Ассалому алайкум! Шайх хазратлари, бу фикирга ойдинлик киритиб берсангиз: Аслида дин ишларида тортишиб бўлмайди лекин бир инсон бир куни менга шундай деди. Намозни ўқияпсан рўзани тутаяпсан лекин аслида рамазон рўзасини тутишни Аллоҳ нима сабабдан фарз қилганини билмайсан деди. Мен билганимни айтдим лекин у йўқ дедида. Шундай жавоб берди: Ер юзига Қуръон туширилгани ҳурматидан рўза фарз қилинган. Бу фикр қанчалар тўғри эканлигини жавобини зикр ахлидан сўраб қоламиз.
У одамнинг гапи нотўғри. Ҳозир унга ўхшаган кишилар кўпайиб кетган. Рўза тутиш Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадисда буюрганлар. Ислом уммати ижмоъ қилган.Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлгандир.
Алллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз», деган.
Ва яна: «Рамазон ойини, унда Қуръон одамлар учун ҳидоят билан, ҳидоятдан баёнотлар ва Фурқон бўлиб туширилгандир. Ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас рўзасини тутсин», деган.
Шунингдек, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида рўзанинг фарз эканини кўп такрорлаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда Жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча Шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар».
Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Ислом умммати доимо Рамазон рўзаси фарз эканига иттифоқ қилиб келган.