Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Гумонли никоҳ

10:11 / 27.02.2016 | Badriddin ibrohimov | 3990

Биз қатнашган бир никоҳ ҳақида гумонимиз бор, чунки ўша никоҳдаги ийжоб ва қабулни на гувоҳлар ва на никоҳланувчилар эслай олишди. Яъни ийжоб ва қабул хато бажарилган бўлиши ҳам мумкин. Қайта никоҳ бойланиши кeракми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз айтган гапдан бирор бир аниқ нарсани тушуниб бўлмайди. Қуйида никоҳнинг боғланиш шартларини келтирамиз. Агар шунга тушса қайта никоҳ қилишга ҳожат йўқ.
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади. Уларнинг лафзи «Завважту» – «Ўзимни сенга никоҳладим» ва «Тазавважту» – «Никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «Заввижнии» – «Мени никоҳла», деганда «Никоҳладим», дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади. Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам, барибир. (Форс тилидаги) «дол»дан кейин мимсиз «дод» ва «Фазируфт» ва «Фазируфти» (яъни топширди, қабул қилди), дейиш билан никоҳ боғланади. Бу «Сотдим» – «Олдим» каби.  Гувоҳлар олдида «Биз эр-хотинмиз», дейишлари билан нокоҳ боғланмайди. Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади. Икковлари бир-бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб, биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир.
Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди. Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади. Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди. Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди. Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, бошқа одам унга валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси гувоҳ бўла олади.
Қуйидагилар ҳаром бўлади: асли, фаръи, яқин аслининг фаръи, узоқ аслининг сулбидан бўлган қизи, хотинининг онаси ва жинсий яқинлик қилган хотинининг қизи, аслининг ва фаръининг хотини. Шуларнинг ҳаммаси эмикдошлик орқали бўлганда ҳам.
Шунингдек, ўзи билан зино қилган, ўзи ушлаган ёки уни ушлаган ва ички фаржига шаҳват билан назар солинган аёлнинг фаръи ҳам, асли ҳам ҳаром бўлади. Тўққиз ёшдан кичик қизлар иштаҳа тортадиган эмас.
Икки аёлдан бирини эркак деб фараз қилинганда унга иккинчиси ҳалол бўлмайдиган аёллардан бирининг никоҳи ва иддаси иккинчисининг никоҳини ва мулк юзасидан яқинлик қилишни ҳаром қилади. Шунингдек, улардан бирига мулк юзасидан жинсий яқинлик қилиш иккинчисига ҳам мулк юзасидан, ҳам никоҳ орқали жинсий яқинлик қилишни ҳаром қилади. Никоҳини эмас. Агар бирига ақди никоҳ қилган бўлса, то бошқасини ҳаром қилмагунча унга яқинлик қилмай туради.
Қуйидагиларнинг никоҳи дуруст бўлади: китобия аёлнинг, ҳур аёлга уйланишга қодир бўла туриб чўрига уйланиш, эҳромдаги аёл ва эркакнинг, зинодан ҳомила орттирганнинг, унга ҳомиласини туққунча яқинлик қилмай турилади ва никоҳи ҳаром бўлган аёл билан биргаликда никоҳ қилинганнинг.
Қуйидаги никоҳлар дуруст бўлмайди: ўз чўрисини никоҳига олиш, (қулнинг) ўз бекасига уйланиши, аҳли китоб бўлмаган кофир аёлга, ҳур учун тўртинчи, қул учун иккинчи аёлининг иддасида яна уйланиш, ҳур аёлнинг устига ёки унинг иддасида чўрини олиш, ҳомиласининг насаби собит бўлган ҳомиладорга уйланиш, мутъа ва муваққат никоҳлар.
Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади.
«Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир.
Мисол учун, бир эркак аёл кишига гувоҳлар ҳузурида: «Мен сени никоҳимга олдим», деса, мана шу сўраши «ийжоб» бўлади.  
Аёл унга: «Рози бўлдим», деб жавоб берса, мана шу жавоби «қабул» бўлади.
Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Ийжоб ва қабулда келин ва куёв томонидан ишлатилган иборалар абадийликни ва ўтган замонни ёки буйруқ ва ўтган замонни ифода қилиши шарт. Агар ийжоб ва қабулда келин ва куёв томонидан ишлатилган иборалар сўров ёки келаси замонни ифода қилса, никоҳ боғланмайди.    
Вақтинчаликни ифода қилса, яъни вақтини тайин қилиб, «Фалон ойга, фалон йилга никоҳландик», дейилса бўлмайди. Шунинг учун ҳам муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.
Уларнинг лафзи «Завважту» – «Ўзимни сенга никоҳладим» ва «Тазавважту» – «Никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «Заввижнии» – «Мени никоҳла», деганда «Никоҳладим», дейиш каби буйруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади.
Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф қабул қилганини изҳор этса ҳам бўлади.
Икки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам, барибир.
Араб тилини билмайдиган одамлар ийжоб ва қабул лафзларини ўз тилларида ифода қилишлари мумкин.
(Форс тилидаги) «дол»дан кейин мимсиз «дод» ва «Фазируфт» ва «Фазируфти» (яъни топширди, қабул қилди), дейиш билан никоҳ боғланади. Бу «Сотдим» – «Олдим» каби.  Гувоҳлар олдида «Биз эр-хотинмиз», дейишлари билан нокоҳ боғланмайди.
Никоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади.
Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръони Каримда келгани учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Аммо «мулк», «ҳиба», «садақа» каби ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатувчи сўзлар турли сабабларга кўра ишлатилиб қолса ҳам никоҳ дуруст бўлаверади.
Одатда «никоҳ» ва «уйланиш» лафзлари ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.
Ақд пайтида мулк қилиб беришни англатмайдиган «ижара», «ҳузурланиш», «гаров» каби сўзлар билан ақди никоҳ собит бўлмаслигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
Икковлари бир-бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб, биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир.
Келин-куёв бир-бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитишлари шарт, чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.
Шунингдек, келин-куёвнинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитишлари шарт.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه و سلم ، قَالَ: لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар».
Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.
Валий Ҳанафий мазҳабида никоҳнинг шарт ва рукнларидан бири бўлмаса ҳам, бошқа мазҳаблар уни никоҳнинг рукнларидан бири деганлар.
Одатда, ота ёки унинг ўрнига қолган шахс валий бўлади. Валийлар тартиби – ота йўқ бўлса, бобо, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука, она бир ака-ука, амаки бўлиб кетаверади.
Ҳанафий мазҳабига кўра, одам танлашни билмайдиган, алданиб қоладиган киши ҳам валий бўлмайди.
Валий никоҳда ўзининг ўрнига вакил тайин қилиши жоиздир.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан бири – икки адолатли шоҳидсиз никоҳ бўлмаслигидир.
Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл – никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эр-хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан, никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эркак, ҳанафий мазҳабида икки эркак бўлмаса, бир эркак, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.
Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:
1. Ақл.
Мажнун киши гувоҳ ҳисобланмайди.
2. Балоғатга етганлик.
Ёш бола гувоҳ ҳисобланмайди.
3. Ҳур.
Қул гувоҳ бўлмаган.
4. Мусулмонлик.
Ғайримусулмон киши гувоҳ бўлмайди.
5. Икки гувоҳ ҳам никоҳланувчи икки томоннинг гапларини эшитишлари керак.
6. Гувоҳ адолатли – дини мукаммал бўлса, яхши бўлади. Бундай одам топилмаса, адолати суриштирилмаган, ёлғончилиги, фосиқлиги маълум бўлмаган киши ҳам бўлаверади. Ҳанафий мазҳабида бу масала бошқа мазҳабларга қараганда бир оз кенгроқ олинган.
Никоҳ икки фосиқнинг ҳузурида ҳам тўғри бўлади. Лекин уларнинг гувоҳлиги асари даъво пайтида ўтмайди.
Фосиқ – шариатга хилоф иш қиладиган одам. Бошқа мазҳабларда фосиқнинг гувоҳлиги ўтмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида юқорида зикр қилинган шарт ила унинг никоҳдаги гувоҳлиги қабул қилинган.
Никоҳ икки тарафнинг икки ўғли ёки бир тарафнинг икки ўғли ҳузурида тўғри бўлади.
Мисол учун, ажрашиб кетган эр-хотин ўзларининг икки ўғли гувоҳлигида ёки бирларининг икки ўғли ҳузурида қайта ярашсалар ҳам тўғри бўлаверади.
Уларнинг гувоҳлиги ўзининг яқини фойдасига қабул қилинмайди.
Мисол учун, эрнинг икки ўғли гувоҳлигида никоҳ қилинди. Кейин эр-хотин орасида низо чиқиб, қозига мурожаат қилинди. Икки ўғилнинг гувоҳлиги отанинг фойдасига қабул қилинмайди. Аммо эрнинг худди ўша ўғилларининг гувоҳлиги хотиннинг фойдасига қабул қилинади. Чунки улар билан хотиннинг орасида қаробат – яқин қариндошлик йўқ.
Никоҳ икки зиммийнинг гувоҳлигида тўғри бўлади ва уларнинг гувоҳлиги мусулмоннинг зиддига ўтмайди.
Зиммий – Ислом давлати соясида яшаётган ғайридин шахсдир. Агар мусулмон одам зиммий аёлга уйланаётган бўлса, икки зиммий эркакнинг гувоҳлигида қилинган никоҳ тўғри бўлади. Аммо кейинчалик мазкур эр-хотиннинг орасида низо чиқиб, ишлари маҳкамада кўрилаётганда зиммийларнинг мусулмоннинг зиддига берган гувоҳлиги қабул қилинмайди.
Агар вакил қилувчининг ўзи ҳозир бўлса, вакил гувоҳ бўла олади. Шунингдек, балоғатга етган, бошқа одам унга валий қилинган қиз ҳозир бўлса, унинг валийси гувоҳ бўла олади.
Аммо вакил қилувчи ва валий қилувчи ҳозир бўлмаса, вакил ҳам, валий ҳам гувоҳ бўла олмайди. Чунки бу ҳолатда уларнинг ҳар бири ақди никоҳнинг бир тарафи бўлади. Никоҳдан ўтувчининг ўзи ақд пайтида ҳозир бўлса, унинг ўзи ақднинг бевосита эгаси бўлади. Бу ҳолда вакилнинг ҳам, валийнинг ҳам гувоҳ бўлишларига имкон туғилади.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat