Ассаламу алайкум! Дин йўлида қилаётган хизматларингизни Аллоҳ ажрини зиёда қилиб берсин. Саволим шундан иборатки : Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Оиша онамизнинг аҳволлари қандай кечган ва қай ҳолатда вафот топганлар? Шу ҳақида билмоқчи эдим. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.
Ва алайкум ассалом! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн саккиз ёшларида ажраб қолган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотдан кейин яна қарийб ярим аср умр кўрдилар. У киши бу муборак умрлари давомида бутун Ислом оламининг диққат марказида мўминларнинг оналари бўлиб ҳаёт кечирдилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо доимий равишда илм, фатво, тақво, зуҳд, тарбия, одоб, меҳр ва бошқа фазилатлар маркази бўлиб турдилар. Ҳижрий эллик саккизинчи сананинг Рамазон ойида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бемор бўлдилар. Бу улуғ зот беморлик чоғларида ўзларини Бақийъ қабристонига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа азвожи мутоҳҳаралари дафн қилинган жойга дафн қилишларини васият қилдилар. Рамазондан ўн саккиз кун ўтганда, душанбадан сешанбага ўтар кечаси Оиша онамиз розияллоҳу анҳо дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар. У киши ўша кечаси витр намозидан кейин дафн қилиндилар. Жанозага жуда кўп одам келди. Мадинаи Мунавварада ўша кечадаги каби кўп одам йиғилмаган эди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини буюк саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўқидилар. У кишининг қабрларига маҳрамларидан Абдуллоҳ ибн Зубайр, Урва ибн Зубайр, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакр, Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман ибн Абу Бакр ва бошқалар тушдилар. Ўша пайтда Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг ёшлари олтмиш олтида эди. Аллоҳ таоло Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин! "Ҳадис ва Ҳаёт" 25-жуз "Нубувват хонадони хонимлари". Валлоҳу аълам.