Ассалому алайкум! Ҳурматли Зикр ахлидан сўранг хайъати! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин! Сўрамоқчи бўлганим аслида таклиф.
Мана саволлар.ислом.уз сайти бугун тўлиқ бир ажойиб илм манбаига айланди. Исталган саволга жавоб топса бўлади. Шу жумладан ирим, бидъат, хурофотлар ҳақида ҳам. Биз томонларда ирим, бидъат, хурофотларнинг камайиши жуда суст ахволда. Ким мушкуликушод қилган, ким йигит пирларидан мадад сўраган, ким фалон бобо рухига атаб мол сўйган. Кекса отахон онахонларимиздан дуо сўраганимизда кўпинча “Хазрат Довуд қўлласин, йигит пирлари мададкор бўлсин” ва шунга ўхшаш дуоларни олганингиздан сўнг хафсалангиз пир бўлади. Харом йилда қурбонлик қилиш мумкинмас эмиш. Сешанба куни уйимизда ҳам кир ювилмаслигини яқинда билиб қолдим. «Қора мушукку йўлни кесиб ўтмай қўйган бўлса керак» … Улар турмушни қийинлаштиришмоқда, адашмоқдалар холос!
Таклиф қилмоқчи бўлганим саволлар.ислом.уз манбаси асосида ирим, бидъат, хурофотлар хақида алоҳида китоб чоп этилса. Албатта “Зикр ахлидан сўранг 1,2,3,4,5” китоблари бор. У кенг қамровли саволларга жавоб… Хилол нашр томонидан чоп қилинаётган кўпгина асарларда бу мавзу ёритилган. Аммо рахматли устозимизнинг “Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати” китобига ўхшаш алохида бир мавзуга бағишланган китоб бўлса, унча мунча адабиётларни ўқимайдиган халқ учун айни муддао бўлармиди.
Таклифимизда бидъат хурофотларга алоҳида тўхталинса, аслида нима эканлиги ёритилса, илм савияси ўртача ахолининг хаётида учрайдиган ирим сиримларни мисоллар тариқасида кўрсатиб берилса мақсадга мувофиқ бўларди. Уйлаймизки бу жамиятимизни ирим бидъат хурофотлардан тозалашда катта сабаб бўларди деган умиддамиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳаниф дини бўлмиш Ислода собит қадам айласин ва унга амал қилишимизда бидъату хурофотлардан йироқ бўлишимиз мададкор бўлсин! Фикр ва мулоҳазаларингиз учун ташаккур, Аллоҳ ажрини берсин! Аллоҳ муяссар айласа, албатта инобатга олиб, режалар қаторига киритиб, амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Валлоҳу аълам!