Ассалому алайкум! Ҳурматли аҳли илмлар, ҳозирги пайтларда кўп кофирлар социалний сетларда динимизни, пайғамбаримиз (салоллоҳу алайҳи васаллам)ни, ҳаттоки Аллоҳ таолонинг номига жудаям кўп бўхтонлар ёзишмоқда. Бу гапларни ўқиб этибор қилмасликни иложи йўқ. Биз бундай ҳолларда уларга қарши жавоб ёзишимиз ва бу бўхтонларга яраша жавоб қайтаришимиз тўғрими? Бундай оғир бўхтонлар бўлаётганда мўмин-мусулмонлар қандай бўлиши керак?
Ва алайкум ассалом! Жавоб қайтаришга қодир бўлган кишиларнинг зиммаларига жавоб қайтариш вожиб бўлади. Лекин Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 108-оятидаги кўрсатмага амал қилиш керак.
108. Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўк¬мангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик. Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур.
Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда.
«Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки...»
Уларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти:
«...билмасдан тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар».
Яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таҳқирлаши мумкин. Бу турган гап. Чунки:
«Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик».
Инсоннинг табиати шундай. Қилаётган амаллари унинг ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ўз ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади.
«Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур».
Шундай экан, мусулмоннинг кўнгли тўқ бўлсин. Аммо мушриклар ҳар доим янги гап, янги таклифлар топиб турадилар.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.