Ассалому алайкум! Жавобингиз учун олдиндан рахмат. Барчамизга маълумки, 2-3 ойларда уйга қайтадиган, ҳозирда эса сафарда юрган юртдошларимиз жуда хам кўп. Улар сафарда рўза тутишлари шартми? Уйга қайтиб келгандан кейин тутиб берса ҳам бўладими? Ташаккур.
Ва алайкум ассалом! Бир киши бир жойда энг ками 15 кун туришни ният қилса, у муқимга айланади ва зиммасига рўза тутиш фарз бўлади. Улар урфда мусофир бўлсалар ҳам, шаръан мусофир ҳисобланмайдилар. Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар шундай иссиқ ва машаққатли кунларда ҳам сиз айтган ҳолатларда шариатга маҳкам амал қилганлар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида Қуръони каримда : «Аллоҳ улардан рози бўлди...» Яъни Аллоҳ таоло уларнинг бу дунёда қилган иймон-эътиқод ва тоат-ибодатларидан рози бўлди. «...улар ҳам Ундан рози бўлдилар». Яъни мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар. «Бу Роббидан қўрққанлар учундир». Аллоҳ таоло барчамизни Роббидан қўрққанлардан қилсин. Омийн!(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!