Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, одамлар темир пирларига атаб уйларида чўзма пишириб кейин уни қариндошларига ва қўшниларига тарқатишади ёки темир пирларига деб масжидларга пул беришади. Кейин имомлар ҳам “фалончи темир пирларига фалон сўм берибди” деб минбарда уларни эълон қилишади ва жамоатдан дуо олишади. Менинг саволим шуки: чўзма пишириб ис чиқариш жоизми? Шунга атаб тайёрланган таомлар ва чўзмаларни бизларга тортиқ қилишса уларни ейиш жоизми? Уни қилган инсонлар гуноҳкор ҳисобланмайдими? Иши юришиши учун темир пирларига атаб масжидларга пул бериб дуо олишлари жоизми? Булар қандай амал?
Ва алайкум ассалом! ҚАБРЛАРГА НАЗР ҚИЛИШ ВА У ЕРДА ХАЙРИ ЭҲСОН ҚИЛИШ
Кўплаб инсонлар авлиёлардан муродларини сўраш билан чекланиб қолмай, фалон ишим битса у ерда ис чиқараман ёки қўй сўяман ёки у ерга фалон сўм эҳсон қиламан деб, назр қилиб қўядилар. Бу борада бир неча масалалар қуйида ёритиб ўтилади:
1. Назр қилиш ибодат бўлиб, Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилинмайди. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабининг машҳур китоби “Дуррул мухтор”да:
وَاعْلَمْ أَنَّ النَّذْرَ الَّذِي يَقَعُ لِلْأَمْوَاتِ مِنْ أَكْثَرِ الْعَوَّامِ وَمَا يُؤْخَذُ مِنْ الدَّرَاهِمِ وَالشَّمْعِ وَالزَّيْتِ وَنَحْوِهَا إلَى ضَرَائِحِ الْأَوْلِيَاءِ الْكِرَامِ تَقَرُّبًا إلَيْهِمْ فَهُوَ بِالْإِجْمَاعِ بَاطِلٌ وَحَرَامٌ مَا لَمْ يَقْصِدُوا صَرْفَهَا لِفُقَرَاء الْأَنَامِ وَقَدْ اُبْتُلِيَ النَّاسُ بِذَلِكَ ، وَلَا سِيَّمَا فِي هَذِهِ الْأَعْصَارِ.
“Аксарият омилар томонидан маййитлар учун қилинадиган назр ва авлиёуллоҳларга қурбат ҳосил қилиш учун уларнинг мақбараларига олинадиган дирҳам, шам, ёғ ва бошқа нарсалар ижмоан ботил ва ҳаромдир. Бунга хусусан ушбу асрда инсонлар мубтало бўлгандирлар. Халқнинг фақирларига уларни сарф қилишни сарф қилиш бундан истиснодир” (Раддул муҳтор).
Шомий раҳматуллоҳи алайҳ бундай назрнинг ботил ва ҳаром бўлишга бир неча сабабларни санаб: “Биринчидан, бу назр махлуқ учундир. Махлуқ учун назр қилиш жоиз эмас. Чунки, назр ибодатдир. Ибодт эса. Махлуқларга қилинмайди. Иккинчидан, назр қилинаётган киши маййитдир. Маййит эса, ҳеч нарсага молик бўла олмайди. Учинчидан, агар назр қилувчи Аллоҳ таолодан ўзга ушбу маййит ҳам ишларни тасарруф қила олади деса, унинг бу ақидаси куфр ҳисобланади” (Раддул муҳтор).
Қози Саноуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай деганлар:
“Аллоҳ таолодан ўзгага ибодат қилиш ва мадад сўраш жоиз эмас. Шунингдек, авлиёуллоҳларга назр қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки, назр ибодат ҳисобланди”.
Хулоса, ўрнида шуни айтиш керакки, ҳанафий мазҳабининг барча эътимодли китобларида назр ибодат деб ёзилган. Ибодат эса, Аллоҳ таолодан ўзгага қилинмайди. Шунинг учун авлиёуллоҳларнинг қабрларига бирор нарса аташ ёки эҳсон қилиш ижмоан ҳаром ва ботилдир;
2. Бордию бирор киши бирор авлиёуллоҳнинг қабрига назр қилган бўлса, уни бажариш жоиз эмас. Агар назр қилган нарсасини бажарса гуноҳкор бўлади. “Фатаво ҳиндия”, “Баҳрур роиқ” ва бошқа фатво китобларида бу ҳақда батафсил ёзилган.
Бирор киши бирор гуноҳ ишга назр қилган бўлса, на у ишни қилиши ва на назрни бажариши дуруст бўлади. Балки унга тавба қилиши лозим бўлади.
Бу ҳақда Қози Саноуллоҳ шундай деганлар:
“Бирор киши шундай назр қилганбўлса, уни бажармайди. Чунки, қандай бўлмасин гуноҳдан сақланиш вожибдир”.
Бундай назр қилиш гуноҳ, уни бажариш эса алоҳида гуноҳ ҳисобланди. Шунинг учун аввалги қилган гуноҳига тавба қилиб, иккинчисига қўл урмаслиги лозим бўлади;
3. Бирор киши бирор авлиёуллоҳ қабрига ёки Аллоҳ таолодан ўзгага назр қилиб, ўша назрини бажарса, назр қилинган нарса ҳаром бўлади ва уни истеъмол қилиш бирор кишига жоиз бўлмайди. Ҳа агар назр қилган нарсаси ўз ҳолатида турган бўлса, тавба қилиб уни ортга қайтариб олиши мумкин бўлади. Агар назр қилган нарсаси бирор ҳайвон бўлса ва у ҳали сўйилмаган бўлса, тавба қилиб уни ортга қайтариб олиш мумкин. Агар назр қилган ҳайвонини Аллоҳнинг номи билан сўйиб қўйган бўлса, уни ейиш ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний ўзларининг учинчи дафтар 41 мактубларида шундай ёзганлар:
“Улуғларнинг номига аталган ҳайвонни қабри устига олиб бориб сўйиш, фиқҳий ривоятда ширк ишга киргазилган. Ундан сақланишни қаттиқ таъкидланган. Ушбу сўйилғини жинларга атаб сўйилган сўйилғиларнинг жинсидан ҳисобланган ва у шаръан таъқиқланган ва ширкка дохил бўлувчи амаллардандир”;
4. Бир киши Аллоҳ таолога бирор нарсани назр қилиб, у нарсанинг савобини бирор улуғ шахсга савобини йўллашни қасд қилса ёки ўша жой фақирларига фойда бўлишини қасд қилса, буни ширк ёки ҳаром амал дейилмайди. Лекин, оми халқ бу масала билан юқоридаги масала орасини ажрата олмайдилар. Шунинг учун ушбу кўринишдаги амалдан ҳам сақланиш афзалдир.
Бу ҳақда Мужаддид алфи соний раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Ширкка ўхшаш амаллардан ҳам сақланиш лозимдир. Аллоҳ таолога назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Ҳайвонни назр қилишнинг бир неча суратлари бор. Ҳаёвон сўйишни назр қилишга нима зарурат бор. Назр қилиб гуноҳ асосида сўйилган жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиққа ўхшайди ва бу жинпарастларга ўхшашликдир”;
5. Бир киши фалон ишим битса, фалон валиюуллоҳ қабри олдидаги фақирларга шунча сўм ёки фалондақа ширинлик ёки фалон материал ёки фалонча ғалла бериб, унинг савобини ўша авлиёуллоҳга бағишлайман деб назр қилса ва у кишини ўша иши битса, зикр қилинган фақирларга юқоридаги назр қилинган нарсаларни бериши шарт эмас. Балки, ўша нарсаларни бирор фақирга берса, қилган назрини амалга оширган ҳисобланади ва унинг савоби ўша ният қилган валиюллоҳга боради. Агар у кишининг қалби назр қилинган нарсаларни дуч келган фақирга беришга рози бўлмай, айнан зикр қилинган жойдаги фақирларга бериш керак, агар ундан бошқа жойга берсам қилган назримни адо қилмаган бўламан деб тушунса, у киши аслида Аллоҳ таолога назр қилмаган бўлади. Балки, ўша валийга назр қилган бўлади. Аксинча, Аллоҳ таолога назр қилиб, ўша валийга савобини бағишлаш мақсад бўлса ва ушбу назри орқали валийга қурбат ҳосил қилиш бўлмаса, бундай назрни амалга ошириш мумкинлиги ҳақида дин пешволари рухсат берганлар. Шарти шуки, назр қилинган нарсани дуч келган фақирга рози бўлиб бера олсин. Агар бундай қила олмаса, Аллоҳни номи билан назр қилганман деган сўзи нотўғри бўлади.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, авлиёуллоҳларнинг қабрига аташдан мақсад уларга қурбат ҳосил қилиш ва қалбида ўшалар қилган назримни қабул қилиб барча ишларимни битир беради. Агар уларга назр қилмасам барчамиздан норози бўлишиб жонимиз, молимиз, бола-чақамизга зарар етказадилар деган эътиқод бўлса, “Дуррул мухтор”да айтилганидек ижмоан ботил, ҳаром амал ҳисобланади ва унинг ширк бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Агар авлиёлар номига назр қилмай фақат Аллоҳ таолога назр қилиб, савобини ўшаларга йўллашни қасд қилса, шубҳасиз саҳиҳ ва дурустдир. Ўйлаб кўринг бир киши бир қабристонга бориб хайри эҳсон қилиб ёки атаган нарсасини амалга ошириб: “Биз Аллоҳгагина назр қиламиз. Улуғларимизга эса фақат савобини йўллаймиз” деса, ўзини-ўзи алдаган бўалди.
