Ассалому алайкум! Ҳурматли илм аҳли дин йўлида қилаётган ишларингиздан Аллоҳ ажрини кўпайтириб берсин. Одатда савол беришимдан олдин сўраб-суриштириб, жавобдан қониқмасам сизларга мурожаат қиламан. Излашдан хам топаолмадим ёки нотўғри қидирдим. Кундалик савол-жавобларингизни ўқиб бораман. Мен уйда йўқлигимда танишларим Султон бобо қабристони (зиёратгоҳи)да қурбонлик гўштдан ташлаб кетишибди. Мен бундай гўшт ҳаром бўлади деб ташлаб юбордим. Бу ишим тўғри бўлдимикан деб илм аҳлиларидан сўраб кўрдим. Улар сўйилган гўшт ниятга боғлиқ «Аллоҳ учун деб сўйилган бўлса, ҳалол» деди. Бошқаси эса ҳаром деди. Агар ҳақиқатдан қурбонлик зиёратгоҳда «Аллоҳ учун» деб сўйлса уни истеъмол қилса бўладими. Агар ниятдан «Аллоҳ учун» дейилса барча инсонлар зиёратгоҳда қурбонлик қилса бўлаверади деган ҳаёлга бориб, Қурбон Ҳайитини ҳам зиёратгоҳларда нишонламайдиларми? Бундай гўштларни истеъмол қилиш бўйича бирон кўрсатма ёки ҳадислар борми? Олдиндан Сизлардан узр сўраб, миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ Сизлардан рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! Агар ҳақиқатда Аллоҳ учун деб сўйилганида эди, айнан ўша жойга олиб бориб сўйишга ҳожати йўқ эди. Сиз тўғри қилгансиз. Авлиёуллоҳнинг қабрига ёки Аллоҳ таолодан ўзгага аталган назр бажарилса, назр қилинган нарса ҳаром бўлади, уни истеъмол қилиш жоиз бўлмайди. Агар назр қилинган нарса ўз ҳолатида турган бўлса, тавба қилиб, уни ортга қайтариб олиш мумкин. Агар назр қилинган нарса бирор ҳайвон бўлиб, ҳали сўйилмаган бўлса, тавба қилиб, уни ортга қайтариб олиш мумкин. Бундай ҳолатда назр қилинган жонлиқ Аллоҳнинг номи билан, яъни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар» деб сўйилса ҳам, уни ейиш ҳалол бўлмайди. Бу ҳақда Мужаддиду алфи соний Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг учинчи дафтар, 41 мактуботларида шундай ёзганлар: «Фиқҳий ривоятларда улуғларнинг номига аталган жонлиқни қабр устига олиб бориб сўйиш ширк ишлар қаторига киритилган ва бундан сақланиш лозимлиги қаттиқ таъкидланган. Ушбу жонлиқ жинларга атаб сўйилган жонлиқ ҳисобланади. Бу иш шаръан тақиқланган, ширкка оид амаллардандир» деганлар. Валлоҳу аълам!