- Ва алайкум ассалом! Олдирувчилар қанчалик гуноҳкор бўлишса олувчилар ҳам тенма тенг гуноҳкор бўлишади. Аллоҳ таоло “Таквир” сурасида марҳмат қилади:
وَإِذَا الْمَوْؤُودَةُ سُئِلَتْ بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ
8. Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса…
9. «Қайси гуноҳ учун ўлдирилган?»
Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳшиёна урф-одатлари бор эди. Жумладан, уларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Ҳаттоки катта бўлса, урушларда қатнаша олмайди, қайтага, асир тушиб, бизга шармандалик келтиради, деб, қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Ушбу икки оятда мушрикларнинг бу иши қаттиқ қораланмоқда ва қиёмат куни бу ҳақда савол-жавоб бўлиши таъкидланмоқда.
Табиийки, қиёмат куни фақат мазкур нарса ҳақидагина савол-жавоб бўлмайди. Балки заррача, мисқолча амал ҳақида ҳам савол-жавоб бўлади. Аммо нима учун айнан қиз болани тириклай кўмиб юбориш иши ҳақида алоҳида таъкидланмоқда. Бу, аввало, ушбу ояти карималар нозил бўлаётган давр талаби шу эканининг далолатидир. Ушбу оятлар Исломнинг дастлабки даврида нозил бўлган. Ўша вақтда нозил бўлаётган оятлар калимаи тавҳидга, соф иймон ва эътиқодга чақириб, ширк, куфр ва бузуқ эътиқодлардан қайтариш билан бирга, мўминлик фазилатларига даъват қилиб, кофирлик разолатларидан қайтарар эди. Ўша пайт жоҳилиятининг кўзга кўринган разолатларидан бири эса аёл жинсини паст санаш, одам ўрнида кўрмаслик ва ўша тасаввурнинг самараси ўлароқ, қизларни тириклай кўмиб юбориш одати эди.
Энг муҳими эса бу оят Ислом дини дунёда биринчи бўлиб аёл жинсини улуғлаш борасида ёлғиз ўзи кураш бошлаганининг аломатидир. Ҳа, ўша даврда аёлларнинг инсонлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Исломдан бошқа томон йўқ эди. Ана шундай бир пайтда Ислом аёл жинси ҳам тўлақонли одам сифатида, Аллоҳ таоло мукаррам этган инсон сифатида ҳаққини олиши учун ўз курашини бошлади. Ўша пайтда нозил бўлган ояти карималар аёл ҳақидаги Исломий таълимотларни баён қилиш билан бирга, аёл жинсини ерга урувчи жоҳилий урф-одатлар ва қонун-қоидаларни қаттиқ қоралар эди. Ана ўша нарсалардан энг кўзга кўрингани қизларни тириклайин кўмиб юбориб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб, ғурур билан гердайиб юриш эди. Ўша вақтда яшаган одамларнинг гувоҳлик беришларича, қиз бола тўрт-беш ёшларга етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига: «Қизимизни ясантириб бер, ўйнатиб келай», – дер эди. Бечора она «ўйнатиб келиш» нима эканини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. У юрак-бағри тилка-пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота номли махлуқ бўлса қизни овлоқроқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб, ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда, қизни ўшанга тушиб, ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан бирга шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Инсон номига доғ бўлган бу иш жоҳилиятнинг қинғир тарозисида «юқори даража» деб тортиларди. Бу ишга ҳеч ким қарши чиқа олмас эди. Ўша ноинсоний одатга биринчи бўлиб Ислом қарши чиқди.
Мана, «Таквир» сурасининг аввалидан бошлаб, қиёмат қўрқинчларини васф қилиб, ҳаммани унинг даҳшатидан қўрқитиб олиб, «Ана шундай кунда одамларга нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлганда, биринчи бўлиб тириклайин кўмиб ташланган қизларнинг қайси гуноҳлари учун кўмилганлари сабаби уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.
Дарҳақиқат, жажжи қизчалар қайси гуноҳлари учун бунчалик шафқатсизлик билан ўлдирилар эди? У маъсум гўдакларнинг нима гуноҳлари бор эди? Ҳали улар гуноҳ қиладиган ёшга етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта – қиз бўлиб туғилганлари эди. Мазкура ҳимоясиз қизларга Қуръони Карим ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳаққларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар қиёмат куни энг аввал шундан сўралишлари асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!