- Ҳар бир ошланган тери пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мусасно.Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг бузилишдан сақлайдиган ва қўланса ҳидини оладиган нарса бўлса, кифоя.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва: «Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дедилар. Улар: «Бу ҳаром ўлган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни емоқ ҳаромдир», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Вақтики, ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур, деганларини эшитганман», деганлар». Бошқа бир ривоятда: «Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса, бўлаверади. Фақат ҳурмати юзасидан одамнинг териси ва асли нажас бўлгани учун чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.