Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дин недир

00:00 / 09.03.2007 | eski savollar | 4036

Ассалому алайкум шайх хазратлари 1. Росулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга “Дин недир “ деб савол бериб , саҳобарнинг “Дин ки м учун насиҳатдир” деган саволига берган жавоблари ҳақидаги ҳадисни тушунтириб берсангиз. 2. Яхши ва ёмон хулқлар тўғрисида умумий маълумот берсангиз ва сайт аъзоларига яхши ва ёмон хулқлар турлари ҳақида дарс ташкил этсангизлар менимча яхши бўларди. Ҳурматли устоз ушбу хулқлар ҳақида имкони бўлса бир китоб ёзсангиз, чунки ҳозирда бундай ишончли китобни топиш бизлар учун мушкул. 3. Ёнидаги одам адашиб намозда ракаатларни зиёда ёки кам ўқиса бу хатони унга айтиш керакм ёки айтмаса ҳам бўлаверадими? Шеригим 2 ракаат суннат намозини 3 ракаат қилиб ўқиди, унга буни айтдим ва қайта ўқиш керак дедим. Бу ишим тўғрими? 4. Аср ва шом орасида , шом ва хуфтон орасида ухлашга исломда қандай фатво бор? Илтимос шу ҳақида батафсил маълумот берсангиз. 5. Намоз ўқиладиган жойда одам, ҳайвонларнинг расми бўлиши намозга зарар бермайдими? Сабаби бир китобда намозхоннинг тўртала тарафида ҳам ўшандай суратлар бўлмаслиги кераклиги таъкитланган экан.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! 1. Бу ҳадиси шариф асосида «Дин насиҳатдир» номли китоб ёзганман. Ўша китобни ўқишингизни тавсия қиламан.
2. Бу таклифингизни Аллоҳ таоло бизга анча аввал амалга оширишни насиб этган. Жумладан, Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб ал-Муфрад» китобларини овозли шарҳ қилиб чиқарганимизга анча бўлди. Шунингдек, Имом Ҳасан Марвазийнинг «Яхшилик ва силаи раҳм» китобининг овозли шарҳини ҳам чиқардик.
«Руҳий тарбия» деган уч жузли, минг беш юз бетдан ортиқ ҳажмдаги катта китоб чопга тайёрланмоқда. Бу китобнинг йигирма саккиз мавзуси Рамазонда масжидларда халқимизга тақдим этилди ва уларнинг сувратли ва овозли ёзуви тайёрланди.
Руҳий тарбия. Уч жуздан иборат.
1. Покланиш.
2. Тикланиш.
3. Хулқланиш.
«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг бир неча жузи тасаввуф ва руҳий тарбияга оид. Улардан қуйидагилари нашрга тайёр.
4. «Яхшилик ва Ахлоқ китоби».
5. «Зикр, Дуо, Истиғфор ва Тавба китоби».
6. «Зуҳд ва Рақоиқлар китоби».
7. «Одоб китоби».
8. Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб ал-Муфрад» китоблари шарҳ қилинмоқда. У ҳам беш юз бетдан уч жуз бўлиши тахмини бор. Мазкур китобни «Одоблар хазийнаси» деб номланди.
3. Тўғри. Хато қилган одамга одоб билан хатосини тузатишни ўргатиш керак.
4. Бу икки вақт ибодат вақти ҳисобланади ва ухлаш тавсия қилинмайди. Мўмин-мусулмон кишининг кун тартиби ҳақида сўз юритган машойихларимиз бу икки вақтда нама қилиш кераклиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар.Наҳорнинг олтинчи вирди:Асрдан қуёш сарғайгунча давом этади. Аср намозини ўқигандан кейин биринчи вирдда зикр қилинган тўрт қисмни зикр қилинади. Бу вақтда фаҳм ва тадаббур ила тиловати Қуръон қилган афзал ҳисобланади.Наҳорнинг еттинчи вирди:
Қуёш сарғайгандан то ботгунича вақтни ўз ичига оладиган бу вақт шарафли ҳисобланади. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ: «Наҳорнинг аввалигдан кўра кечки пайтни кўпроқ улуғлашар эди» деган. Бу вақтда тасбеҳ ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.
Шом намози ила наҳорнинг вирдлари тугайди. Банда ўз ҳолини мулоҳаза ва нафсини муҳосаба қилсин. Батаҳқиқ, унинг йўлидан бир босқич тугади. Билсинки, умр кунлардан иборатдир ва унинг бирлари тугаши ила барчаси ҳам тугайди. Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ:
«Эй одам боласи! Сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, бир қисминг ўтган бўлади», деган.
Мурид назар солсин, бугуни кечасига баробар бўлдими? Агар кунни яхшилик ила ўтказган бўлса, уни муяссар қилган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Агар бошқача бўлса, тавба қилиб йўл қўйган камчиликнинг ўрнини кечаси тўлғазишга ҳаракат қилсин. Чунки, яхшиликлар ёмонликларни ювадир. Жисмини соғ қўйган ва нуқсоннини тшлдиришга умр берган Аллоҳ таолога шукр қилсин. Ўтган азизлардан баъзилари кунни садақа билан тугатишга, имкони борича яхшилик қилишга ҳаракатда бўлар эдилар. 

КЕЧАНИНГ ВИРДЛАРИ

Кечанинг биринчи вирди:
Қуёш ботгандан Хуфтон вақтигача. Мурид Шом намозини ўқиганидан кейин Хуфтонгача бўлган вақтни ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилади.
Анас розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар», деган. (Сажда сураси. 16 – оят) қавли ҳақида «ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шом ва Хуфтон орасида намоз ўқийдиган саҳобалари ҳақида нозил бўлган» деганлари ривоят қилинган.
Кечанинг иккинчи вирди:Қизил шафақнинг ғойиб бўлганидан уйқу вақтигача. Хуфтон азони ва иқомаси орасида имкони борича нафл намоз ўқийди ва зам сурага «Сажда» ҳамда «Таборак» сураларини тиловат қилса яна ҳам яхши бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки сурасни ўқимасдан ухламас эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда «Ким ҳар кеча «Воқеъа» сурасини қироат қилса, унга камбағаллик етмас», дейилган.
5. Намозхоннинг кийими, саждагоҳи ва орқа ҳамда остидан бошқа тарафларида ҳайвон сурати бўлиши макруҳдир. Бу ҳолатларда намознинг макруҳ бўлиши суратга чўқинадиганларнинг ибодатига ўхшаб қолишидандир. Шунинг учун ҳам сурат хорланадиган жойда, намозхоннинг оёқ остида ва ўтирадиган жойида бўлса, макруҳ эмас. Намозхоннинг орқасидаги сурат ҳам зарарсиз.
Жумлада «ҳайвон сурати» дейилишидан жонсиз нарсаларнинг сурати бўлса ҳам зарар қилмаслиги чиқади.
Сурат жуда кичик бўлса ёки боши ўчирилган бўлса майли. Узоқдан қараган одам нималигини ажрат олмайдиган даражада жуда кичкина бўлган суратлар бўлса, намозга зарар қилмайди. Шунингдек, жонли нарсанинг суратида боши бўлмаса ҳам, зарари йўқ. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир.
Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб:
«Эй, Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар, Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».
Мазкур пардадаги суратлар жонли нарсаларнинг суратлар эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг сурати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша сурат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.
Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса жоиз.

Топ рейтинг www.uz Openstat