Ассалому алайкум! Ҳурматли устоз, аёллар тилло тақинчоқларини ҳаммасини, яъни тақиб фойдаланаётганларини ҳам қўшиб закот чиқарадиларми? Тиллодан закот пулини чиқаришда, бозордаги тайёр буюм ҳолатидаги тиллони нархидан келиб чиқиб ҳисоблаш керакми? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Савол: Тилло, кумуш тақинчоқларнинг ишлатилаётганидан закот бериладими ёки ҳожати аслиясидан ташқарисидан бериладими? Жавоб: Тақинчоқлар хоҳ ҳожати асли бўлсин, яъни тақиб юрган бўлсин, хоҳ ҳожати аслиядан ташқари сақлаб қўйган бўлсин, улардан закот берилади. وَاللَّازِمُ فِي مَضْرُوبِ كُلٍّ مِنْهُمَا وَمَعْمُولِهِ وَلَوْ تِبْرًا أَوْ حُلِيًّا مُطْلَقًا مُبَاحَ الِاسْتِعْمَالِ أَوْ لَا وَلَوْ لِلتَّجَمُّلِ وَالنَّفَقَةِ ؛ لِأَنَّهُمَا خُلِقَا أَثْمَانًا فَيُزَكِّيهِمَا كَيْفَ كَانَا “Иккаласидан ҳар бирининг зарб қилинганида, истеъмолдагисида хоҳ у ишлов берилмаган бўлсин, хоҳ истеъмоли мубоҳ ёки мубоҳ бўлмаган тақинчоқ бўлсин, хоҳ зийнат учун бўлсин, хоҳ нафақа учун бўлсин закот чиқариш лозим. Чунки, иккиси нарсаларнинг баҳоси қилиб яратилган. Бас, у иккиси қандай бўлмасин улардан закот берилади” (Дуррул муҳтор). Савол: Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот чиқарилаётган пайтда вазн эътиборга олинадими ёки қийматими? Жавоб: Тилло ва кумуш тақинчоқлардан закот чиқаришда жинс эътиборга олинади, яъни агар тилло тақинчоқлардан тилло, кумуш тақинчоқлардан кумуш закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг вазнига қараб закот чиқаради. Агар тилло ва кумуш тақинчоқларнинг закотини уларнинг жинсига хилоф бўлган нарсалар, яъни қоғоз пуллар билан закот чиқармоқчи бўлса, тақинчоқларнинг бозордаги қиймати эътиборга олинади. وَأَجْمَعُوا أَنَّهُ لَوْ أَدَّى مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ اُعْتُبِرَتْ الْقِيمَةُ “Тилло ва кумушнинг закотини уларнинг жинсини хилофи бўлган нарса билан адо қилса, уларнинг қиймати эътиборга олинади деб, ижмо қилганлар” (Раддул муҳтор). Тилло ва кумуш тақинчоқлар борасидаги асл масала шудир. Лекин, диёримиздаги урфда заргарлар тақинчоқ сотиб олаётган пайтда тақинчоқларнинг ясалишига эътибор бермай, вазнига эътибор берадилар, яъни тақинчоқлардаги тиллонинг вазни қанча бўлса, ўша вазн учун пул тўлайдилар. Ясалган ҳолатдаги қийматини эътиборга олмайдилар. Агар заргарлар одамларга тақинчоқ сотсалар, тиллонинг вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотадилар. Шунинг учун заргарлар қўлларидаги бор тақинчоқларнинг тиллосининг вазнидан эмас, балки тақинчоқларнинг қийматидан закот чиқарадилар. Тилло тақинчоқ тижорати билан шуғулланмайдиган истеъмолчилар эса, тақинчоқларнинг вазнидан закот чиқарадилар (Имдодул фатаво). Агар тақинчоқларни истеъмол қилувчилар ҳам тақинчоқларини сотишда уларнинг вазнига қараб эмас, ясалган ҳолатига қараб сотадиган бўлсалар тақинчоқлардан закот бераётган