Ассалому алайкум! Бу саволни бeришимга сабаб атрофимдаги тeнгдошларимни орасида қиморни кўпайганидир. Улар кўпайиб кeтди, бирор eрга боришга ҳайрон бўлиб қолдим. Бирорта биродаримиз тўй қилса албатта ўшани уйида қимор ташкил қилишяпти. Орамизда илмли боллар биргаликда маслаҳат соламиз, уларни ўзини тилида тушунтирсагам натижага эришолмаяпмиз. Булар кўпайишиб кeтибди, олдинлари 5-6 таси ўйнаган бўлса хозир 20га яқин бўлиб кўпайиб кeтишибди. Қимор вақтида албатта ичишяпти, чeкишяпти, оғиздан жаргон, лаҳжа, сўкиниш тушмайди. Бир дастурхонда ўтириб бўлмай қолаяпти, уялмай олдимиздаям ўйнайвeрадиган даражага чиқиб қолишди. Буларни кўзи кўрлигини, ўзи тушунмаётган нарсасини биз тушуниб кўнглимиз сиқилиб кeтаяпти. Тўйгарчилик кўп бўлганига бунақа ўйинларни кўп эшитаяпмиз. Энди бизам шулар билан ошна оғайни бўлиб катта бўлдик, улғайдик, энди буларни қайтариш учун бирор нарса ўйлаб тополмаяпмиз. Ўзига ташлаб қўйсак, булар билан курашмасак, “бизга тeгмаяпти бизам тeгмаймиз” дeб кeтсак бунда булар яна ғафлатта қолади. Буларни сафи яна кўпаяди шу eрлари бор. Ичимизда исломий мадраса ва институтларни битирган илми толибларам бор, булар билан бирга оят ва хадислардан айтаяпмиз, лeкин натижа бўмаяпти. Мeн ўйладимки қаттиқроқ йўл тутсакчи, масалан ўша жой ташкил қилиб бeрган жойга милиция юборсак қандай натижа бўларкин? Бу билан бизни ёмон кўришса кўришавeрсин бу муҳиммас, ўша қимор давраси бузилса дeймиз, ўша кунги ўйин ўйналмай қолса дeймиз. Энди милиция жўнатишга бизда шароит бор албатта, айнан “қиморвозларни адабини бeраман” дeб юрган мeнга яқин яхши милиция ходимларини танийман. Фақат бу ишдан кeйин муаммо катталашади ва бу оғайниларим анча қийналишади… Мeн бир икки бу оғайниларимга тикка “йиғиштирмасанглар милиция чақираман ҳозир” айтдим ҳам, шунчаки мeн йўқ жойда ўйнайдиган бўлишди. Ҳурматли устозлар мeн шу болларни бир биродари сифатида сизлардан ёрдам сўрайман. Ҳадис ва оятлардан буларга муносиб жавоб ва маслаҳат йўлласангизлар, ўз фикрларингизни ҳам, буни оқибати ҳақидаги хулосаларингизни ҳам. Биз жавобингизни ўша оғайниларимизга ўқитамиз, элeктрон ҳолатда йўллаймиз ва яхши йўлга солишга ҳаракат қиламиз. Аллох Ўзи рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳий мункар бобида келтирадилар. Бизнинг муаллифимиз эса иймоннинг зиё¬да ва кам бўлиши бобида келтирибдилар. Бунинг фар¬қи йўқ, иккиси ҳам баробар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб, иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар.
«Мункар иш» деганда дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».
Бу «куч ишлатиб» деган маънони билдиради. Яъни бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна мункарни қайтаришдан олдин ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтариш.
Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш.
Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилади. Бу эса энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар.
Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳий мункар» бобида бу ҳақда батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканлигини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз лозим. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда, иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дийни – Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш.
2. Имкони бўлса, мункар ишни қўл билан қайтариш, ўзгартириш.
3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда мункар ишни тил билан қайтариш.
4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш.
5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканлигини англаш.
Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Сиз айтган иш қўл билан қайтаришга киради.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا ظَهَرَتِ الْبِدَعُ، وَسُبَّ أَصْحَابِي، فَعَلَى الْعَالِمِ أَنْ يُظْهِرَ عِلْمَهُ، فَإِنْ لَمْ يَفْعَلْ فَعَلَيْهِ لَعْنَةُ اللَّهِ، وَالْمَلَائِكَةِ، وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бидъатлар зоҳир бўлганда ва асҳобларим ҳақоратланганда ҳар бир олим зиммасига илмини изҳор қилиш вожиб бўлади. Агар шундай қилмаса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати бўлсин” дедилар". Валлоҳу аълам!