Ассалому алайкум. Барчага янги тонг муборак бўлсин. Бомдод намозини вақтидан салгина олдин ўқиса бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Намозни вақти кирмасидан олдин ўқилмайди. Мабодо ўқилса вақти кирганида қайтадан ўқиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
فَإِذَا قَضَيْتُمُ الصَّلاَةَ فَاذْكُرُواْ اللّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِكُمْ فَإِذَا اطْمَأْنَنتُمْ فَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
103. Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг. Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир. Ҳар вақтда ҳам, ҳар намоздан кейин ҳам Аллоҳни зикр этишга тарғиб қилинади. Аммо бу ояти каримада бу иш айниқса, хавф намозидан кейин зарур экани таъкидланмоқда. «Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг». Ўтирганда ҳам, турганда ҳам, ёнбошлаганда ҳам, яъни ҳамма ҳолатларда Аллоҳ таолони зикр қилиб, Ундан душман билан бўладиган жангда ғалаба – нусрат сўралади. Уруш тугаб, хавф-хатар кетиб: «Хотиржам бўлганингизда намозни тўлиқ адо этинг». Чунки хавф намозини ўқишга ҳожат қолмади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!