Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ақийқа ҳақида

20:02 / 19.09.2016 | Abror | 5011

Ассалому алайкум! Ақийқа тўғрисида тўлиқ маълумот олмоқчиман. Сўйиладиган жонлиқ қанақа бўлиши керак? Қандай тақсимланади? Иложи бўлса кенгроқ маълумот берсангизлар. Олдиндан раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

АҚИЙҚА МАРОСИМИ

«Ақийқа» луғатда «ёрмоқ» маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига нисбатан қўлланган. Шаръий истилоҳда эса: «Ақийқа – ният ва махсус шартлар билан, Аллоҳ таолога шукр сифатида, фарзанд номидан сўйилган жонликдир». Шариат таълимотларида, таваллудининг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади. Соч бошдан ажратиб олинганлиги учун бу маросим «ақийқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади. Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилганлиги учун «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй ва ташкил этиладиган маросим тушуниладиган бўлиб қолган. Ақийқани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَقَّ عَنِ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا كَبْشًا كَبْشًا. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб, ақийқа қилдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. 
Имом Ҳасан билан укалари имом Ҳусайннинг ораларида ўн бир ой фарқ бўлган. Ушбу ҳадиси шарифдан ўғил болага албатта иккита қўй сўйиб, ақийқа қилиш шарт эмаслиги, битта қўй сўйса ҳам бўлавериши келиб чиқмоқда. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз набираларига биттадан қўчқор сўйганлари шуни кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ақийқа қилишни тавсия қилганлар.

عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَعَ الْغُلَامِ عَقِيقَةٌ، فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا وَأَمِيطُوا عَنْهُ الْأَذَى. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا 

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Fулом ақийқаси биландир. Бас, унинг учун қон оқизинг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. 
Ушбу ҳадисдаги «ғулом ақийқаси биландир» жумласи «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир. «Бас, унинг учун қон чиқаринг». Яъни «Янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг». «...ва ундаги нопокликни кетказинг». Туғилган боладаги нопоклик деганда, туғилган пайтида унга ёпишиб тушган қон, соч ва баъзи шунга ўхшаш нарсалар тушунилади.

عَنْ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: كُلُّ غُلَامٍ رَهِينَةٌ بِعَقِيقَتِهِ تُذْبَحُ عَنْهُ يَوْمَ سَابِعِهِ وَيُحْلَقُ وَيُسَمَّى. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир. Унинг учун еттинчи куни сўйилур, сочи олинур ва исм қўйилур», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар. 
Ушбу ҳадиси шарифда янги туғилган фарзандга оид бир неча нарсалар зикр қилинмоқда:
1. «Ҳар бир ғулом ақийқаси гаровидир». Демак, ҳар бир янги туғилган фарзанднинг баъзи бир ишлари унга ақийқа қилишга боғлиқ бўлиб турар экан. Агар ақийқа қилинса, ўша ишлар юзага чиқади, бўлмаса, худди гаровга олингандай, юзага чиқмай тураверади. Баъзи уламоларимиз, жумладан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ато Хуросонийлар айтишадики, гўдаклигида ўлган фарзанднинг ўз ота‑онасига шафоатчи бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир. Агар унга ақийқа қилинган бўлса, Қиёматда жаннат эркатойларидан бўлади ва: «Агар жаннатга олдин ота‑онам кирмаса, мен кирмайман», деб туриб олади. Шундай қилиб, у ўз шафоати ила ота‑онасининг жаннатга киришига сабаб бўлади. Имом Лайс, Довуд Зоҳирий ва бошқалар эса янги туғилган фарзанднинг яхши униб-ўсиб, бахтли-саодатли бўлиши унинг ақийқасига боғлиқдир, шунинг учун ақийқа қилиш вожибдир», – деганлар. Лекин жумҳури уламо: «Ақийқа қилиш суннати муаккада», – деганлар. Ҳанафийларнинг наздида ақийқа мубоҳ амал бўлиб, садақа қилгандан сўнг гўдакнинг етти кунлигида қилинади ва ўша куни сочи олиниб, садақаси қилинади. «Унинг учун еттинчи куни сўйилур». Ақийқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади. Айнан еттинчи куннинг тайин қилиниши ҳикмати тўғрисида сўз юритган уламолар: «Шунда дунёнинг кунларида бир кундан яшаб ўтган бўлади», – деганлар. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ақийқа еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи куни сўйилур», – деганлар. Агар у кунлари қилишнинг имкони бўлмаса, имкони топилганда қилинаверади. Янги, туғилган фарзандга ақийқа қилиш отанинг фарзанд олдидаги бурчидир. «...сочи олинур…» Бу иш ҳам фарзанд туғилганининг еттинчи куни амалга оширилади. Табиийки, бу сочга нифос қони теккан бўлади. Шунинг учун ҳам у боладан кетказилиши лозим бўлган нопок, озор берувчи нарсалар қаторига қўшилган. Ўша еттинчи куни олинган соч вазнида кумуш ёки унинг қиймати садақа қилиниши ҳам мазкур озордан халос бўлганлик шукронаси бўлса, ажаб эмас. «...ва исм қўйилур». Янги туғилган фарзандга исм қўйиш ҳам еттинчи куни қилинадиган ишлардан бири. Ҳар бир янги туғилган фарзандга яхши исм қўйиш ота‑онанинг фарзанд олдидаги бурчидир.

عَنْ أُمِّ كُرْزٍ الْكَعْبِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: عَنِ الْغُلَامِ شَاتَانِ مُكَافِئَتَانِ، وَعَنِ الْجَارِيَةِ شَاةٌ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ وَأَحْمَدُ 

Умму Курз ал-Каъбийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй, қиз болага бир қўй», дедилар».
Тўртовлари ва Аҳмад ривоят қилганлар. 
Албатта, бир фарзанднинг дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат, доимий такрорланиб турганлиги учун унча аҳамият берилмайди, холос. Бўлмаса, бир боланинг эсон-омон, онаси ҳам соғ-саломат қолиб, туғилиши буюк ҳодиса. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, унинг онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайр-садақа қилинса, шунча оз. Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб, дабдабага йўл қўймасликлари ёки аксинча ҳолатлар ҳам бўлмаслиги учун шариатда ақийқага нима қилиниши ва қай миқдорда бўлиши ҳам кўрсатиб қўйилган. «Ўғил болага икки бир-бирига ўхшаш қўй». Яъни янги туғилган фарзанд ўғил бола бўлса, унинг ақийқасига бир-бирига ўхшаш икки қўй сўймоқ керак бўлади. «...қиз болага бир қўй». Уламоларимиз: «Қиз болага бир қўй сўйиб, ақийқа қилиш қизнинг шаънини пастлатиш учун эмас, балки келажакда ота‑онаси унга сеп ва бўлажак оиласи учун жиҳозлар қилиб бериши ҳисобга олингани учундир», – дейдилар. Шу билан бирга, ўғил болага ҳам битта қўй сўйиш кўпроқ жорий бўлган. Аввал кўриб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳуларга биттадан қўй сўйганлар. Шунинг учун ўғил болага битта қўй сўйганлар бу ҳадис билан танишиб, ҳайрон бўлмасликлари керак. Баъзи олимлар: «Боланинг соғ-саломат бўлиши, синди-чиқдиларга йўлиқмаслиги ҳақида яхши ният рамзи сифатида унинг учун ақийқага сўйилган ҳайвоннинг суяги синдирилмаса, яхши бўлади», деганлар. Аммо синдирилса ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Ақийқага сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақир-мискинларга тарқатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, у гўштдан қўни-қўшни ва дояга ҳам берилса, яхши бўлади. Пишириб, одамларни чорлаб, уларга зиёфат бериш ҳам яхши. (“Бахтиёр оила” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat