Ассалому алайкум! Устозлар, масжидда фарз намози ўқиб бўлингандан сўнг қазо намози ўқимоқчи бўлсам азон айтаманми ёки масжидда айтилган азон кифоя қиладими?
Ва алайкум ассалом! Масжидда ўқилган қазо намозларга азон ҳам, такбир ҳам айтилмайди. Аксинча одамлар кўзига худди нафл ўқиётгандек қилади. Чунки намозни қазо қилиш гуноҳ ҳисобланиб, масжидда азон такбир айтиш гуноҳни ошкор қилиш ҳисобланади. Ошкор қилиш жоиз эмас.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: كُلُّ أُمَّتِي مُعَافًى إِلَّا الْمُجَاهِرِينَ، وَإِنَّ مِنَ الْمُجَاهَرَةِ أَنْ يَعْمَلَ الرَّجُلُ بِاللَّيْلِ عَمَلًا ثُمَّ يُصْبِحُ وَقَدْ سَتَرَهُ اللهُ، فَيَقُولَ يَا فُلَانُ عَمِلْتُ الْبَارِحَةَ كَذَا وَكَذَا، وَقَدْ بَاتَ يَسْتُرُهُ رَبُّهُ وَيُصْبِحُ يَكْشِفُ سِتْرَ اللهِ عَنْهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси авф қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», дедилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Мужоҳир» жаҳр сўзидан олинган бўлиб, луғатда «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради.
Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи авф қилинмас экан. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!