Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жамоат намози

20:26 / 18.08.2016 | Ali_al-Qori | 1225

Ассалому алайкум! Толиби илм, илм талабида жидду-жаҳд қилиб барча бўш вақтларини илмга сарфлаш учун жамоат намозига бормаса жоизми? Натижаси кўпчиликка манфаат eтказиш учун. Масжиддан уйи икки киломeтр узоқда. Азонни эшитмайди. Бeш вақт намозга тақрибан уч соатча вақт кeтади. Жавоб учун олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Эркак кишиларга масжиддаги жамоатга ҳозир бўлиши суннати муаккада ҳисобланади. Баъзилар буни вожиб ҳам деганлар. Жамоатга қатнашмаслик мунофиқликнинг аломатларидандир. Уй қанчалик узоқ бўлса, ажри ҳам шунча кўп бўлади.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَدَ نَاسًا فِي بَعْضِ الصَّلَوَاتِ فَقَالَ: لَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ رَجُلًا يُصَلِّي بِالنَّاسِ، ثُمَّ أُخَالِفَ إِلَى رِجَالٍ يَتَخَلَّفُونَ عَنْهَا، فَآمُرَ بِهِمْ فَيُحَرِّقُوا عَلَيْهِمْ بِحُزَمِ الْحَطَبِ بُيُوتَهُمْ، وَلَوْ عَلِمَ أَحَدُهُمْ أَنَّهُ يَجِدُ عَظْمًا سَمِينًا لَشَهِدَهَا يَعْنِي الْعِشَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.وَفي رِوَايَةٍ: إِنَّ أَثْقَلَ صَلَاةٍ عَلَى الْمُنَافِقِينَ صَلَاةُ الْعِشَاءِ وَصَلَاةُ الْفَجْرِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا، وَلَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ بِالصَّلَاةِ فَتُقَامَ، ثُمَّ آمُرَ رَجُلًا فَيُصَلِّيَ بِالنَّاسِ ثُمَّ أَنْطَلِقَ مَعِي بِرِجَالٍ مَعَهُمْ حُزَمٌ مِنْ حَطَبٍ إِلَى قَوْمٍ لَا يَشْهَدُونَ الصَّلَاةَ فَأُحَرِّقَ عَلَيْهِمْ بُيُوتَهُمْ بِالنَّارِ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи намозларда бир қанча одамларнинг йўқ бўлганини билиб: «Батаҳқиқ, мен бир кишини одамларга намозга ўтиб беришини, намозга келмай, орқада қолаётганларга ўзим бориб, уларнинг уйларига ўтин боғламларини қалаб туриб, устиларидан ёқиб юборишларини амр қилишга қасд қилдим. Агар бирлари семиз гўштли суяк топсалар, унга ҳозир бўлар эдилар», дедилар. Яъни, Хуфтонга, демоқчилар.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятда: «Мунофиқларга энг оғир намоз Хуфтон ва Бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин боғламларини кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, устиларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим», деганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан жамоат намозига бормаслик қанчалар ёмон эканлиги кўриниб турибди. Акс ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундайларни уйига қамаб туриб, устидан ўт қўйиб юборишга қасд қилмас эдилар. Хуфтон ва Бомдод жамоатларига ҳозир бўлмаганлар бир ўринда мунофиқ деб аталиши ҳам жамоат намозининг шариатимиздаги аҳамиятини кўрсатади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», дейишлари ҳам қаттиқ гапдир. Буни Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиганларга бериладиган савобни билганларида ёхуд бу икки намоз жамоатини тарк этганларнинг гуноҳи ва унинг оқибати нима бўлишини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар, деб тушунмоқ лозим. 

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَا مِنْ ثَلَاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلَا بَدْوٍ لَا تُقَامُ فِيهِمُ الصَّلَاةُ إِلَّا قَدِ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ، فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ، فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ 

