Ассалому алайкум! Мeн кўп йилдан буён савдо билан шуғулланаман. Охирги пайтларда ишга яъни дўконимга борганимда нeгадир ўзимда ланжлик сeзадиган бўлиб қолганман. Ишга қизиқишим ҳам сўниб бораётгандeк, гўё бундан бир нeча ой аввал дўконимга бир мижоз кeлдида “дўконингизда сeҳр бор, бир қайтарма қилиб ўқитиворинг” дeганди. Яқинда ҳам бошқа бир мижоз шунга ўхшаган гап айтди. Кeйин яна бир киши. Хуллас ўйланиб қолдим. Илтимос тўғри йўл кўрсатинглар. Шариатимизда бунинг ҳукми қандай?
Ва алайкум ассалом! Бекорларни айтишибди. عَنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ، وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ، بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ، وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ، وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ. وَفِي رِوَايَةٍ: بَدَلَ «وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ» «وَبَنَى لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бозорга кирганда «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ҳайюн лаа ямуту, биядиҳил хойри ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ унга миллионта ҳасана ёзади ва ундан милион ёмонликни ўчиради ҳамда уни миллион даражага кўтаради», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Уни миллион даражага кўтаради» ўрнига «унга жаннатдан бир уй қуради», дейилган. Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳга энг мағзуб юртлар бозорлардир», деганлар. Бозорларнинг Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлар бўлиши одатда, уларда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш содир бўлиб туришидандир. Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол-пок бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш, савдо-сотиқдаги қаллобликлар қаттиқ қораланади. Ушбу ҳадисда бозорларнинг Аллоҳ энг ёмон кўрган жой экани айтилиши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлгани учун эмас, унда ҳаром-хариш, ношаръий иш кўп бўлгани учун шундай васфга эга бўлгандир. Шунинг учун мусулмон одам бозорда доимо эҳтиёт бўлиши керак. Бозорга киришда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб кириш, юришда ҳам паноҳ сўраб юриш лозим. Хусусан, ушбу ривоятда келган дуони ўқиб юриш керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!