пайтда уларнинг қийматидан закот чиқарадилар. وَلَوْ كَانَ لَهُ إبْرِيقُ فِضَّةٍ وَزْنُهُ مِائَتَانِ وَقِيمَتُهُ لِصِيَاغَتِهِ ثَلَثَمِائَةٍ إنْ أَدَّى مِنْ الْعَيْنِ يُؤَدِّي رُبُعَ عُشْرِهِ ، وَهُوَ خَمْسَةٌ قِيمَتُهَا سَبْعَةٌ وَنِصْفٌ وَإِنْ أَدَّى خَمْسَةً قِيمَتُهَا خَمْسَةٌ جَازَ ، وَلَوْ أَدَّى مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ يُعْتَبَرُ الْقِيمَةُ بِالْإِجْمَاعِ كَذَا فِي التَّبْيِينِ “Бир кишининг вазни икки юз кумуш дирҳам(595 гм. кумуш)га тенг кумушдан ясалган кўзаси бўлса ва унинг қиймати уч юз кумуш танга бўлса, агар закотини кумушда бермоқчи бўлса, қирқдан бири, яъни қиймати етти ярим бўлган беш дирҳам (кумуш кўзанинг вазни икки юз дирҳамга тенг қиймати эса, уч юз дирҳамга тенг. Икки юз дирҳамнинг қирқдан бири беш дирҳамдир. Кўзанинг қиймати бўлган уч юз дирҳамнинг қирқдан бири етти яримдир) беради. Агар қиймати беш дирҳам бўлган беш дирҳам берса ҳам жоиз. Агар (кумуш кўзанинг закотини кумушдан) бошқа жинсда бермоқчи бўлса ижмоан (бозордаги кўзанинг уч юз дирҳамлик) қиймат эътиборга олинади (ва уч юзнинг қирқдан бири закот сифатида берилади). “Табйинда” шундай дейилган” (Раддул муҳтор). Аёллларнинг тақинчоқлари 85 грамм тиллога етса, тақинчоқларнинг бозордаги сотилиш нархи қанча бўлса, ўша нархнинг қирқдан бирини закотга ажратилади (Апке масаил унка ҳал). الْمَالُ الَّذِي تَجِبُ فِيهِ الزَّكَاةُ أَدَّى زَكَاتَهُ مِنْ خِلَافِ جِنْسِهِ أَدَّى قَدْرَ قِيمَةِ الْوَاجِبِ إجْمَاعًا “Закот вожиб бўлган молнинг жинсининг хилофидан закот берса, вожиб бўлган миқдорнинг қийматини адо қилади” (Фатвои ҳиндия). Савол: Тилло, кумушдан бошқа қимматбаҳо тошлардан ҳам закот чиқариладими? Жавоб: Бундай тошлар тижорат мақсадида бўлмаса, улардан закот берилмайди. Тилло тақинчоқларга қўйилган бундай тошларни вазнини чиқариб ташлаб, соф қолган тилло ёки кумуш вазнидан закот берилади. لَا زَكَاةَ فِيمَا سِوَى الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ مِنْ الْجَوَاهِرِ كَالْيَاقُوتِ وَالْفَيْرُوزَجِ وَاللُّؤْلُؤِ وَالْمَرْجَانِ وَالزُّمُرُّدِ وَالزَّبَرْجَدِ وَالْحَدِيدِ وَالصُّفْرِ وَسَائِرِ النُّحَاسِ وَالزُّجَاجِ, وَإِنْ حَسُنَتْ صُنْعُهَا وَكَثُرَتْ قِيمَتُهَا , وَلا زَكَاةَ أَيْضًا فِي الْمِسْكِ وَالْعَنْبَرِ “Тилло ва кумушдан бошқа ёқут, фирузаж, гавҳар, маржон, зумрад, забаржад, темир, мис, қўрғошин, шиша каби қимматбаҳо тошлардан закот берилмайди. Гарчи, чиройли тарзда ясалган ва нархи қиммат бўлсада. Мушки анбар кабиларда ҳам закот йўқдир” (Фатавои ислом савол жавоб). Шунга мувофиқ 1-закотнинг вожиб бўлиши учун тақинчоқнинг вазнини ўлчаш керак. агар 85граммга етса, нисоб эгаси бўлади. Тиллонинг ўзидан( яъни тилло бермоқчи бўлса) бермоқчи бўлса, бор тиллосининг қирқдан бирини беради. агар қийматидан пул бермоқчи бўлса, заргарга олиб бориб, нархлатади ва қийматининг қирқдан бирини закотга чиқаради. Валлоҳу аълам!