Ассалому алайкум! Фақат бир дона оят замсура қилиш жоизми?
Ва алайкум ассалом! Бир сура ёки уч оятни зам қилиш. «Зам қилиш» дегани «ортидан қўшиш» деган маънони билдиради. Бу ибора намозда Фотиҳа сураси қироатининг ортидан яна бир сура ёки баъзи оятларни ўқишга ишлатилади. Бу намоздаги вожиб амаллардан биридир. Зам сура қилиш вожиблигига далил: عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رضي الله عنه قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صلي الله عليه وسلم يَقْرَأُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الْأُولَيَيْنِ مِنْ صَلَاةِ الظُّهْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ، وَسُورَتَيْنِ، يُطَوِّلُ فِي الْأُولَى وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ، وَيُسْمِعُ الْآيَةَ أَحْيَانًا، وَفِي الْعَصْرِ مِثْلَ ذَلِكَ، وَكَانَ يُطَوِّلُ فِي الرَّكْعَةِ الْأُولَى مِنْ صَلَاةِ الصُّبْحِ وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозининг биринчи икки ракъатида «Фотиҳатул Китоб» ва икки сурани ўқир эдилар: биринчи ракъатни узун қилиб, иккинчисини қисқа қилар эдилар. Гоҳида оятни эшиттириб қўярдилар. Аср намозида ҳам шундай қилар эдилар. Бомдод намозининг биринчи ракъатини узун, иккинчисини қисқа ўқир эдилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رضي الله عنه قَالَ: أُمِرْنَا أَنْ نَقْرَأَ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَمَا تَيَسَّرَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Фотиҳани ва муяссар бўлганичани қироат қилишга амр қилинган эдик». Имом Абу Довуд ривоят қилган. وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه: أَنَّ النَّبِيَّ صلي الله عليه وسلم أَمَرَهُ أَنْ يَخْرُجَ فَيُنَادِيَ: لَا صَلَاةَ إلَّا بِقِرَاءَةِ فَاتِحَةِ الْكِتَابِ فَمَا زَادَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга (одамлар олдига) чиқишни ҳамда «Китобнинг «Фотиҳа»си ва яна зиёда қироат бўлмаса, намоз йўқ!» деб жар чақиришни амр қилдилар». Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!