Ассалому алайкум! Бир дўстимнинг пули закот нисобига етмайди. Аммо уни танишлари ва қариндошларини унга анча мунча пул қарзи бор. 1 йилдан ошиқ вақтдан бери қарздорлар. Ўша қарздорларни пулини қўшганда закот нисобидан ошиб ҳам кетади. Саволим ўша пулларни қўшиб закот нисобини чиқариш керакми? Аммо у пулларни қарздорлар қачон қайтариши номаълум, қандайдир сабаблар билан қайтармай қолиши ҳам мумкиндир. Қайтариш қайтармаслиги номаълум бўлса ҳам закот бериладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Бировга қарз берган киши берган қарзидан закот чиқарадими? Жавоб: Қарз берган одам берган қарзидан буткул умидини узган бўлса, ундан закот чиқармайди. Мабодо, кейинчалик умидини узган қарзи қайтиб келса, қўлига теккан йили учун закот чиқаради. Агар умидини узмаган бўлса, ундан закот чиқаради. Лекин, қўлига теккунича закотни кечиктириши мумкин. Қўлига теккач ўтган йиллари учун ҳам закот чиқаради. أَوْ عَلَى جَاحِدٍ عَلَيْهِ بَيِّنَةٌ وَعَنْ مُحَمَّدٍ لَا زَكَاةَ، وَهُوَ الصَّحِيحُ “Қарз олган киши инкор қилса, қарз берувчида ҳужжат бўлса, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздиларида бундай молдан закот вожиб бўлмайди. Шуниси саҳиҳ” (Роддул муҳтор). ومال الرحمتي الى هذا وقال بل في زماننا يقر المديون بالدين وبملائته ولا يقدر الدائن على تخليصه منه فهوا بمنزلة العدم وبه أفتى حكيم الأمة في امداد الفتوى “Раҳматий бун(закот бермаслик)га моил бўлиб: “Замонамизда қарздор қарзига иқрор бўлади, маблағига ҳам, маблағи борлигига ҳам. Лекин, ҳақдор ундан қарзини ундириб олишга қодир бўлмайди. Бас, у “йўқ мол”нинг ҳукмидадир. Ҳакиймул умма Ашраф Али Таҳонавий “Имдодул фатаво” асарларида шундай фатво берганлар” (Фатвои Усмоний). Валлоҳу аълам!