Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Хадис туплаш

00:00 / 14.05.2009 | eski savollar | 3652
Шайх хазратлари!!! Эшитишимча, Хадис туплашни (яъни Хадислар йигишни) пайгамбаримиз Мухаммад (а.с) кайтарган эмишлар. Бу гаплар ростми? Булар хакида тулигирок тушинтириб берсангиз?... !!!!!! Аллох сиздан рози булсин!!!!!!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Афтидан сизга илмсиз одам ўзини билимдон қилиб кўрсатиш мақсадида лаққиллаганга ўхшайди. Агар ҳадис тўплаш мумкин бўлмаса, шунча ҳадислар қандай тарзда бизларга етиб келган? Имом Бухорий ва бошқа юз минглаб ҳадис олимлари Аллоҳнинг расули қайтрган ишни қилганларми? Бир гапни гапиришдан олдин ўйлаб ҳам кўриш керак.- Илмий доираларда ўтган асрларда ҳадисни ёзиш манъ қилингани ҳақида гаплар бўлган.Ҳадисни ёзиш ва уни зобт қилиш ва ҳадис бўйича тасниф қилиш.1. Ҳадис ёзишнинг ҳукми: Ўтган саҳобалар, тобеҳийнлар ҳадисни ёзиш тўғрисида бир қанча қавлларни айтганлар : А). Ҳадис ёзишни макруҳ билганлар: Бу ҳукмнинг тарафдорлари ичидан Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Масҳуд, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларни айтиш мумкин. Б). Ҳадис ёзишни мубоҳ билганлар: Бу гапни айтганлар ичидан Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Анас ибн Молик ва бошқа кўпчилик саҳобалар бор.В). Сўнгра бу ишнинг жоизлигига ижмоҳ қилинган. Шу билан хилоф йўқ бўлган. Агар ҳадислар китобларга ёзилмаганда, кейинги асрларда йўқ бўлиб кетган бўлар эди. 2. Ҳадис ёзишнинг ҳукми хақидаги ихтилоф хақида: Ҳадис ёзишнинг ҳукми хақидаги хилофнинг сабаби бу ишнинг мубоҳ ёки манҳ қилингани тўғрисида маҳноси бир-бирига қарама-қарши ҳадислар келганидир. А). Қайтириш тўғрисида келган ҳадис: Абу Саҳийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: “Мендан ёзманглар. Ким мендан Қурондан бошқани ёзса, ўчириб юборсин”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.Б). Ҳадис ёзиш мубоҳлиги тўғрисидаги ҳадислар:.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар». Бухорий ривоят қилган.Аслида бу ҳадиснинг айтилишидан олдин анчагина гап-сўзлар бўлиб ўтган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунлари одамларга хутба қилганлар. Аллоҳ таоло Маккадан филни тутиб қолган эди, аммо унга Ўз Расули ва мўминларнинг ҳукмини ўтказди, деб гап бошлаганлар. Гапларини гапириб бўлганларидан сўнг, яманлик Абу Шоҳ исмли киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ёзиб беринг», деган. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гапларни ҳужжат сифатида ўз ҳузурида ёзилган ҳолда сақланиб туришини хоҳлаган. Аммо ўзи ёзишни билмаганидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёзиб беришни сўраган. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаганлар ва ёзишни биладиган саҳобларга ёзиб беришни амр қилганлар.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида бирор киши мендан кўра кўпроқ ҳадисни ривоят қилган эмас, магар Абдуллоҳ ибн Амр мустасно, у ёзар эди, мен ёзмас эдим».Бухорий ривоят қилган.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси шарифга бўлган муҳаббатлари, бу йўлдаги ҳаракатлари ва ҳаммадан кўпроқ ҳадис ривоят қилганликлари ҳамма биладиган нарса. Бу ҳақиқат илм аҳллари орасида маълум ва машҳурдир. Муҳаддис уламоларимиз ким қанча ҳадис ривоят қилганини ҳисоблаб ҳам чиққанлар. Деярли ҳаммаларининг иттифоқлари ила Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий бўлиб чиққанлар.Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўзларининг ушбу сўзларида ҳам ўзлари ҳаммадан кўп ҳадис ривоят қилганларини таъкидламоқдалар. Аммо, ёзиб турмаганларига бир оз афсус қилмоқдалар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни ўзларидан устун ҳам қўймоқдалар.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёзиб юрар эдим. Шундоқ қилиб муҳофаза қилмоқни ирода қилардим. Қурайшликлар: «Сен эшитган ҳар бир нарсангни ёзмоқдасан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган вақтларида, рози бўлган вақтларида гапирадилар», деб мени қайтардилар. Мен ёзишдан тўхтадим. Сўнг буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим. Шунда У зот оғизларига панжалари билан ишора қилиб: «Ёзавер! Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эштиган нарсаларини ёзиб юрганлари жуда ҳам машҳур. Бундан олдинги ривоятда ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам буни таъкидлаган эдилар. Энди эса, бу ҳақиқатни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтмоқдалар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима эшитсалар ўшани ёзиб юришларини, ёзишдан мақсадлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан муборак ибораларни муҳофаза қилиш эканлигини айтмоқдалар. Аммо, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан чиқаётган ҳар бир гапни ёзиб юриши Қурайш қабиласи аъзолари томонидан маъқулланмабди. Улар ўз фикрларича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиқаётган ҳар бир гапни ёзиб олиш яхши эмас, деб тушунар эканлар. Улар ўзларининг бу мулоҳазаларини Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга айтибдилар. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Қурайшликлар: «Сен эшитган ҳар бир нарсангни ёзмоқдасан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган вақтларида, рози бўлган вақтларида гапирадилар», деб мени қайтардилар». Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар бир эшитган нарсамни ёзиб олишдан қайтардилар. Бу борада қурйшликлар ўзларича фикр юритган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб турган вақтларида ҳар хил гапларни гапириб юборишлари мумкин. У нарса ёзилиб қолса, яхши бўлмайди. Шунинг учун, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиқаётгаан ҳар бир гапни ёзиб қўйиш яхши эмас, деб Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуни қайтарган эдилар. Уларнинг бу мулоҳаза ва гаплари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга ҳам таъсир қилди. У киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларини ёзмай қўйди. Бу ҳақда у киши, ўзлари: «Мен ёзишдан тўхтадим», деб ҳикоя қиладилар. Саҳобаи киромларнинг ҳар бир муҳим нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраш одатлари бор эди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ҳам бу масалани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб аниқлаб олишни маъқул кўрибдилар.«Сўнг буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдим». Яъни, У зотдан эшитган ҳар бир нарсамни ёзиб борганимни, қурайшликлар Расулуллоҳ ғазабланган ва рози бўлган вақтларида гапирадилар, деб мени ёзишимдан қайтарганларини ва ўзимни ёзишдан тўхтаганимни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим.«Шунда У зот оғизларига панжалари билан ишора қилиб: «Ёзавер! Менинг жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, бундан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди», дедилар. Демак, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланган бўлсалар ҳам, бошқа ҳолатда бўлсалар ҳам У зотнинг муборак оғизларидан фақат ҳақ, тўғри гапгина чиқади. Қурайшликларнинг тахминлари нотўғри. Зотан, Аллоҳ таоло ҳам, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида: «У ҳаводан нутқ қилмайди. Унинг гапи фақат юбориладиган ваҳийдан иборатдир», дейилган. Бунинг устига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги гапларини Аллоҳ таолога қасам ичиб туриб айтишлари мазкур ҳақиқатни янада мустаҳкамроқ қилиб таъкидламоқда.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ёзиб олган ҳадислар мажмуаси «Содиқа» деб номланган эди.Абдуллоҳ ибн Амрга ўхшаб норасмий равишда ўзича ёзганлар ҳадиси шарифларни ҳам яхшилаб ёзиб юрганлар. Агар ҳадисни ёзиш керак бўлмаганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрни ёзишдан албатта қайтарган бўлур эдилар.Ҳазрати Али ибн Абу Толиб, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум каби саҳобаларнинг ҳам ўз саҳифалари бор эди.Ҳадиси шарифлар ўша замонда, саодат асрида ҳам ёзилган. Ҳадиси шарифлар поклиги, тўғрилигича тўла сақланиб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар билан тузган шартномаларини ёздирганлар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳудайбия сулҳини ҳам ёздирганлар.3. Ҳадисни ёзишни мубоҳ қилувчи ёки уни ёзишдан наҳий қилувчи ҳадисларнинг орасини жамлаш тўғрисида қуйдагилар айтилади: Уламолар ҳадисни ёзишни наҳий қилувчи ва уни ёзишга рухсат берувчи ҳадисларни жамлаб ўрганиб қуйдагиларни айтишган. А). Баъзилар, ҳадисни ёзишга рухсат бериш ҳадисни эсидан чиқариб қўйишидан қўрқилган қишиларга бўлган, ёзишни манъ қилиниши эса, унутишидан эмин бўлган одамларга айтилган, деганлар. Бунда ёзиб қўйилган хатга суяниб, кейинчалик ёдлаш қобилиятлари пасайиб қолмаслиги назарда тутилган.Б). Бошқалар, ҳадис ёзишни наҳий қилиш ҳадис билан Қурон аралашиб кетишдан қўрқилган пайтда бўлган, кейинчалик, бу хавф ёқолгандан сўнг ёзишга рухсат берилган, дейишади. Шу тарийқа, ҳадисни ёзишдан наҳий қилиш мансух бўлган.В). Ҳадисларни ёзишни расмий сифатда наҳий қилинган, аммо ўзига ёзиб олса, индалмаган. Ёзиб бировга тарқатиш наҳий қилинган. Чунки, у вақтда Р-м.нинг тарафларидан Қуръоннигина ёзишга рухсат берилган. Ҳадисни ёзиш Умар ибн Абдулазиз фармони билан бошланган. Расмий равишда ёзиб, далил қилиб кўтариб юриш, кўчириш Умар ибн Абдулазиз даврларидан бошланган. Бунгача хилофатнинг асосий вазифаларидан расмий равишда Қурҳонни жамлаш бўлган.Биринчи ҳижрий аср охирида халифалик қилган, кўпчилик томонидан бешинчи рошид халифа, деб тан олинган Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоб ёзишни сўради. Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий содда қилиб бир китоб таълиф қилди. Бошқалар ҳам унга эргашдилар. Расмий равишда ҳадис китоблар ёзиш шундан бошланди.

Топ рейтинг www.uz Openstat