Ассаламу алайкум! Устозлар аввал ҳам бу саволни берган эдим. Унда Устозимиз вафот этган вақтлари эди, шу сабабми жавоб ололмадим. Бир мажлисда илмли киши “гўшт сотиш унча ҳалол касб эмас, сотганда ҳам бир хил сотиш керак, лаҳмни алоҳида сотмаслик керак” дедилар. Баъзан зарур бўлса қимматроқ нархга лаҳм сотиб оламиз бунинг ҳукми қандай? Ноўрин саволим учун олдиндан узр.
Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам саҳобалардан бир нечалари қассобчилик билан шуғулланганлар. “Гўшт сотиш ўзи унча ҳалол касб эмас” деган гап нотўғри. У киши ҳозирги қассобларнинг тарозидан уриб қолишлари, баъзиларни суякни оз, баъзиларга кўп қилиб беришлари нотўғри дейиши бор гап. Ундайларнинг ҳолига вой. Аллоҳ таоло “Мутоффифин” сурасида марҳамат қилади :
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ
1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.
الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ
2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб, тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...
أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ
4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
Қайта тирилтирилганларида ҳам...
لِيَوْمٍ عَظِيمٍ
5. Буюк бир Кунда.
Қайта тирилтирилурлар.
يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ
6. У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар.
Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббул оламийн ҳузурида тик туриб, бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар? «Нима учун фалон куни ўлчов пайтида Пистончининг ҳақидан бунча нарсани уриб қолдинг?» деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда вайл – дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!
Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми – барибир, улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганларидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда иш улар ўйлаганларидек эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади.
كَلَّا إِنَّ كِتَابَ الفُجَّارِ لَفِي سِجِّينٍ
7. Йўқ! Албатта, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир.
Йўқ!!! Ундай қилмасинлар! Бу йўлларидан қайтсинлар! Ўзларини ўнгласинлар! Ва билиб олсинларки, албатта, улар каби фожирларнинг китоби охиратда, мазкур одамлар Роббул оламийн ҳузурида тик туриб, ҳисоб берадиган Улуғ Кунда «сижжийн»да бўлади.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا سِجِّينٌ
8. «Сижжийн» не эканини сенга нима билдирди?!
Яъни «Сен сижжийн нима эканини қаердан ҳам билардинг. Унинг моҳияти шундай каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!»
كِتَابٌ مَّرْقُومٌ
9. У ёзилган китобдир.
«Сижжийн» луғатда «ўта тор» деган маънони англатади. Ушбу оятнинг таърифидан эса у фожир одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амаллари ёзиб юрилган «номаи аъмол» китоби эканини билиб оламиз. У китобда бирор нарса, ҳатто зарра миқдорида бўлса ҳам, ёзилмай қолмайди. Унга ёзилган нарса эса асло ўчирилмайди. Ҳаммаси тўлалигича қиёмат куни банданинг ўзига кўрсатилади. Ана ўшанинг асосида банда ҳисоб-китобга тутилади. Қиёмат куни фожирларнинг номаи аъмоллари «сижжийн»да бўлар экан. Уларнинг ўзлари тор дўзахга асфаласофилин бўлганлари учун, уларнинг китоблари ҳам ана шундай васфга эга бўлар, ана шундай жойга қўйилар экан. Бундан барча кофир, фожир ва осийлар керакли хулоса чиқариб, фурсатнинг борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Қиёматдан қўрқиб, унга иймон келтириб, унга тайёргарлик кўриб яшасинлар. У кунни ёлғонга чиқарсалар бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчиларга дўзахни нақд қилиб қўйибди:
وَيْلٌ يَوْمَئِذٍ لِّلْمُكَذِّبِينَ
10. Ўша Кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
Ҳа, Аллоҳ таолонинг гапи рост, Қиёмат кунининг содир бўлишида, Ўша куннинг албатта бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ана ўша кунда уни ёлғонга чиқарувчиларга вайл дўзахи ва ҳолларига вой бўлади. «Улар нимани ёлғонга чиқарадилар?» дейсизми?
الَّذِينَ يُكَذِّبُونَ بِيَوْمِ الدِّينِ
11. Улар жазо мукофот кунини ёлғонга чиқарурлар.
Ҳа, улар ҳаммага қилганига яраша жазо бериладиган қиёмат кунини ёлғонга чиқарадилар, унинг бўлишига ишонмайдилар, бинобарин, ҳавойи нафслари кўйига кириб, бу дунёни фисқу фужур, исёну гуноҳ, турли ёмонлик ва бетавфиқликлар билан ўтказган бўладилар. Зотан,
وَمَا يُكَذِّبُ بِهِ إِلَّا كُلُّ مُعْتَدٍ أَثِيمٍ
12. Уни фақат тажовузкор ва сергуноҳгина ёлғонга чиқарур.
Ҳа, қиёмат кунини фақат ҳаддидан ошган тажовузкорларгина ёлғонга чиқарадилар. Ҳа, қиёмат кунини фақат ўта гуноҳкорларгина ёлғонга чиқарадилар. Улар Аллоҳ таоло Ўз шариати ила белгилаб қўйган ҳаддлардан, чегаралардан чиқишга журъат этганларидан, қиёмат кунини ҳам ёлғонга чиқарадилар.
Улар ўта гуноҳкор бўлиб, ҳар бир гуноҳни тап тортмай қилишга журъат этганларидан, қиёмат кунини ёлғонга чиқаришга ҳам журъат этадилар. Ундай одамларнинг бу ҳолга етишларининг асосий сабаби эса...
إِذَا تُتْلَى عَلَيْهِ آيَاتُنَا قَالَ أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ
13. Қачон унга оятларимиз тиловат қилинса, «Аввалгиларнинг афсоналари», – дер.
Уларнинг ҳалокатларининг бошланиши шу ерда. Аллоҳ таоло барчани ҳидоятга бошлаш учун Ўз оятларини Қуръон сифатида нозил қилди. Уларга Қуръон оятлари тиловат қилиб берилди. Улар Аллоҳнинг оятларини тингладилар. Аслида, Қуръон оятини тинглаганларидан кейин унга иймон келтириб, амал қилишлари керак эди. Мазкур ёлғонга чиқарувчилар эса уни «ўтганларнинг афсонаси», деб туҳмат қилдилар. Афсона асли йўқ, хаёлда тўқиб олинган сафсата, деганидир. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг каломи ҳурмат қилинмоғи, тўғри баҳоланмоғи, унга иймон келтирилмоғи ва дастуруламал қилиб олинмоғи керак эди. Аллоҳнинг каломига шунчалар ҳурматсизлик қилган нобакор ҳаддан ошиши, ўта гуноҳкор бўлиши турган гап. Оқибат эса маълум.
Ҳа, қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчилар, уларга Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилинса, «Бу ўтганларнинг афсоналари», – дейдилар.
كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ
14. Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Лаҳмнинг ўзини сотиб олишдан шариат қайтармаган. Қассоб бошқадан ортиб қолган суякларни гўшт ўрнига ўзгага ўтказиши ҳаромдир. Валлоҳу аълам.