6. Назр борасида муҳим бир масала бор, у шу бобда ҳукм қилувчи ҳисобланади. Уни нафақат оми хал балки кўплаб саводли инсонлар ҳам билмайдилар. Бир ишни бўлиши ёки бўлмаслигида назрни ҳеч қандай алоқаси йўқ. Назр билан қазо ва қадар ўзгариб ҳам қолмайди. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، أَن ّرَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لاَ تُنْذِرُوا فَإِنَّ النَّذْرَ لاَ يُغْنِي مِنْ الْقَدَرِ شَيْئًا وَإِنَّمَا يُسْتَخْرَجُ بِهِ مِنْ الْبَخِيلِ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Назр қилманглар, чунки назр қадарнинг бирор нарсасидан озод қилмайди. Албатта, у воситасида бахлдан (мол) чиқариб олинади” дедилар” (Термизий ривояти). Ушбу ҳадисга Абдулҳақ муҳаддис Деҳлавий шундай шарҳ берганлар:
“Назр тақдирдан бирор нарсани ўзгартиради деган эътиқодда бўлса жоиз эмас. Чунки, одатда инсонлар ўз ҳожатларини раво бўлиши ва мусибатларни ўзидан йироқ қилиш учун назр қиладилар. Бу бахил инсонлар учун мол сарф қилишга сабабдир. Чунки, улар назр сабабли молларидан сарфлайдилар. Лекин, саҳоватли инсонлар назрсиз ҳам ўз ихтиёрлари билан хайри эҳсон қилаверадилар. Қайтарилган тарзда назр қилишда доимий шу нарсага эътибор қилиш керакки, назр қилиш мумкин. Лекин рухсат берилган тарзда” (Мишкот ҳошияси).
Ҳадисларда, садақа балони қайтаради дейилган. Лекин, назрда савдогарликни бир нави бор. Чунки, агар иш битса, садақа беради, битмаса садақа бермайди. Хуллас Аллоҳ таоло номи ила қилинган назр қазо ва қадрни ўзгартирмайди. Демак, валиюллоҳларга аталган назр қандай қилиб, Аллоҳ таоло белгилаган тақдирни ўзгартириши мумкин. Агар бордию назр қилинган иш битмай қолса, инсон тақдир олдида ожизлигини ҳис қилиб, тақдирда ёзилмаган эканда дейди. Агар иши битиб кетса, тақдирда шундай экан деб тушунмай, валийлар мадад қилди деб тушунишиб: “Биз фалон валига назр қилган эдик, у ишимизни битириб берди” дейдилар. Мана бундай назр бошдан оёқ нотўғри ақидага барпо қилинган ҳисобланади. Шайтон бундай найранг орқали бандани Аллоҳ таолога ибодат қилишдан тўсиб, бандасига ибодат қилишга шайдо қилиб қўяди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида келтирилган ҳадисда Аллоҳ таоло номи билан қилинган назр қазо ва қадарни ўзгартирмайди дедилар. Демак, ожиз банда номига қилинган назр қандай қилиб, ўзининг холиқи Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган қазо ва қадарни ўзгартирсин! Валлоҳу аълам.
http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=21370.0
/>http://savollar.islom.uz/savol-2566/
/>http://savollar.islom.uz/savol-33722/