Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртаклади

00:00 / 08.03.2007 | eski savollar | 4051

Ассаламу алайкум! Ҳазрат хабарингиз бор, ҳозирги кунда, куффар юрт вакиллари муслимлар устидан очиқчасига майнавозчиликлару, ҳақоратлар билан ғайридин вакиллари Ислом устидан кулиб келишмоқда. Буни устига, етмагандек, мазҳабимиздан чиққан яқиндагина шакилланиб Ислом илмидан ҳали етарли илмларини йиға олмасдан турли хил ихтилофларгача бораётган айрим биродарларимиз, худди ғайридин билан муомала қилаётгандек, ёки бошқа бир ҳақоратомуз сўзлар билан мазҳабларга тош отишлар давомий бўлиб келмоқда. Бундай кўргўликлар турли исломий сайтлар айниқса ҳозирги кунда радикаллашиб авж олиб бормоқда. Буни давоси нима? Ёхуд бир-биримизни туҳмат тошлари билан сийлаб, баъзи биродарларга билмаган ҳолда, Ваҳҳабитсан дейишлик, ёки у тараф ҳам бўш келмай, ўртада ихтилоф авж олиб, тасаввуф вакилларига тош отишлар, бу ҳам етмагандай янги бир динимизда ихтилоф ҳолатни келиб чиқариш ҳоллари кузатилмоқда, бу ҳам жуда ачинарли ҳол.Ҳазрат! Савол шуки, муслим биродарларни шундай бемаъни гап сўзлар билан яъни ваҳҳабит, сенлар адашгансанлар, сенларни йўлинг бошқаю бизни йўлимиз ҳақ дейишимиз, икки муслимга ярашадиган ҳолми? Ёки биродарларимизга бунчалик фирқачилик йўлларига чуқур кириб кетишимиз, не ҳол? Ҳурматли Шайх Муаҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари!Ҳозирги ихтилоф қилаётган, мазҳабдан олиб мазҳабга солаётган айрим биродарларни агар ноаниқ ҳаракатларини билиб қолсаку уларни дарров Ваҳҳабит деб аташимиз, ҳақиқатга қанчалик тўғри? Бундай дейиш ҳозирги даврдаги Ислом олами уламолари нима деб жавоб қиладилар? яна илтимосимиз шу эдики, Ҳадис ёхуд Қуръондан шу саволга доир оятни шарҳини ҳам берсангиз. Саволим ноўрин бўлса узр деб қолувчи Туркистаний.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! 

