Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлари ва ходимлар, ота-онаси учун фидя тўлаш мумкинми? Рамазон ойининг яримларини тутиб, қолганига ярамай қолса, ўша қолган кунлари учун фидя бериладими? Фидяни камбағалларга бериладими ёки масжидга?
Ва алайкум ассалом! Сизнинг ёзганингиздан ота-онангиз рўза тутишга қодир. Тутолмай қолган кунларини қишнинг қисқа кунларида кетма-кет бўлмаса ҳам тутиб беришлари вожиб бўлади. Агар унга ҳам қодир бўлмасалар фидясини берилади. Фидяни фақат камбағалларга берилади. Фидя масжидга бериш ила адо бўлмайди. عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، ﮋوَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍﮊ قَالَ: كَانَتْ رُخْصَةً لِلشَّيْخِ الْكَبِيرِ، وَالْمَرْأَةِ الْكَبِيرَةِ، وَهُمَا يُطِيقَانِ الصِّيَامَ أَنْ يُفْطِرَا وَيُطْعِمَا مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا، وَالْحُبْلَى، وَالْمُرْضِعُ إِذَا خَافَتَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَلَفْظُهُ: قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: لَيْسَتْ بِمَنْسُوخَةٍ، هُوَ الشَّيْخُ الْكَبِيرُ، وَالْمَرْأَةُ الْكَبِيرَةُ، لَا يَسْتَطِيعَانِ أَنْ يَصُومَا، فَيُطْعِمَانِ مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутадилар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берадилар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар агар қўрқсалар, оғизларини очадилар». Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган. Бухорийнинг лафзида: «Ибн Аббос: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар», деди», дейилган. Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган. Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар. Мазкур оятга кўра, ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари жоиз. Баъзи кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли, рўза тутсалар қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар бўлади. Фақат рўзанинг ўрнига фидя берадилар. «Фидя»нинг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариат ҳукмига кўра, маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш «фидя бериш» дейилади. Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, ўша рўза тута олмаган кишилар ибодатни адо эта олмаганлари учун уларнинг афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ёш болаларининг соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!