Ассалому алайкум! Намоз ўқиётганимда фарзандим ёнимда жойнамоз устида юради. Шунда намозим бузиладими?
Ваалайкум ассалом! Бузилмайди. Қуйидаги амаллардан бошқа ҳеч нарса намозни бузмайди.
НАМОЗНИ БУЗУВЧИ НАРСАЛАР
Намозни қуйидаги нарсалар бузади:
1. Мутлақ калом.
Намозда қасдданми, унутибми, билмасданми, хато тариқасидами ёки мажбуранми, гапирилса, у ботил бўлади. Бу нарса икки ҳарфни ёки фаҳмласа бўладиган бир ҳарфни нутқ қилиш билан бўлади.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Намозда сўзлашаверар эдик. Киши намозда ёнидаги шеригига гапираверар эди. Ниҳоят «Аллоҳ учун тоат ила жим туринглар» ояти нозил бўлганда сукут сақлашга амр қилиндик, гапдан наҳий қилиндик».
Бешовлари ривоят қилишган.
2. Қасддан берилган салом ва унга алик олиш.
Қасддан салом бериш намозни бузишига далил:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздалик чоғларида у зотга салом берар эдик, у зот алик олар эдилар. Нажошийнинг ҳузуридан қайтгач, у зотга салом берсак, алик олмадилар. Шунда биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга салом берсак, алик олардингиз?» дедик. У зот:
«Албатта, намозда машғуллик бор», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад келтирган ривоятда:
«Албатта, бу намозда одамларнинг каломидан ҳеч нарса мумкин эмас. У фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидан иборатдир», дейилган.
Ноқасддан бировга салом бериш намозни бузмайди, чунки салом хитобни ўз ичига олган зикрдир. Бас, у қасддан бўлганда одамларга хитоблиги эътиборга олинади ва намоз бузилади. Ноқасддан бўлган ҳолатда эса зикрлиги эътиборга олинади ва намоз бузилмайди. Саломнинг зикрлиги ташаҳҳудда ўқилишидир.
Аммо алик олганда қасддан бўлса ҳам, ноқасддан бўлса ҳам, намоз бузилади. Чунки аликнинг лафзи намознинг зикрида йўқ.
3. Инграш ва шунга ўхшаш овозли нарсалар.
Оҳ уриш ва уф тортишга ўхшаш нарсалар ҳам икки ҳарфдан иборат бўлса, намозни бузади. Бу нарсалар беморлик, дунё иши учун бўлса, намоз бузилади. Аммо охират учун бўлса, бузилмайди. Бемор ўзини тутиб тура олмаса ҳам бузилмайди.
4. Охират ишидан бошқа сабаб ила овозли йиғи.
Агар намоз ичида охират учун овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Бунинг далили қуйидагича:
Муторриф отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Мусибат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади.
5. Узрсиз томоқ қириш.
Мажбур бўлиб ёки овозини яхшилаб олиш учун томоқ қирган кишининг намози бузилмайди. Аммо узрсиз икки ҳарф миқдорида овоз чиқариб томоқ қириш намозни бузади.
6. Акса урганга соғлик тилаш.
Намозхон акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга соғлик тилаш намозни бузиши ҳақида ҳадис ҳам келган.
7. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.
Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «Алҳамдулиллааҳ», деса, намози бузилади.
8. Имомидан бошқага луқма бериш.
Намозхон ўз имомидан бошқа кимсага, чунончи, қироатда адашиб қолган одамга луқма берса, намози бузилади. Чунки имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, намоздан ташқаридаги киши қироат қилаётган имомга луқма берса ва имом луқмани қабул қилса, барчанинг намози бузилади.
Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади. Саҳиҳ гап бузилмайди.
Имомга луқма бериш жоизлигига далил:
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб, илтибосга (шубҳага) тушиб қолдилар. Ўқиб бўлганларидан кейин Убайга:
«Биз билан намоз ўқидингми?» деб сўрадилар.
«Ҳа», деди.
«Нима сени ман қилди?» дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳиббоннинг лафзида:
«Сени менга луқма беришдан нима ман қилди?» дедилар», дейилган.