ИХТИЛОФЛАР ҲАҚИДА БАЪЗИ ОЯТЛАР

Энди хилоф ҳақида Қуръони Каримда келган баъзи оятлар билан танишиб чиқайлик:
Биринчи оят: Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва тафриқага тушманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз», дейди (103-оят).
Ушбу ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони»дан мурод Қуръони Карим, Ислом динидир.
Оловли жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг бирдан-бир чораси Қуръони Каримни маҳкам ушлаш Исломни маҳкам ушлашдир. Тафриқага тушмасликдир.Ушбу ояти карима мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Ҳар қандай бирлашиш эса, тафриқани йўқотиш билан вужудга келади. Шунинг учун ҳам ояти каримада бирлашишга амрдан кейин бевосита «ва тафриқага тушманг», деган наҳий келмоқда. Олдин бирлашишга чақириб туриб, кейин тафриқага тушишдан қайтарилмоқда. Шундан ҳам бу иш қанчалик муҳим эканини билиб олса бўлади.
Муфассирларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Хазраж қабилаларига мансуб араблар мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойларидан ўтаётиб экан. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегибди ва:
«Булар бирлашсалар, биз улар билан бирга яшай олмаймиз», деб ўйлаб, бир яҳудий болани чақириб: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буос» номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърларни ўқиб бер», деб буюрибди. («Буос» кунида Авс ва Хазраж қабилалари қаттиқ уришиб, унда Авс ғолиб чиққан экан.) Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилибди. Шунда ўтирганлар тортишиб, ихтилофга тушиб, уришиб кетишибди. «Қурол!!! Қурол!!!» деб бақиришибди. Бу можаро ҳақидаги хабар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда, У зот ҳузурларидаги муҳожир ва ансорийларни олиб, уларнинг олдиларига борадилар ва: «Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилиб, жоҳилият ишини кесгандан кейин ҳам, орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?!» дейдилар. Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтоннинг гапига кирганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғ-лаб, қучоқлаша кетадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қайтадилар. Шунда юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлади.
Демак, оятдаги хитоб аслида барча мусулмонларга қаратилган бўлса ҳам, нозил бўлаётган пайтда мадиналик Авс ва Хазраж қабилаларига қаратилган эди. Келинг, энди оятнинг давомини ўрганайлик. Унда Аллоҳ таоло:
«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди», демоқда.
Шундай, Ислом Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир. Шу илоҳий неъмат туфайли душманлар улфатга айланадилар. Бир-бирларига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳ таолонинг ипи бўлмиш Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.
«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».
Аллоҳ таолонинг Ислом неъмати бўлмаганида кишилар бир-бирлари билан холис биродар бўлишлари мумкин эмасди.
«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».
Яъни, Исломга киришингиздан олдин ихтилофда, уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукми остида, умуман, барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверсангиз, ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.
Чиндан Ислом ихтилоф қилаётганларни бирлаштириш, уришаётганларни яраштириш, душманларни дўст қилиш учун хизмат қиладиган илоҳий бир дастурдир. Илоҳий нарса бекаму кўст бўлиши ҳаммага маълум. Исломга ўзини мансуб деб даъво қилаётганлар ихтилоф қилсалар, уришсалар, бир-бирларига душманлик қилсалар, айб уларнинг ўзида бўлади.
Иккинчи оят: Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб:
«Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», деган (46-оят).
Мусулмонлар Аллоҳ таолога ва Униг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалик итоатда бўлсалар, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлаверади. Жумладан, мусулмонлар ўзаро низо ва ихтилоф қилмасликда ҳам Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоатда бўлишлари ҳам кўпгина муваффақиятларнинг омилларидандир. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилмай, ўзаро низо ва ихтилоф қилишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг давомида баён қилиб берилмоқда: «Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади».
Аллоҳ таоло рост айтади. Ислом тарихида мусулмонлар қачон мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилоф ва ички низолар туфайлигина учраганлар. Шу муносабат ила асримизнинг машҳур уламоларидан бирлари, Ғазолий раҳматуллоҳи алайҳнинг Жазоирнинг Ситиф шаҳрида бўлиб ўтган илмий анжуманда айтган гапларини эслаш билан кифояланмоқчиман. Ўшанда у киши жумладан шундай деган эдилар: «Аллоҳ таоло менга Ислом тарихини яхшилаб ўрганиш имконини берди. Бугун мен Ислом тарихини етар-лича ўргандим, дея оламан. Аллоҳга қасамки, мусулмонлар Уҳуд кунидан бошлаб ҳозирги соатгача ташқи душмандан енгилганлари йўқ. Мусулмонлар қанча мағлубиятга учраган бўлсалар, фақатгина ўзаро ихтилофлари ва ички низолари туфайлигина мағлубиятга учраганлар».
Ояти Кариманинг охирида Аллоҳ Таоло:
«Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар биландир», демоқда.
Демак, орада ихтилоф чиқмаслиги учун сабр керак. Сабрсизлик эса, мусулмонлар орасида турли ихтилофлар, уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Аллоҳ Таоло сабр қилувчилар билан бўлади. Уларни турли ёмонликлардан асрайди. Сабр қилмай, чидамсиз бўлганлар эса, ихтилоф гирдобига дучор бўладилар.
Учинчи оят: Аллоҳ таоло «Рум» сурасида мўмин-мусулмонларга қуйидаги хитобни қилади:
«...Ва мушриклардан бўлманг. Динларида тафри-қага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан бўлманг» (31-32-оятлар).
Демак, динда тафриқага тушиш мушрикларнинг иши бўлиб танилган экан. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ихтилоф чиқариш, талашиб-тортишиш ҳам мушрикларнинг иши экан. Ҳар бир ҳизб ўз олдидаги нарсадан шод бўлиб, бош-қаларни паст санаши ҳам мушрикларнинг иши экан.
Демак, ҳар бир ихтилоф қўзғовчи ва низо чиқарувчи мушрикларга оид иш қилаётган бўлар экан.
Тўртинчи оят: Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:
«Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур», деган (109-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло тафриқа ва гуруҳбозликка олиб борадиган низо ҳамда ихтилофларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан бошқа, ул ҳидоят йўлига тескари йўл ҳисобламоқда. Аллоҳ таоло бу оятда тафриқа ва гуруҳбозлик Пайғамбаримизнинг умматларига муносиб эмаслигини қаттиқ таъкидламоқда.
Бешинчи оят: Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида ҳалокатга дучор бўлган аҳли китобларни бизга ўрнак қилиб:
«...Китоб берилганлар фақат уларга илм келгандан сўнг ўзаро ҳасад қилишибгина ихтилоф қилишди», дейди (19-оят).
Демак, ихтилофнинг асосий сабаби ўзаро ҳасад қилиш экан. Нима, ҳасад ҳалокатга дучор бўлган ғайридинлардан бизга ҳам мерос бўлиб қолганми?!
Олтинчи оят: Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида сиз билан биз мусулмонларга хитоб қилиб:
«Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бў-линиб, тафриқага тушганларга ўхшаш бўлманглар! Ана ўшаларга улуғ азоб бордир», деган.
Ҳа, кўзимизни очишимиз, ўзимизни ўнглашимиз керак. Ислом динимиз орқали ўзимизга очиқ баёнотлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, тафриқага тушиб бир-биримиз ила тортишиб, уруш-жанжал қилаверсак, улуғ азобга дучор бўлиб қолмайлик, тағин.

Топ рейтинг www.uz Openstat