Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ҲАР ХИЛ САВОЛЛАР

00:00 / 24.03.2010 | eski savollar | 7339

Ҳурматли Шайх ҳазратлари, мен анчадан буён сизга хат ёзишни ният қилган эдим, мана бугун Аллоҳ шу ниятимга етказди Алҳамдуллиллоҳ. Хат ёзишимдан мақсад эса мени ҳаётим давомида учраган саволларга сиздан жавоб олишдир. Сиз билан боғланиш учун мана шундай шароит яратиб берган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Сизга хат ёзиш мумкинлигидан яқиндагина ҳабар топдим. Ҳазратим мана шундай ҳайрли ишларга қўл урган экансиз, Аллоҳнинг ўзи сиздан рози бўлсин. Ҳазратим агар бирон ерда ножўя савол берган бўлсам олдиндан узр сўрайман. Шайх ҳазратлари интернетдан доимий фойдаланиш имкониятига эга эмасман, шунинг учун ҳамма саволларимни бирданига сизга ёзаяпман. Сизнинг қимматли вақтингизни олганим учун рози бўласиз. Бир ожизанинг саволларини назарингиздан чэтда қолдирмайсиз деган умиддаман. 

1. Ҳазратим, Алҳамдуллиллоҳ мен яқиндагина ота-онам ва бошқаларнинг қаршилигига қарамай бошимга ҳижжоб ўрадим. Ҳалигача мени ҳижобимга эътирозлар бўлиб турибди. Ўғил фарзандга ота-онасини рози қилиши фарз бўлганидек қиз фарзандга ҳам ҳудди шундай фарзми? Масалан қиз бола ота онасини боқиши, улар истаган жойда илм олиши, улар истаган ерда ишлаши, улар истаган одамга турмушга чиқиши, улар истагандек кийиниши, улар истаган жойга бориши ва ҳоказолар. Мана шунга ўхшаган ишларни қилмай ота-онасини норози қилса ота-онанинг норозилиги ўтадими?

2. Ҳазратим, фарзанд агар ота-онанинг ва қариндошларининг мункар иш қилаётганларини кўрса уларга қаршилик қилиши вожиб бўладими? Масалан она эридан бесўроқ қариндошининг фарзандини эмизаётганини кўрган фарзанд онасига насихат қилиши мумкинми?

3. Ҳазратим, мушкул кушодда ўқитилган ҳар хил нарсаларни еса бўладими? Агар уни емаслик туфайли она норози бўлсачи?

4. Ҳазратим, уйда мавлуд ўқитиб ҳар хил нарсаларни отинчага ўқитиш, шу нарсаларни ният қилиб ейиш мумкинми? Масалан косага ширин сув қилиб мавлуд ўқигандан сўнг уни ҳамма ният қилиб ичиши.

5. Ҳазратим, Аллоҳ таоло дин ишларида ҳаё сўрамайди, аёллар ҳам эҳтилом бўладиларми? Агар шундай бўлса у қандай бўлади? 

6. Ҳазратим, мен отамнинг ҳоҳишларига кўра рассомлик институтида ўқияпман. Мен жонзотларнинг суратларини чизиш мумкин эмаслигини билар эдим. Аммо институтга кирганимдан сўнг эса бу ерда асосан шу иш билан шуғулланишимизни билдим. Ўқишга киришга унчалик қизиқмаганлигим сабабли у ердаги дарсларнинг қандай ўтказилишини ҳам суриштирмабман. Сўнгги пушаймон ўзингга душман дейишадику, энди эса қаттиқ афсусланяпман. Қанчалик афсусда эканлигим фақат Аллоҳга аён. У ердан қандай қилиб кетишни ҳам билмаяпман. Ўқишни ташлашимдан Ота-онамнинг норози бўлиши ва ундан кейин мени бошимга тушиши мумкин бўладиган нарсаларни ўйлаб иккиланяпман. Ҳазратим менга насихат қилинг.

7. Ҳазратим, фотосуратга тушиш мумкин эмаслиги ҳақида эшитганман, фотосуратга олиш мумкинми?

8. Ҳурматли Шайх, мен Абу Абдуллоҳ ва Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг 1995 йилда чиқарилган Ҳадис 3, Ал-Жомиъ Ас-Сахих номли китобида бир ҳадисни ўқидим: Абу Омир (ёки Абу Молик) ал_Ашъарий ривоят қиладилар: “ Расулуллоҳ САВ бундай деб айтдилар: “Менинг умматим орасидан чинни идиш, ҳарир кийим, ҳамр (маст қилгувчи ичимлик) ва айшу ишратни ҳалол деб билгувчи қавмлар чиқади ва (бир куни ўшал) қавмлар бир тоғ этагига келиб манзил тутишади. Кечки пайт (бир одам) улар учун бир чўпон аёлни бошлаб келади, у бир зарурат билан уларнинг олдига келган бўлади. Улар (аёлни олиб қолиб) унга: “(Сен ҳозир кетавер) олдимизга эртага қайтиб келарсан!” – деб айтишади. Шунда Оллоҳ таоло уларни уйқуга кетказиб, (устиларига) тоғни қулатади ва (омон) қолганларини қиёматга қадар маймуну тўнғизларга айлантириб қўяди. Сиздан илтимос, мана шу ҳадисни тафсирлаб берсангиз. Бу ерда чинни идишларни ҳам ҳаром дейиляптими?

