Ассалому алайкум! Бу саволни бир кишининг илтимосига кўра юбораяпман. Бир аёл 5 йил аввал эри билан суд орқали ажрашган, аммо эри “талоқ” демаган экан. Орадан йиллар ўтиб бошқа эркак билан никоҳдан ўтган, лекин бирга яшамаган. Яъни эри-хотинлик муносабатлари бўлмаган. 5 йил ўтиб олдинги эри келиб: “Сени талоқ қилганим йўқ” деб яна яшай бошлаган. Аёл ҳозир ҳомиладор. Бу аёлнинг қайси никоҳи шаръий?
Ва алайкум ассалом! Юқорида айтиб ўтилган сўзлар жуда ҳам мужмал. Суд орқали ажрашаётган вақтда эр тарафидан “мен бу аёл билан яшамайман, яшамасликка розиман, қарорим қатъий” каби сўзлар айтилади. Агар эр ҳақиқатда аёли билан қайта яшамаслик мақсадида бу гапларни айтган бўлса, талоқ ҳукмида бўлади. Бу “киноий талоқ” дейилади. Талоқ тушиши учун фақат “талоқ” сўзини айтиш шарт эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, талоққа далолат қиладиган бошқа сўзлар билан ҳам талоқ тушади. Кейинги никоҳи билан никоҳдан ўтади-ю, бирор марта бўлса ҳам эр-хотинлик муносабатлари бўлмайдими? Никоҳ ва талоқ масалаларида мутахассис бўлган бирор илмли одамга мурожаат қилинглар. Бундай масалалар икки тарафнинг гувоҳлигида ва жонли мажлисда ҳал бўлади. Валлоҳу аълам!