Ассалому алайкум! Савол: Бир биродар билан суҳбатлашаяпганимда,Оллоҳ ёълида қийналганлар ҳақида гап кетиб қолди.Мен Оллоҳ ёълида қийналганларга ҳавас қиламан.Чунки оҳиратда ажри катта бўлади деган эдим.Биродарим: ёъқ,ҳавас қилинмайди.Чунки баъзи саҳобалар бўлганки,деб Маккада иймонларини яшириб юрган бир саҳобани келтирди.Исмлари эсимдан чиқди.Ўшалар ҳеч бир қийинчликсиз вафот қилганлар дедилар.Яъни бошқа саҳобалар мушриклардан озор чэкишганда,ўша саҳоба иймонларини яшириб юриб,кейин Мадинага ҳижрат қилганлар деди. Шунинг учун баъзи кишиларни Оллоҳ таоло ҳеч бир қийинчиликсиз жаннатга киргизади деди. Шунга ундай ҳавас қилманг дедилар.Яъни бизни ҳам шундайлардан қилсин демоқчи бўлганлар.Савол шуки,мен ҳавас қилиб ҳато қилганманми? Тўғрисини айтсам, баъзи ҳолатларда Оллоҳ йўлида қийналганларга ҳавасим келади ва қанийди мени ҳам шундайлардан қилса эди деб қоламан.Оҳиратда ажрим катта бўлар эди деб қоламан.Бу ишим ҳатоми?
– Ва алайкум ассалом! Абдурроҳман ибн Жубайр ибн Нуфайр ўз оталаридан ривоят қилади:
«Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик. Бир киши ўтиб қолди ва:«Бу кўзлар қандай яхши кўзлар-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кўзлар бу!… Аллоҳга қасамки, бизнинг кўзларимиз ҳам шу кўзлар кўрган нарсани кўрган бўлса эди. Сен ҳозир бўлган нарсаларга биз ҳам ҳозир бўлсак эди», деди. Бундан у (Миқдод ибн Асвад) ғазабланди. Мен ажабланиб қолдим. Чунки яхши, чиройли гаплар айтилаётган эди. У ҳалиги одамга қараб: «Аллоҳ таоло кишига ғойиб қилган нарсани орзу қилиб нима қилади? Агар ўша пайтларда бўлганингда нима бўлишни ўзи билмайсан. Аллоҳга қасамки! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кўп одамлар бўлган. Лекин кўпини Аллоҳ таоло тумшиғидан тортиб жаҳаннамга туширди. Улар у кишининг даъватига ижобат қилмадилар ва тасдиқламадилар. Ундан кўра Аллоҳ азза ва жаллага Ўзини танитгани учун ва Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани тасдиқлайдиган қилиб қўйганига ҳамд айтмайсизларми?! Бошқалар туфайли балодан қутилдингиз. Аллоҳга қасамки! Ҳеч бир Пайғамбар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилган вақтларидагидек шиддатли пайтда келмаган. Дин йўқ пайт эди. Жоҳилият даври эди. Одамлар бутларга чўқинишдан афзал ибодат йўқ, деган тасаввурда эдилар. Ана шу вақтда У зот фурқон билан келиб, у билан ҳақ ва ботилнинг орасини ажратдилар. У ила ота билан бола орасини ажратдилар. Ҳатто одам отаси, боласи ака-укасини кофир ҳолда кўрарди. Аллоҳ таоло Ўзи ҳоҳлаган одамларнинг қалб қулфини иймон билан очди. У агар ҳалок бўлсалар, улар дўзахга тушишини биларди. Кўзи қувончга тўлмас эди. У ўз маҳбубини дўзахдалигини биларди. У Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй Роббимиз! Бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қорачиғимизни – кўзимизга қувонч бўладиган нарсани бергин», дегани шу эканини ҳам биларди» - деди».
Шарҳ: Демак, жуфти ҳалоли ўзига мос бўлса, иймон-исломда бўлса, тоат-ибодатли бўлса, бундай жуфти ҳалол мусулмон одамнинг кўз қувончи бўлади. Зурриётлар ҳам иймонли, ибодатли бўлса, тақволи бўлса, уларни кўриб мусулмон ота-онанинг кўзи қувнайди. Акс ҳолда, бу аҳволида дўзахга тушади, деб қайғураётган ота-она ҳеч қачон қувонмайди. Демак, бола кўзнинг қувончи бўлиши учун, иймонда, исломда бўлиши, шариатда бўлиши керак экан. Бу ривоятдаги бобга боғлик жой боланинг кўз қорачиғи эканлиги ҳақидаги ояти каримадан келтирилган иқтибосдир.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Ўзи яшаб турган вақтдан олдин ўтган вақтда бўлишни орзу қилиш яхши эмаслиги. Чунки унда ҳоли нима бўлиши номаълум.
2. Аллоҳ таолога банда У зот уни Ўзини танийдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни тасдиқлайдиганлардан қилиб қўйгани учун ҳамд айтиб туриши лозимлиги.
3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қийин ва мураккаб даврда Пайғамбар этиб юборилганлари.
4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни ботилдан ажратадиган Фурқон – фарқловчи билан келганлари.
5. Исломдан олдин мушриклар бутларга ибодат қилишдан афзал ибодат йўқ деб юрганлари.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Янги Пайғамбар бўлганларида бир оилада биров мўмин бўлса, унинг отаси, боласи, ака-укаси кофир бўлган ҳоллари бўлгани.
7. Аллоҳ таоло қалби қулфини иймонга очган кишилар ўз яқинининг дўзахга тушишини билгани учун ташвишда бўлганлари.
8. Жуфти ҳалоллар қўз қорачиғи-қувончи бўлиши.
9. Зурриётлар қўз қорачиғи-қувончи бўлиши.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида: «Аллоҳим! Менга мол-дунё берма, уни садақа қилиб юрмай. Менга бир бало бергинки, унга сабр қилиб, ажр олай» деб дуо қилди. Бас, У зот:«Субҳаналлоҳ! Тоқат қила олмайсан! Ундан кўра «Эй Роббимиз! Бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни жаҳаннам азобидан қутқаргин, десангчи», дедилар».
Одам боласи ўзига қийин бўладиган нарсани сўраб дуо қилмаслиги лозим. Ўша қийланиш савобга сабаб бўлса ҳам. Бало офатларга сабр қилган кишига ажри савоб борлиги ҳаммага маълум.