Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар истиғфорга айнан қайси сўзларни айтиш керак?
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ زَيْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ مَوْلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنْ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيَّ الْقَيُّومَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ، غُفِرَ لَهُ وَإِنْ كَانَ فَرَّ مِنَ الزَّحْفِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: مَنْ اسْتَغْفَرَ اللهَ الْعَظِيمَ
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «астағфируллоҳаллази ла илааҳа илла ҳувал ҳайюл қайюм ва атубу илайҳи» деса, у мағфират қилинур, гарчи жангдан қочган бўлса ҳам», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
«Ким улуғ Аллоҳга истиғфор айтса» дейилган.
Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг ровийcи Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ал-Калбий, кунялари Абу Усома. Зайд жоҳилият даврида ўғирланиб, сотилади. Кейинчалик уни Хадича онамиз сотиб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларида у зотга ҳадя қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳорисани озод қилиб, ўғил қилиб оладилар ва аммаларининг қизлари – Зайнаб бинти Жаҳшга уйлантириб қўядилар. Зайд Зайнабни талоқ қилганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини чўрилари Умму Айманга уйлантириб қўядилар. Бу хотинларидан Усома ибн Зайд туғиладилар.
Зайд ибн Ҳориса Исломга аввалгилардан бўлиб кирадилар. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Хайбар жангларида иштирок этадилар. Бадр жангидаги мусулмонларнинг ғалабаси ҳақидаги хабарни Мадинага олиб келган зот шу киши эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишини ҳаммаси бўлиб, еттита сарийя (қўшин)га амир қилиб тайинлаганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида ёлғиз Зайд ибн Ҳорисанинг исмигина Қуръонда зикр қилингандир.
Бир куни Зайднинг оталари билан амакилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўғилларини сўраб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни Зайднинг ўзига ташлайдилар. Зайд эса улар билан кетишга рози бўлмайди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қолишни ихтиёр этади.
Зайд ибн Ҳориса ҳижратнинг 8-йили, Шомдаги Муъта ғазотида 55 ёшларида шаҳид бўлдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси дегани — озод қилинган қуллари маъносидадир. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу жуда машҳур саҳобий бўлсалар ҳам, фақат шу ҳадисни ривоят қилганлар, холос.
Дуонинг маъноси: «Буюк Аллоҳга, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот бўлмаган, тирик ва ўта қоим бўлган Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан».
Кўпчилик томонидан ихтиёр қилинган истиғфор сийғаси Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган саййидул истиғфордир:
«Аллоҳумма! Анта Роббии. Лаа илааҳа илла анта. Холақтании ва ана ъабдука. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри маа сонаъту. Абуъу лака биниъматика ъалайя. Ва абуъу би занбии. Фағфир лии, фаиннаҳу лаа яғфируз-зунуба иллаа анта».
Маъноси: «Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен мени халқ қилдинг. Мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Сенга гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Истиғфорнинг энг афзал сийғаларидан бири «Астағфируллоҳал азиймааллазии лаа илааҳа иллаа ҳувал-Ҳайял-Қойюма ва атубу илайҳи»дир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!