки умр бўйи эрини кутиб ўтади? Саволим ноўрин бўлса узр сўрайман. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур билдираман.
Ва алайкум ассалом! Бедарак йўқолган эрнинг аёли никоҳига оид ҳукмлар
Бедарак йўқолган кишига мафқудул хабар дейилади. Масалан, бедарак йўқолган ёки бедарак қочиб кетиб, ғойиб бўлган кишининг қаердалиги ёки қаёққа кетганлиги ҳақида ҳеч қаерда маълумот йўқ. Ҳанафий мазҳабига кўра бедарак йўқолган кишининг тенгқурларига қаралади. Агар улар ҳаёт бўлса, бедарак йўқолган киши ҳам ҳаёт дейилади. Шу қоидага биноан унинг аёлига бошқа одамга никоҳланишига рухсат берилмайди.
Албатта, баъзи ҳолатда ҳали бедарак йўқолган кишининг тенгқурлари вафот этмасларидан олдин қози никоҳга рухсат бера олади. Масалан, зоҳирий далиллар эрнинг вафот этганлигига ишора қилса, масалан, эр кемада сафарга чиқса ва соҳилга етиб боргани маълум бўлмаса ёки одатда вафот билан якунланадиган касалликка чалиниб, қочиб кетса ёки жанг майдонида бедарак ғойиб бўлса, бундай ҳолатларда қози «Бедарак йўқолган киши вафот этди», деган ғолиб гумонга келгунича кутилади. Шундан кейин ҳоким изсиз йўқолган киши вафот этди, деган ҳукмни эълон қилиб, аёлга вафот иддасини ўтказишга рухсат беради. Вафот иддасини ўтаганидан кейин қозининг рухсати билан аёл бошқа эрга турмушга чиқиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида бедарак йўқолган кишининг аёли ҳақида бундан бошқа имкониятлар мавжуд эмас.
Лекин мутааххир ҳанафий олимлар замонни ва мавжуд фитналарни эътиборга олиб, бир неча шартлар билан бирга моликий мазҳабига кўра фатво беришни ихтиёр қилганлар. Бир неча пайтдан буён Ҳиндистон ва унинг атрофида жойлашган минтақаларда барча муфтийлар айни бедарак йўқолган кишининг аёли ҳукми ҳақида моликий мазҳабига биноан фатво беришни ихтиёр қилмоқдалар. Бу масала бир жиҳатдан ҳанафий фиқҳига кириб келди. Лекин бедарак йўқолган кишининг аёли қанчагача эрсиз истиқомат қилишга сабр қила олса, шунча вақтгача ҳанафий мазҳабига амал қилиши шартдир. Жиддий зарурат туғилгандагина моликий мазҳабига амал қилинади. Жиддий зарурат деб қуйидагиларга айтилади:
1. Сарф-харажатни қоплай олмаслик, яъни эрсиз тирикчилик ўтказишга қийналиб қолса;
2. Эри қайтгунича кутиб турай деса, нафсий хоҳиш, истак туфайли, ўзини жиловлашга сабр-бардош қила олмай қолишдан қўрқса.
Фойда: Қайси масалада бошқа имом мазҳабига ўтиш зарур бўлиб қолса, айни ана шу масала юзасидан имом наздида қандай шартлар топилиши талаб этилса, уларнинг барчасига риоя этиш шарт ҳисобланади.
Асл моликий мазҳаби ва унга ҳанафий олимларнинг фатволари
Дорул Исломда эр бедарак йўқолса, аёл қозига бу ҳақда аризасини тақдим қилади ва аёл шаръий гувоҳлар воситасида бедарак кетган шахснинг никоҳида эканлигини собит қилади. Никоҳ вақтида гувоҳ бўлганлар мавжуд бўлмаса, эр-хотин бўлиб яшаганларини кўрган-билганлар: «Бу фалончининг аёли», деб гувоҳлик беришлари мумкин. Шундан кейин аёл гувоҳлар воситасида эрининг бедарак йўқолганлигиини исботлайди. Қози аёл ва унинг яқинлари билан суриштириш ишларини олиб бориш ила чекланиб қолмай, ўзи ҳам мустақил равишда қидирув ишларини олиб боради. Қози ёки ҳокимнинг йўқолган киши қаерга кетганлиги ҳақидаги ғолиб гумони билан ўша жойларга одам юборади. Агар ғолиб гумон бўлмаса, хат юбориб, қидиради. Агар оммавий ахборот воситалари орқали қидириш имкони бўлса, уни ҳам амалга оширади. Қози ёки ҳоким бор имкониятдан фойдаланиб қидирув эълон қилганидан кейин ҳам бирор хабар чиқмасдан, умидсизлик пайдо бўлса, аёлга тўрт йил ёки ундан кўпроқ муддат йўқолган эрини кутишга ҳукм қилади. Тўрт йилда ҳам йўқолган киши ҳақида бирор маълумот топилмаса, ўлди деб тасаввур қилинади ва қози томонидан тайин қилинган тўрт йил муддат ўтганидан кейин қози аёлга тўрт ою ўн кун вафот иддасини ўтириб, иккинчи эрга турмушга чиқишга рухсат беради.
Моликий мазҳабида тўрт йил ўтгандан кейин иккинчи бор қозининг олдига бориб, ариза тақдим қилиб идда учун ҳукм олиши шарт эмас. Балки идда ўтириб, иккинчи эрга турмушга чиқиб кетаверади. Лекин аёл имкони борича ҳанафия мазҳабига амал қилиш учун эри ўлганлиги ҳақида ҳукм олиш мақсадида қозига иккинчи бор ариза тақдим қилади.
Бу ҳукмга юқорида таъкидланганидек, дорул Исломда (Ислом диёрида) амал қилинади. Дорул ҳарбда (Исломий бўлмаган юртларда) эса ҳанафий мазҳаби каби, моликий мазҳаби жумҳур уламолари бедарак ғойиб бўлган киши ҳақида «Бедарак кетган кишининг тенгдошлари ҳаёт бўлса, у ҳам тирик дейилади ва унинг аёлига иккинчи эрга тегишга ижозат берилмайди» деган ҳукмни чиқарганлар. Лекин имом Моликнинг машҳур шогирди Ашҳаб Моликий: «Бедарак кетган кишининг аёли Дорул Исломда нима қилиши керак бўлса, Дорул ҳарбда ҳам шуларни қилади», деганлар.
Танбеҳ: Тўрт йилгача кутиш қози томонидан қидирув амалга оширилиб, ниҳоясига етказилганидан кейин бошланади. Шаръий қози бўлмаса, Диний идорада мавжуд олимлар кенгаши орқали никоҳни фасх қилдиради. Билингки, бедарак кетган эрнинг аёли ҳеч нарсадан-ҳеч нарса йўқ, ўзича аввалги никоҳини фасх қилиб, иккинчи эрга тегиб кета олмайди. Моликий мазҳаби олимларининг фатвосидан маълум бўладики, Ислом шиорларига амал қилинадиган Ҳиндистон, Миср, Шом каби минтақаларда бедарак кетган кишининг ҳукми Дорул Ислом кабидир. Мусулмонлар эмин-эркин ўз динларига амал қилишлари учун шароит яратиб берилган минтақаларда ҳам бедарак кетган кишининг аёли ҳукми Дорул Ислом каби бўлади.
Тўрт йилдан камайтириш
Аёл киши сабрли, иффатли ва хавои нафсини жиловлай оладиган бўлса, билиттифоқ, тўрт йил ёки ундан кўпроқ муддат бедарак йўқолган эрини кутиб туради. Лекин ҳавои нафси ғолиб, маъсиятга берилиб кетиши зоҳир бўлса, маълум муддатгача бедарак кетган эрини кутганидан кейин чорасизлигидан қозига ариза тақдим қилади. Моликий мазҳабида бузилиб кетиши аниқ ва сабр қила олмайдиган аёлларга бедарак йўқолган эрни тўрт йилдан кам кутиш имкони бор. Моликий мазҳабига биноан бундай аёллар ғойиб бўлган эрларини энг камида бир йил кутадилар ва бундан кейин ажралишга рухсат берилади.
Бу тафриқ ражъий талоқ деб эътиборга олинади ва бедарак кетган эрнинг аёли вафот иддаси ўрнига талоқ иддасини ўтиради.
Бедарак кетган эрнинг қайтиши
Бедарак йўқолган эр ҳақида аёл қозига ариза тақдим этиб, тўрт йил кутганидан кейин, қози у ҳақда вафот этди, деб ҳукм чиқарса, бунинг икки кўриниши бор:
1. Аёл иккинчи эрга тегиб, ҳали хилвати саҳиҳа бўлишидан олдин аввалги эр (хоҳ вафот иддаси ичида ёки ундан кейин, ёки иккинчи эрга тегишидан олдин, ёки кейин) қайтиб келса, билиттифоқ, аёл аввалги эрининг никоҳида қолади ва иккинчи эр олдида мутлақо қола олмайди;
2. Аёл вафот иддасини ўтаказганидан кейин бошқа эрга турмушга чиқиб, у билан хилвати саҳиҳа бўлса, моликий мазҳабига мувофиқ аёл иккинчи эр олдида қолади ва аёлда аввалги эрнинг ҳеч қандай ҳаққи қолмайди. Лекин моликий мазҳаби уламоларидан Аллома Солиҳ Тунисийнинг бу масала юзасидан фатвоси қуйидагичадир: «Қоидага мувофиқ эр-хотин ўртасида никоҳ тафриқ бўлса, ражъий талоқ воқе бўлади ва аёл уч ҳайз миқдорича идда ўтиради. Агар идда ичида бедарак кетган эр келиб, аёлига ражъат қилса, ражъат дуруст бўлади ва аёл эрнинг никоҳида қолади. Агар идда тугаганидан кейин келса ёки аввалроқ келган бўлса ҳам, ҳали аёлига сўз ёки феъл билан ражъат қилмай туриб идда тугаб қолса, аёлга боин талоқ тушади. Бундан кейин аёл аввалги эрга тегиш ёки тегмасликда ихтиёрга эга бўлади. Абу Ҳанифа мазҳабида эса юқоридаги ҳар икки суратда ҳам аёл аввалги эрининг никоҳида қолади. Ҳанафийларга бошқа мазҳаб асосида фатво бериш жуда ҳам ноилож бўлган вақтдагина рухсат берилади. Лекин юқоридаги икки суратда бирор зарурат топилмаяпти. Шунинг учун ҳанафий мазҳабига амал қилиш лозим бўлади. Ҳанафий мазҳабида юқоридаги икки масала борасида фатво берилган қавл шуки, иккинчи эр билан хилвати саҳиҳа бўлсин ёки бўлмасин, бедарак йўқолган эр қайтиб келса, аёл аввалги эрининг никоҳида қолади.
Танбеҳ: Бу ўринда бир неча масалаларни хаёлда тутиш лозим: 1. Аввалги эр билан на никоҳ янгиланади ва на маҳр қайтадан берилади. Чунки никоҳ мавжуд ўринда қайтадан маҳр берилмайди; 2. Аёл иккинчи эрга турмушга чиқиб, у билан хилвати саҳиҳа қилса, уч ҳайз миқдорича идда ўтирмай, аввалги эрига қайта олмайди. Агар аёл иккинчи эрдан ҳомиладор бўлиб қолса, ҳомиласини туғмагунича, аввалги эрига қайтмайди; 3. Аёл иддани аввалги эрининг уйида ўтказади. Лекин идда мобайнида эр аёлга тегажоғлик қилмайди ҳамда ундан алоҳида яшайди. Бу борада келгуси идда мавзусида батафсил сўз юритамиз; 4. Хилвати саҳиҳа бўлганидан кейин иккинчи эр аёлга маҳр бериши лозим бўлади. Агар хилват бўлмаса, маҳр берилмайди; 5. Иккинчи эр билан хилвати саҳиҳа бўлиб, ундан ҳомиладор бўлса, насаб иккинчи эрдан собит бўлади. Валлоҳу аълам.