Ассалому алайкум! Илтимос менга иккиюзламачиларнинг ҳукмлар ҳақида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَجِدُونَ النَّاسَ مَعَادِنَ خِيَارُهُمْ فِي الْجَاهِلِيَّةِ خِيَارُهُمْ فِي الْإِسْلَامِ إِذَا فَقِهُوا، وَتَجِدُونَ خَيْرَ النَّاسِ فِي هَذَا الشَّأْنِ أَشَدَّهُمْ لَهُ كَرَاهِيَةً قَبْلَ أَنْ يَقَعَ فِيْهِ، وَتَجِدُونَ شَرَّ النَّاسِ ذَا الْوَجْهَيْنِ الَّذِي يَأْتِي هَؤُلَاءِ بِوَجْهٍ وَيَأْتِي هَؤُلَاءِ بِوَجْهٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни маъданларга ўхшаш ҳолда топасиз. Уларнинг жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар (динда) фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшидирлар. Бу борада одамларнинг энг яхшиси унга воқё бўлишидан олдин уни энг ёмон кўрадиганидир. Одамларнинг энг ёмони анавиларга бир юз билан, манавиларга бир юз билан келадиган икки юзлисидир», дедилар». Икки шайх ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда инсонларнинг яхши-ёмони қандай бўлиши ҳақида баъзи маълумотлар келтирилмоқда. «Одамларни маъданларга ўхшаш ҳолда топасиз. Уларнинг жоҳилиятда яхши бўлганлари, агар (динда) фақиҳ бўлсалар, Исломда ҳам яхшидирлар». Демак, одамнинг яхшилиги фиқҳни, яъни Аллоҳ таолонинг дини – Ислом аҳкомларини яхши билишига қараб ҳам ажратилар экан. Жоҳилиятда яхши бўлган одам Исломда ҳам яхши бўлиши мумкин экан. Бунга фақат бир шарт бор экан. У ҳам бўлса, фиқҳни яхши билиш экан. «Бу борада одамларнинг энг яхшиси, унга воқё бўлишидан олдин уни энг ёмон кўрадиганидир». Ҳадиси шарифдаги «Бу борада» деган ибора «Халифа бўлиш масаласида» деган маънода келгандир. Халифа бўлиш учун қизиқиб, бу иш учун елиб-югурган одам унга нолойиқ бўлар экан. Ўша мансабга сайлангунга қадар уни энг ёмон кўрган одам ўша иш учун энг яхши номзод бўлар экан. «Одамларнинг энг ёмони анавиларга бир юз билан, манавиларга бир юз билан келадиган икки юзлисидир», дедилар». Иккиюзламачи одам энг ёмон одам ҳисобланар экан. Шунинг учун бу сифатдан узоқда бўлиш лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!