104. Ўша кунда осмонни худди мактуб ёзилган дафтарни ёпгандек, ёпамиз. Махлуқотни аввал қандай бошлаган бўл¬сак, уни худди шундай қайтарамиз. (Бу) зиммамиздаги ваъдадир. Албатта, Биз қилувчидирмиз.
Худди ҳисоб-китоб ишларини ёзиб борувчи шахс ишини тугатиб, дафтарини ёпганидек, осмон ҳам қиёмат куни шундай ёпилади. Демак, дунёдаги ишлар ҳаммаси битган, охирига етган бўлади. Энди ишга, амалга, савоб топиш ёки тавба қилишга фурсат қолмайди.
Аллоҳ таоло у Кунда барча халойиқни аввалги ҳолига қайтаради. Ҳамма ишлар бир бошдан ҳисоб-китоб қилинади. Ҳаммага амалига яраша мукофот ёки жазо берилади.
«(Бу) зиммамиздаги ваъдадир».
Аллоҳ, шундай қиламан, деб ваъда бериб қўйган. У доимо ваъдаси устидан чиқадиган Зотдир.
«Албатта, Биз қилувчидирмиз».
Қилмасдан қўймаймиз. Шунинг учун ҳозирдан тайёргарлик кўраверинг. Бунга ўхшаш гаплар қадимдан бўлиб келаётибди, янгилик эмас.