Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар! Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Бир домладан эшитиб қолдим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларини 4 маротаба очишган экан. Мен бир маротаба ёшликларида эмикдош акалари билан ўйнаб юрганларида қалбларини очишгани тўғрисида эшитган эдим. Савол берганимда хатолик бўлса, минг бор узр. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Тўғри, айрим ривоятларга қараганда, шундай. Аммо, ривоятларни синчковлик билан ўрганиб чиққан муҳаққиқ уламолар булардан фақат иккитасининг собит бўлганини тасдиқлайдилар. Биринчиси: Шаққус садр (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўксиларини ёриб, қалбларини шайтоннинг васвасасидан тозалаш мўъжизаси) у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам 4 ёшларида, Бану Саъд қабиласида эканларида, у зотни пайғамбарликка тайёрлаш учун содир бўлган. Иккинчиси: Ҳижратдан бир йил аввал, 52 ёшларида, Меърож кечаси Исро воқеасидан олдин, Каъба ёнида, Меърожга тайёрлаш учун содир бўлган. Валлоҳу аълам!