9. Ҳазратим, ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳожжобга нисбатан бўлаётган муносабатлардан ҳабарингиз бўлса керак. Кўпчилик ҳижжобдаги аёллар, ҳусусан ўзим ҳам баъзан калта, юбқа ва торроқ кийимлар кийишга тўгри келаяпти. Баъзилар ўзлари ҳоҳлаб кийишади баъзилар эса ўзилари ҳоҳламай киядилар. Би танишим биз ўз мамлакатимизда ҳижоблилар қандай кийинишаётган бўлса шундай кийиниб юришимиз керак оқимга қарши сузсанг атрофдагиларнинг ҳижжоблиларга бўлган салбий муносабатини кучайтирасан деди. Атроф муҳитдаги муносабатлар сабабли тақволи узун ва кенг кийимлар киймасак ҳам бўладими? Ҳамма ери ёпиқ аммо тиззадан турадиган, унчалик ҳам кенг бўлмаган кийимларни кийсак бўладими? Ҳозирда фақатгина сочлари ва бўйинларинигина рўмол билан ўраётган биз аёлларга муносабатингиз қандай? Уни ҳам ҳижжоб деса бўладими? Ота-онам кўчада ҳижжобли қизлар калта тор кийимлар кийиб, рўмолларини кўкраклари билан ўрамаётганлари учун, мен киймоқчи бўлган узун ва кенгроқ кийимларга эътироз билдиришяпти, мен ҳам шундай кийим кийишимни айтишаяпти. 

10. Ҳазратим, мен ҳам талабаман, курсдошларим ҳар хил бўлар бўлмас гапларни гапиришаётганда мени уларга насихат қилишим вожибми? 

11. Ҳазратим, мусиқа ҳаромлиги ва Пайғамбар алайҳиссалом фақат дўмбира чалиб саловатлар айтишга рухсат берганликлари ҳақида эшитгандим. Ҳозирда ҳар хил тилларда ва дўмбирадан бошқа асбобларда ҳам чалиниб мусиқа ҳолида айтилаётган саловотларни, яхшиликка даъват этувчи ва Аллоҳни улуғлаб айтилган қўшиқларни эшитса бўладими?

12. Ҳазратим, аёллар ҳайз вақтларида Пайғамбар САВ га саловот айтишлари, Қуръони Карим сураларини ёддан айтишлари, Аллоҳ ризолиги учун тасбех ўгиришиб, дуоларни ўқишлари мумкинми?

13. Ҳазратим, агар хожатхонада таҳорат олинаётган бўлса таҳорат олаётганда ўқиладиган дуоларни ҳожатхонада ҳам ўқиса бўладими? 

14. Ҳазратим, бир дастурхонда меҳмонлар таомлардан еб, маст қилгувчи ичимликларни ичиб кейин туриб кетишса, улардан қолган таомлар ва шу ҳамр ичилган дастурхонда турган лекин қўл тегилмаган таомлар ҳалолми? 

15. Ҳазратим, бир танишим мени Наврўз байрами билан табриклади, мен унга бизнинг байрамимиз эмаску десам, улар нимага унақа қотиб қогансилар-а, мусулмон давлатларда ҳам бу байрамни нишонланадику, ўзиларча енги америка очмоқчи бўласизлар. Мусулмон одам қайси давлатда яшаётган бўлса ўша давлатнинг байрамларини нишонлаши керак, инкор этиб бўлмайди деди. Бундан ҳулоса олаиган бўлсам унда 8-мартни ҳам, янги йилни ҳам нишонлашимиз керакми? Мен динимизда фақатгина 2 ҳайит рамазон ойи ва ҳар жума кунлари мусулмонлар учун байрам деб ҳисоблар эим. Умуман мусулмонлар байрамлари ҳақида айтсангиз. Ҳурматли Шайх ҳазратлари саволларим учун қимматли вақтингизни кетказганингиз учун олдиндан катта раҳмат! Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва ҳайрли ишларингизда ўзи мадад берсин, Омин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

1. Бу ишларнинг барчасида ишлар шариатга тўғри келсагина фарзанд бажариши лозим бўлади. Қиз бола ота-онасини боқиши шарт эмас. Турмушга чиқишда қизнинг ихтиёри бор. Кийиниши шариатга мувофиқ бўлиши керак. Шариатга мувофиқ бўлмаган ишларда ота-онанинг норозилиги ўтмайди. 

2. Фарзанд шариатга қарши иш қилаётган ота-онага одоб билан тушунтириши мумкин.

3. Бу каби нарсалар ниятга боғлиқ.

4. Бу каби ишлар шариатда йўқ.

5. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Ё Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, вақтики сувни кўрса» дедилар. Бас, Умму Салама: «Эй Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар». Учалалари ривоят қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм куниялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бироз тортишганлар. Баъзилари Саҳла, десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар. Умму Сулайм ўта диндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исм¬лари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.«Эҳтилом» дегани тушда жинсий яқинликни кўрмоқ, уйқуда булғанмоқ, деганидир.Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши, эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин:«Ё Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди» дедилар. Бу шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман, деганларидир. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг, деганларидир.Ҳамма мусулмон халқларда ҳам ҳаёли нарсаларни сўрашдан олдин шунга ўхшаш узр маъносидаги иборалар айтилади. Баъзи жойларда, энди «шариатда шарм йўқ», сўрайверамиз-да, дейишади ва ҳоказо.Мазкур муқаддимадан кейин Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб: «Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.Бу саволни Пайғамбаримиздан фақат Умму Сулаймгина сўраган эмас. Балки бир неча саҳобия аёллар ҳам сўраганлар. Жумладан, Хавла бинти Ҳакийм, Бусра ва Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳумолар ҳам сўраганлар ва уларнинг ҳадисларини муҳаддисларимиз ривоят қилганлар.Эҳтимол, у кишилар шу ҳолатни бошларидан кечирганлар ва динимизнинг бу борадаги ҳукмини аниқлаб олиш учун, гуноҳкор бўлмаслик учун уятни йиғиштириб, савол беришган. Аллоҳ улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий ва илмий жасоратларидан ҳосил бўлган фойдадан мусулмонлар авлоддан-авлодга фойдаланиб келмоқдалар.Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, вақтики сувни кўрса», дедилар. Яъни, хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча, тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам манийни кўрса, ғусл қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бошқа ривоятда Умму Салама юзини бекитиб олди, дейилган) ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:«Ё Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёллар эҳтилом бўлмасликлари билинади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», деб жавоб бердилар.«Қўлинг қурисин» ибораси арабчада «тарибат ядаак» дейилади. Маъноси эса қўлинг тупроққа қоришсин. Яъни, камбағал бўлгин, дегани. Лекин арабларда яхши маънода ҳам ишлатилаверади. У фақат ёмон дуо, деб тушунилмайди. Бунга ўхшаш иборалар бошқа мусулмон халқларда ҳам бор. Мисол учун, баъзи жойларда, «ҳа, шўринг қурисин-а», дейилади.Демак, боланинг ота-онасига ўхшаши бежиз эмас экан. Аёл кишида ҳам маний мавжуд экан. Фақат баъзи аёлларда жинсий алоқадан бошқа пайтда, масалан, уйқуда ҳам маний чиқар экан.

6. Иложингиз йўқ бўлса, сабр қилинг. Ихтиёр ўзингизда бўлганда, ношаръий тарафини қилмай қўяверасиз.

7. Фотосуратга тушиш ва олиш мумкин.

8. Афтидан сиз ўқиган китобдаги таржима нотўғрига ўхшайди. Мен имом Бухорийнинг китобидаги ушбу ҳадисни ҳам матнини, ҳам шарҳини қайта кўриб чиқдим. Унда чинни идиш деган гап йўқ. Балки унинг ўрнида “Ҳарр” ёки “хазз” сўзи бўлиб уни фарж, яъни, зино деган маънони англатади.

9. Сиз айтган одамлар дийндан бехабар одамларнинг гапи. Улар ўз фикрларини айтмоқдалар. Бу фикрлар ҳеч ким учун қоида бўла олмайди. Мусулмон шахс шаритаимизга мувофиқ кийиниши ва юриш-туриши керак.

10. Имкон бўлса, хатоларини тўғрилаб қўйсангиз яхши бўлади.

11. Бу ихтилофли масала. Сиз сифатлаган нарсаларни эшитса бўлади деганлар кўпчиликни ташкил этади.

12. Қуръон ўқишларига рухсат йўқ.

13. Замонавий нажосат ювилиб турадиганларида қилса бўлади.

14. Бошқа таомлар ҳалол.

15. Сизнинг фикрингиз ва гапингиз тўғри.

Топ рейтинг www.uz Openstat