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қишлоқдами, саҳродами, уч киши бўлса-ю, улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта, шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут. Айрилганни бўри ер», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.
Шарҳ: Демак, қаерда учта ва ундан кўп мусулмон одам тўпланса, ўша ерда жамоат намози ўқилиши керак. Ҳатто икки киши бўлса ҳам, намозларни жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Жамоат намози ўқимаганларга шайтон эга чиқиб, уларни ўз қулларига айлантириб олади. Жамоат намозига қўшилмаган одам мусулмонларнинг жамоатидан айрилади. Жамоатдан айрилиш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Қўрадаги қўйлардан ажраган қўй бўрига ем бўлади, жамоатдан ажраган одам эса шайтонга қул бўлади. Бу ҳикмат доимо юзага чиқиб келган. Мусулмонлар ичидаги обрў-эътибор уларнинг жамоат намозига қатнашишларига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хонасалот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрўсиз кишилар ҳисобланганлар. Мусулмонлар қаерда бўлмасинлар, икки-уч киши бўлсалар ҳам, ҳамиша жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар. Ўзлари қандай ҳолатда яшамасинлар, биринчи галда жамоат намози ўқиш учун масжид қуришни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билганлар. Ушбу сатрлар муаллифи Гана давлатига қилган сафарида ўрмонларда эски ҳолда яшаб келаётган қабилалар билан учрашганида ўша васанийлар (бутпарастлар) бир кичик хоначани кўрсатишди. У ердаги пўстак ва тасбеҳ ўша жойнинг масжид эканлигидан дарак берар эди. Ерлик аҳоли авваллари бу ерда бир неча мусулмон яшаганлиги, кейинчалик кўчиб кетганликлари ҳақида сўзладилар. Ўша кичик масжид бепоён ўрмондаги энг кўркам бино эди. Ўша икки-уч нафар мусулмон ўзлари яшашлари учун уй қурмаган бўлсалар ҳам, намоз ўқийдиган масжид қурган эдилар… Мисрнинг бепоён чўллари... Катта тезликда         бораётган автомашина ойнасидан аҳён-аҳёнда тўкилиб тушган кичик уйларнинг харобалари кўринади. Уларнинг ўртасида эса кичик, аммо бутун масжид кўринди. Саҳровий мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, уч-тўрт киши бўлсалар ҳам жамоат намози ўқиш учун масжид қурган эканлар. Аксинча, баъзи жойларда шаҳар-қишлоқлар оралаб бир неча кун юрсанг ҳам бир дона масжид топа олмайсан. Шайтон ана ўшандоқ юртларнинг одамларига эга чиқмай, кимга эга чиқсин?! Ўшаларни залолатга кетказмай, кимни кетказсин?!

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَجُلٌ أَعْمَى فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُ لَيْسَ لِي قَائِدٌ يَقُودُنِي إِلَى الْمَسْجِدِ أَفَأُصَلِّى فِي بَيْتِي؟ فَرَخَّصَ لَهُ، فَلَمَّا وَلَّى دَعَاهُ فَقَالَ: هَلْ تَسْمَعُ النِّدَاءَ بِالصَّلَاةِ؟ فَقَالَ: نَعَمْ، قَالَ: فَأَجِبْ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кўзи ожиз одам келиб:«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг масжидга етаклаб олиб келадиган одамим йўқ, уйимда намоз ўқийверайми?» деди. У зот унга рухсат бердилар. У орқага қайтиб кетаётганида чақириб: «Намозга айтилган азонни эшитасанми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундай бўлса, жавоб бер», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги зикри келган кўзи ожиз одам Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишининг уйлари масжиддан узоқ ва уни етаклаб келадиган одами йўқ эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жамоатга келмай, уйда намоз ўқишга рухсат сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига аввал изн бериб, кейин «Намозга айтилган азонни эшитасанми?» деб сўраганлар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум «Ҳа», деб жавоб қилганларида, ундай бўлса, жамоатга кел, деб рухсатни бекор қилганлар. Уйи узоқ, кўзи ожиз, етакловчиси йўқ одамга жамоат намозидан қолишга изн бўлмаганидан кейин, бошқалар ўзлари билиб олаверсалар бўлади. Қадимги мусулмонлар бу масалада жуда ҳам ҳушёр турганлар, жамоат намозидан ҳеч қолмасликка ҳаракат қилганлар. Имом Муслим келтирган ривоятда машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Ким эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолида рўпара қилинишидан хурсанд бўлишни истаса, ана ўша намозларини азон айтилган жойда адо этсин. Аллоҳ Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳидоят суннатларини шариат қилиб берди. Албатта, ана ўшалар (жумладан, жамоат намози ҳам) ҳидоят суннатларидандир. Агар сиз мана бу кейин қолганга ўхшаб, уйингизда намоз ўқисангиз, Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетган бўласиз. Бизнинг ичимизда фақат нифоқи очиқ-ойдин бўлган мунофиқгина жамоат намозидан қолишини кўрганман. Баъзи кишиларни икки киши кўтариб келиб, сафга турғазиб қўяр эдилар». Имом Бухорий келтирган ривоятда Имом Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Кимни ота-онасидан бири унга шафқат этиб, жамоатдан ман қилса, гапига кирмасин», дейдилар. Ушбу далиллардан келиб чиқиб, Ҳанбалий мазҳаби уламолари «Жамоат намози фарзи айндир», деганлар. Моликий, Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари «Жамоат намозлари суннати муаккададир», деганлар. Улар ўз ижтиҳодларига жамоатнинг афзаллиги ҳақидаги ҳадисларни далил қиладилар ва ушбу шиддатли ҳадислар тарғиб учун айтилган, дейдилар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). 

Фуқаҳолар (микрофонсиз) мўтадил, яъни шамол тўпалон бўлмаган ҳолатда муаззин азон айтганда қанча жойга эштилса, барчасига намозни жамоатда ўқишлари вожиб бўлади. Ҳадисда, масжидга яқин бўлган кишига жамоатга ҳозир бўлиши айтилган. Бу яқинликни азонни эшитадиган масофада бўлиши билан чегаралаган. Азон эштилмайдиган даражадагиси узоқ ҳисобланади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat