Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исломнинг мадори бўлган 4 ҳадис

08:19 / 07.10.2016 | JonAli | 2312

Ассалому алайкум! Муҳаддис уламолар тўрт ҳадисни Исломнинг мадори деб тан олишган экан. Ҳаттоки, Имом Шофеъий «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  ушбу тўрт ҳадисдан бошқа ҳадис айтмасалар ҳам дунёга етар эди», деган эканлар. Шайх Ҳазратларининг (роҳимаҳуллоҳ) маърузасида ҳадисларнинг бирини эшитдим: «Инсонни Исломининг гўзаллиги ўзига бефойда бўлган нарсани тарк этишидадур». Илтимос, қолган учтасини топишда ёрдам беринг.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳадис қуйидагича: 

عَنْ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ، وَإِنَّمَا لِكُلِّ امْرِئٍ مَا نَوَى، فَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ فَهِجْرَتُهُ إِلَى اللهِ وَرَسُولِهِ، وَمَنْ كَانَتْ هِجْرَتُهُ لِدُنْيَا يُصِيبُهَا أَوِ امْرَأَةٍ يَنْكِحُهَا فَهِجْرَتُهُ إِلَى مَا هَاجَرَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан «Муқаддима»да танишиб ўтганмиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисларида ниҳоятда қисқа иборалар билан бир олам маънони баён этганлар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу ҳадиси шарифни алоҳида эътибор билан, ўрганиб чиққанлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу: «Илмнинг учдан бири шу ҳадисда», деган эканлар. Чунки, банданинг савоб касб қилиши уч нарса – дил, тил ва бадан орқали бўлади. Бу ҳадисда дил орқали бўладиган нарса тўла баён қилинган. Қолаверса, дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амал ҳисобланиб, қалб билан бўлади. Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳи эса: «Илмнинг ярми шу ҳадисда», деган эканлар. Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир.
Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис кифоя:
1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».
2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди».
3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».
4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир», ҳадисларидир», деган эканлар.

 عَنْ عَلِيِّ بْنِ حُسَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ مِنْ حُسْنِ إِسْلَامِ الْمَرْءِ تَرْكَهُ مَا لَا يَعْنِيهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ

Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Исломнинг мадори бўлган тўрт ҳадиснинг биридир. Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир.
Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис кифоя қилур: 
1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир» деган ҳадис.
2. «Бирортангиз токи ўзига яхши кўрган нарсани ўз биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди» деган ҳадис.
3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидир» деган ҳадис.
4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир» деган ҳадис», деган эканлар. Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нарсалардан четда бўлган киши фақат фойдали иш билан машғул бўлишини яхши англаб етишимиз лозим. Бинобарин, ҳар доим бефойда ишлардан ўзимизни четда тутишимиз керак бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat