Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шайтон

20:05 / 02.11.2016 | Narmi | 2950

Ассалому алайкум! Инсонлардан бўлган шайтонлар ёки инс шайтонлар дeганда кимларни тушуниш кeрак?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Наас” сурасида марҳамат қилади : 1. Айт: «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман... 2. Одамлар Подшоҳидан... 3. Одамлар Илоҳидан. 4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг... 5. Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг... 6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)». «Наас» сураси ояти карималарининг маъноси таржималарини тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик. «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман...» Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилгандир: Холиқ, Мураббий, Мудаббир... У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб, ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Албатта, Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Робби бўлса ҳам, бу ерда одамларнинг хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат бергандир. Уларга фаришталарни сажда қилдиргандир. Бинобарин, одамлар махлуқотларнинг афзалидирлар. «Одамлар Подшоҳидан...» Яъни «Одамларнинг Подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман». Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики – Подшоҳи ва эгасидир. Аллоҳ таолонинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим. «Одамлар Илоҳидан». Яъни одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман. Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У Зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак. Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан учтасидир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди». Энди эса келаси уч оятда мазкур сифатлар ила сифатланган Аллоҳ таолонинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади. «Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг...» Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриниб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки инсон Роббини зикр қилиб турганда, шайтон қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди. Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта, шайтон бурнини одам боласининг қалбига қўювчидир. Қачон у Роббини зикр қилса, шайтон беркинади. Қачон у Роббини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», – дейилган. «Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг...» Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргашиш, Аллоҳ таолога осий бўлишни чиройли қилиб кўрсатади. «Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)». Ушбу оят шайтон одамлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турмоғи лозим. Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни – ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли. Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар». «Фалақ» ва «Наас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «муъаввизатайни» – «икки паноҳ тиловчи» деб номланадилар. Чунки икковлари ҳам «аъуузу» – «паноҳ тилайман» – сўзи ила бошланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган: Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон тоблари қочса, муъаввизатайнини ўқиб, дам солар эдилар. Ул зотнинг дардлари оғирлашганда, мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», – деганлар. Имом Муслим ва имом Термизий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъуузу бироббил фалақи», «Қул аъуузу бироббиннааси», – дедилар. Имом Абу Довуд ва имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» – дедилар ва «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннааси»ни ўргатдилар». Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим». (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat