Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дуо қилиш

09:05 / 21.10.2016 | HabibRahman | 4468

Ассалому алайкум!  “Робби инний лима’ анзалта илайя мин хойрин факийр” деган дуони маъноси қандай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! “Қасос” сураси : فَسَقَى لَهُمَا ثُمَّ تَوَلَّى إِلَى الظِّلِّ فَقَالَ رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنزَلْتَ إِلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ۝ 24. Бас, икковларига суғориб берди. Сўнгра сояга қайтди ва: «Роббим, албатта, менга нозил қилажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», – деди. Мусо алайҳиссалом ҳалиги икки аёлнинг ҳайвонларини суғориб бердилар. Буни ўзларининг эркаклик бурчлари деб билдилар. «Сўнгра сояга қайтди...» Демак, кун иссиқ экан. Аввал ҳам сояда ўтирган эдилар. Лекин қийналаётган икки аёлни кўриб, ғоятда чарчаган, ҳориб-толган, очиққан бўлсалар ҳам, туриб, уларга ёрдам бердилар. Қайтиб бориб, яна соядан жой олдилар. Яна ёлғиз қолдилар. Яна муҳожирлик ғурбатини ҳис этдилар. Ёлғизнинг ёри Худо, деб, яна оламларнинг Роббига илтижо қилиб: «Роббим, албатта, менга нозил қилажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман», – дедилар. Чунки у кишининг ҳеч кимлари ва ҳеч нарсалари йўқ эди. Ёлғиз ўзлари. Ёнларида ҳамроҳ ҳам, егани бир бурда нон ҳам, ётгани жой ҳам йўқ. Буларнинг бўлишидан дарак ҳам йўқ. Фақатгина Аллоҳ бор! Шунинг учун Аллоҳнинг Ўзига ёлвордилар: «Нима яхшилик туширсанг, ўшанга муҳтожман, Сендан бошқа умидим йўқ», – дедилар. Ҳамма нарсани кўриб турувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг бу ҳолларини ҳам кўрди. Ҳамма нарсани эшитиб турувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг бу илтижоларини ҳам эшитди. Барча мушкулларни осон қилувчи Аллоҳ Мусо алайҳиссаломнинг мушкулларини ҳам осон қилди. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat