Ассалому алайкум! Ҳурматли Устозлар, ҳозир кўп оилаларда эшитвоман кeлин туғмаса узоғи билан икки йил яшаб фарзанд кўрмаса ажрашиб кeтвотти. Мани фикримча бу нотўғри. Ахир у ҳам бировни фарзанди, униям бахтли бўлишга ҳаққи борку. Туғмас деб чeтга чиқариб қўйиш бу нотўғри. Тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар мeн қиёмат куни умматларим кўплиги билан фахрланаман дeган гаплари бор. Динимизда туғмас аёл билан ажрашмасдан яшаш, яъни нeчи йил бўлса ҳам Аллоҳдан фарзанд сўраб яшаш маъқуламасми?
Ва алайкум ассалом! Фикрингиз тўғри эмас. Буни ҳозир аниқлашнинг осон йўллари кўпайиб кетган. Тиббий томондан мутахассисни топиб текширтириш керак. Агар айб эркакда бўлиб, аёл соғлом бўлса аёлни дунёдан бепушт бўлиб ўтганидан кўра бошқа одам билан турмуш қуриб, оилали бўлгани яхши. Агар айб аёлда бўлиб эркак соғлом бўлса, эр бир умр фарзандсиз ўтганидан кўра яна бошқа аёлга уйланиб ўзидан насл қолдириши керак. Туғмас аёл эри билан яшашни хоҳласа яшайверсин.
عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَصَبْتُ امْرَأَةً ذَاتَ جَمَالٍ وَحَسَبٍ، وَإِنَّهَا لَا تَلِدُ أَفَأَتَزَوَّجُهَا؟ قَالَ: لَا، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّانِيَةَ فَنَهَاهُ، ثُمَّ أَتَاهُ الثَّالِثَةَ، فَقَالَ: تَزَوَّجُوا الْوَدُودَ الْوَلُودَ، فَإِنِّي مُكَاثِرٌ بِكُمُ الْأُمَمَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحاَكِمُ وَصَحَّحَهُ
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди. «Йўқ», дедилар. Кейин у зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар». Абу Довуд, Насаий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўраш яхши эканлиги. 2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам, уйланмаган маъқул эканлиги. 3. Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги. Бу сифатлар унга яқин бўлган аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, кўпинча уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўладилар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!