Ассалому алайкум! Бизни институтда терроризм ҳақида домламиз гапираётган эди. Мен уларга диний тероризм келишини Қурони каримда Аллоҳ огоҳлантирган дедим ва “Мунофиқун” сурасининг 4-оятини айтиб бердим, яъни «Қачон Сиз уларга боқсангиз, уларнинг жисмлари куринишлари, кийган кийимлари Сизни хайратга солур, сузлаганларида эса сузларига охангдор, фасохатли булгани учун берилиб кулок солурсиз. Лекин уларнинг диллари иймон ва яхшиликдан холи булгани учун улар гуе деворга йулаб куйилган чирик егочларга ухшайдилар. Улар юраксизликлари сабабли хар бир кичкирик-овозни устларига тушаётган бирон бало-офат деб гумон киладилар. Улар душмандирлар! Бас, улардан эхтиет булинг! Уларни Оллохни лаънатлагай! Кандай адашмокдалар-а”.
Кейин ўзимга-ўзим “билмасдан ҳукм чиқариб қўйдими” дуб ўйладим. Саволим, шу оят диний терроризм пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирувчи оятми?
Ва алайкум ассалом! Муфассирликнинг ўз шартлари бўлиб, уни “Тафсири Ҳилол” китбининг кириш қисмидан ўқиб олинг. Бундан кейин Қуръонни ўзингизча тафсир қилманг. У оятнинг тафсири қуйидагича وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ وَإِن يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ كَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُّسَنَّدَةٌ يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ 4. Ва қачон уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан. Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни ўз зиддиларига ҳисобларлар. Улар душмандирлар, улардан ҳазир бўл! Аллоҳ уларни лаънатласин! Қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?! Бу оятда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи сифатлари ва тасарруфларини мўминлар улардан эҳтиёт бўлишлари учун баён қилмоқда. «Ва қачон уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан». Чунки мунофиқларнинг ичида чиройли юзли, келишган қоматли, сўзга уста кишилар бор. Бундай қараганда, келишган, туппа-тузук одамлар, гаплари ҳам кишиларни ром қиладиган. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги раҳбари Абдуллоҳ ибн Убай қоматли, чиройли ва сўзамол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Набий алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтирар эдилар. Саҳобалар уларнинг қоматларига ҳавас билан боқишар, гапларига қулоқ солар эдилар. Лекин барибир қалблари иймондан, яхшиликдан холи бўлгани учун, Аллоҳ таоло уларни деворга суяб қўйилган ходага ўхшатмоқда. «Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар». Мунофиқларнинг сифатларидан яна бири: «Ҳар қичқириқни ўз зиддиларига ҳисобларлар». Яъни улар доимо қўрқинчда бўладилар, ҳар бир баланд овозни ўзларига қарши деб ўйлайдилар. Икки киши орасида кечаётган ҳар қандай суҳбатдан ҳам, улар менга қарши гаплашяпти, деб ҳадиксирайверадилар. Мазкур хусусиятларга эга бўлган кишилар тўлиқ душманлар бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда: «Улар душмандирлар…» – демоқда. Яъни ҳақиқий душманлар ўша мунофиқлардир. Чунки душманнинг энг ёмони юзингга кулиб қараб туриб, қўйнида сенга отиш учун тош сақлаганидир. Демак, уларнинг ташқи кўринишига ишониб қолмаслик керак. Аллоҳ: «…улардан ҳазир бўл!» – деб огоҳлантиряпти. Оят уларнинг зиддига дуо билан якунланади. Биз «Аллоҳ уларни лаънатласин», деб таржима қилган жумла араб тилида «Қооталаҳумуллоҳ» дейилади ва тафсирчиларимиз бу лафзни «Аллоҳ уларни лаънатласин, Ўз раҳматидан узоқ қилсин», деб тафсир қиладилар. «Қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?!» Шунча нарсани кўриб-билиб туриб, қандай қилиб ҳақдан ботилга қараб ўгирилиб кетдилар?! Зикр этилган бу сифатларга эга бўлган кишилардан яхшилик умид қилиш қийин, уларнинг мусулмон бўлишини орзу қилмаса ҳам бўлади.(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!