9. Мусҳафга қараб қироат қилиш.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки бу иш кўп амалга қўшилади.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди, чунки намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун макруҳ бўлади.
Мактубга назар солиб, ундаги маънони англаса, намози бузилмайди.
10. Нажасга сажда қилиш.
Чунки сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади.
Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам намоз бузилади.
11. Одамлардан сўраладиган нарсани сўраб дуо қилиш.
Намозхон қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорича ўтирмасдан олдин «Аллоҳим! Менга минг динор бергин! Аллоҳим! Менга фалончини хизматчи қилиб бергин!» каби дуоларни қилса, намози бузилади. Ташаҳҳуддан кейин мазкурларга ўхшаш дуо қилган одам ўша нарса ила намоздан чиқади ва намози бузилмайди.
12. Ейиш, ичиш.
Чунки бу икки иш кўп амалга киради. Бунда қасддан еб-ичдими ёки унутибми – фарқи йўқ. Тишининг орасига кириб қолган таомни еса, таом нўхатдан кичик бўлса, намози бузилмайди, агар нўхат билан тенг ёки катта бўлса, бузилади.
13. Кўп амал қилиш: икки қўлга муҳтож бўладиган ёки намозхон кўп ҳисоблайдиган, ёхуд назар солувчи «Буни қилаётган одам намоз ўқимаяпти», деб гумон қиладиган иш кўп амалдир.
Намознинг амалларидан бўлмаган ва намозни тузатиш учун бўлмаган кўп амал намозни бузади. Одатда икки қўл билан қилинадиган салла ўраш, кўйлак кийиш, изор, шалвор кийиш, камон отиш каби амалларни бир қўл билан қилинса ҳам намоз бузилади.
«Мухтасар»нинг муаллифи бу ердан бошқа жойларда, шунингдек, бошқа уламоларимиз «намозни бузувчи» деб айтган бошқа амаллар ҳам бор.
14. Қибладан юз ўгириш.
Бу узрсиз равишда гавдасининг қибладан бурилиши билан содир бўлади. Аммо таҳорат қилиб келиш учун бурилса, зарари йўқ. Намозда фақат юзни у ён-бу ёнга буриш ҳаром бўлса-да, намозни бузмайди.
15. Авратни қасддан очиш.
Агар шамол ва шунга ўхшаш нарсалар сабабли аврат очилса, уч тасбеҳ айтилгунча вақтда ёпиб олса, зарари йўқ. Аврат ундан кўп вақт давомида очиқ ҳолда қолса, намози бузилади.
16. Катта ёки кичик бетаҳоратлик содир бўлса, намоз бузилади.
17. Баданда, кийимда ва маконда афв қилиб бўлмайдиган даражада кўп нажосат пайдо бўлса, намоз ботил бўлади.
18. Намозхон ўзи эшитадиган даражада кулса, намози бузилади, таҳорати кетмайди. Агар ёнидагилар ҳам эшитадиган даражада кулса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилади. Овоз чиқармай табассум қилса, намоз ҳам, таҳорат ҳам бузилмайди.
19. Таяммум ила намоз ўқиётган одам охирги қаъдага ўтиришидан олдин сувни кўриб, уни ишлатишга қодир бўлса, намози бузилади.
20. Икки махсига тортилган масҳнинг муддати чиқиши намозни бузади.
21. Махсини ечиш.
22. Якка ўзи намоз ўқиётган уммий одамнинг бир оят ўрганиб олиши. Ўша оятни ўқиб намозни адо этиши лозим бўлиб қолгани учун.
23. Имо билан намоз ўқиётган одамнинг рукуъ ва саждага қодир бўлиб қолиши.
24. Яланғоч намоз ўқиётган одамга авратини ёпадиган кийим топилиб қолиши.
25. Яра тузалгани учун унинг устидаги боғич тушиб кетиши.
26. Ҳушидан кетиш.
27. Жинни бўлиш.
28. Назар солиш ила жунублик етиши.
29. Таҳрима ва адоси бир бўлган намозда аёл кишининг эркак киши билан баробар – бир сафда туриб қолиши.
30. Муқтадийнинг имомидан олдинга ўтиб кетиши ва бошқалар намозни бузувчи амаллардир.("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам.