Ассалому алайкум! Аллоҳга берилган ахдида турмаса гунохкор бўладими? Аллоҳга берилган ахд бузилса нима бўлиши тушунтириб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳга берган ваъдасини бузса гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасида марҳамат қилади:
وَأَوْفُواْ بِعَهْدِ اللّهِ إِذَا عَاهَدتُّمْ وَلاَ تَنقُضُواْ الأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلاً إِنَّ اللّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ وَلاَ تَكُونُواْ كَالَّتِي نَقَضَتْ غَزْلَهَا مِن بَعْدِ قُوَّةٍ أَنكَاثًا تَتَّخِذُونَ أَيْمَانَكُمْ دَخَلاً بَيْنَكُمْ أَن تَكُونَ أُمَّةٌ هِيَ أَرْبَى مِنْ أُمَّةٍ إِنَّمَا يَبْلُوكُمُ اللّهُ بِهِ وَلَيُبَيِّنَنَّ لَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَا كُنتُمْ فِيهِ تَخْتَلِفُونَ
91. Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг. Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур.
92. Тўқигани қувватли бўлганидан сўнг уни тарқатиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун, қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг. Албатта, Аллоҳ бу билан сизни синамоқда, холос. Албатта, У қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берур.
Ояти каримадаги “Аллоҳнинг аҳди” бирикмаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган байъатни ўз ичига олади. У, Аллоҳ буюрган ҳар бир яхши амални қилиш учун берилган аҳдни ифода этади. Бу ҳақида ўтган суралардаги худди шу маънода келган оятлар тафсирида муфассал сўз юритилган эди. Аҳдга вафо қилиш айрим шахслар, турли жамоалар, давлатлар ва ниҳоят, инсоният билан жамият орасидаги ўзаро ишончни ушлаб туради. Бу орқали улар ўзаро бирлашиб туради. Агар, Худо кўрсатмасин, аҳдга вафо қилиш йўқолса, ишонч кетади. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бунга алоҳида аҳамият бериб:
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг”, дейилади.
Демак, аҳдга вафо қилишлик мусулмон инсон учун жуда ҳам муҳим иш. Ҳар қандай аҳд унинг учун Аллоҳ таолога берилган аҳдга айланиб қолади. Шунинг учун мусулмон инсон Аллоҳга берган аҳдига қандоқ аҳамият ила қараса, бандага берган аҳдига ҳам шундоқ аҳамият ила қарамоғи лозим.
“Қасамларни таъкид қилинганидан сўнг бузманг”.
Сиз аҳдлашаётиб, уни таъкидлаш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичгансиз, сиз қасамхўр бўлиб қолманг. Сиз аҳдлашаётиб, қасам ичиш ила:
“Батаҳқиқ, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз-а!”
Ҳа, ўша байъатга, аҳдномага, ўзингиз тузган ҳужжатга таъкид бўлиши учун Аллоҳнинг номини қўшиш ила ўзингизга Аллоҳни кафил, шоҳид – гувоҳ қилиб олгансиз-а! Сиз қасам ичиб, аҳдлашиб қўйиб, яна билганимни қилавераман, ким билиб ўтирибди, деб ўйламанг.
“Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур”.
Ҳамда ўша билими асосида жазоингизни берур. Аҳдга вафо қилиш жуда муҳим масала бўлганидан, уни кишиларга янада чуқурроқ тушунтириш мақсадида келаси ояти каримада зарбулмасал ҳам келтирилади:
Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун, қасамларингизни орангизга алдов воситаси килиб олманг. Албатта, бу билан сизни Аллоҳ синамокда, холос. Албатта, у қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берур.
Ушбу ояти каримада аввал аҳдлашиб, сўнгра аҳдини бузган одамлар ип билан бир нарсани мустаҳкам тўқиб бўлиб, кейин сўкиб-тарқатиб юборган эсипаст хотинга ўхшатилмоқда. Дейлик, бир хотин куч-қувват, вақт ва ҳунар сарфлаб бир нарсани тўқийди. Оддий ипдан ўзига ҳам, бошқага ҳам фойда келтирадиган нарсани чиройли қилиб битиради. Аммо ундан ўзи ҳам, ўзгалар ҳам фойда олмасдан туриб, дарҳол сўкиб тарқатиб юборади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилиб, сўнгра уни бузган ёки аҳднома тузиб, унга амал қилмаган, қасам ичиб туриб, қасамидан тонган одамлар ҳам худди ўша ақли паст хотинга ўхшайдилар. Улар яхши ният билан байъат қиладилар, аҳднома тузиб, уни таъкидлаш, қувватли қилиш мақсадида Аллоҳнинг номи ила қасам ҳам ичадилар. Шу билан ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам фойдали, савобли улуғ ишга қўл урадилар. Аммо, бир оз ўтмасдан, аҳдларини бузадилар. Уларнинг фойдали иши пароканда бўлиб, аҳд тузилишидан олдинги ҳолга қайтади. Аҳдни бузувчи одамнинг бу иши худди ўзи тўқиган нарсани ўзи тарқатиб юборган тентак аёлнинг ишига ўхшайди. Аҳдни бузиш, асосан, ўз манфаатларини кўзлаб, кўпроқ кучли томонга ялтоқланиш мақсадида бўлгани учун, оятда:
«Тўқигани кучли бўлгандан сўнг уни сўкиб юборган хотинга ўхшаб, бир уммат бошқа умматдан зиёдроқ бўлгани учун, қасамларингизни орангизга алдов воситаси қилиб олманг», дейилмоқда.
Аҳдига бевафо, субутсиз шахслар бир нарсага қасам ичиб қўйиб, кейин қасамхўр бўлиб кетаверади. Касамини одамларни алдаш воситаси қилиб олади. Аслида, у одам субутсиз бўлгани учун ҳеч ким унинг гапига ишонмай қўйган бўлади. У алдовига одамларни ишонтириш мақсадида қасам ичади. Аммо қасамхўр, сўзини аҳду паймон, қувватланган муқаддас ваъда эмас, балки кишиларни алдаш воситаси, деб билади. Бугун биров билан бир нарсани аҳдлашган бўлса, эртасига кучлироқ бошқасини кўриб қолса, кечаги аҳдини бузиб, кучли билан аҳднома тузаверади. Ўша вақтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган баъзи кишилар мусулмонлар оз, кофирлар кўп ва кучли бўлгани учун ҳам байъатларини бузган эканлар. Аллоҳ таоло шундай субутсизликдан қайтармоқда. Аҳду паймон масаласида эътиқодга қаралмайди. Яъни турли эътиқоддаги одамларга ҳам вафо қилиниши лозим. Келаси жумлада бундай ҳолат синов учун бўлиши айтилмоқда:
«Албатта, бу билан сизни Аллоҳ синамоқда, холос».
Яъни Аллоҳ ким аҳдида туриши-тура олмаслигини синаш учун бир умматни бошқасидан куч-қувват ва сону молда зиёда қилиб қўйди.
“Албатта, У қиёмат куни нима ҳақида ихтилоф қилганингизни баён қилиб берур».
Аллоҳ таоло кимнинг ваъдасига вафоли, қасамига содиқ, аҳдида мустаҳкамлигини ҳам, кимнинг бевафо, қасамхўр, алдоқчи эканини ҳам, шунингдек, яна бошқа турли ихтилофли масалаларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб беради. (“Тафсири ҳилол китобидан”). Валлоҳу аълам!