Ислом динида Жума куни дам олиш куни деб ҳисобланмайди. Жума куни дам олиш кейин чиққан нарса. Ҳафта кунларининг номланишида ҳам дийннинг алоҳида кўрсатмаси йўқ. Шунинг учун, бир диндаги, аммо турли халқларда бу кунларнинг номи ҳар хил. Сиз форсча ва славянча номларни келтирибсиз, худди шу кунларнинг арабча ва туркча номлари тамоман бошқача. Ҳафтанинг улуғ куни уч динда уч хил кунда бўлишининг бизнинг динимиздаги талқини қуйидаги ҳадиси шарифларда баён қилинган; Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина жума куни қоим бўлур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган: «Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно», де¬йилган.Шарҳ: ҳадиси шарифда Ислом уммати учун ҳафтанинг энг яхши куни қилиб берилган ва жамоат бўлиб ибодат қилинадиган улуғ бир кун жуманинг қандоқ кун экани ва у кунда нималар бўлгани ҳақида сўз бормоқда.«Жума» сўзи арабча сўз бўлиб, жамлаш деган маънони англатади. Чунки бу кунда мусулмонлар жамланиб, жума намозини ўқийдилар. Аллоҳ таоло мусулмонлар учун айнан шу кунни ихтиёр қилганига бир неча сабаблар бор. Аввало:«Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир». Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифдаги нарсалар ёғдусида ўрганиб чиқайлик:1. «Унда Одам халқ қилинди».Инсониятнинг асли ҳисобланмиш Одам алай¬ҳиссаломни Аллоҳ таоло жума куни яратгандир. Бу у кун қанчалик фазилатли эканини билдиради. Айни шу ҳодисани эслаб туриш учун ҳам жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.2. «Унда у жаннатга киритилган».Аллоҳ Одам отани жаннатга киритган кун ҳам жума куни эди. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишини улуғлаб жаннатга киритилган кунларини биз зурриётлари байрам қилишимиз табиий. Шу боис ҳам, жума куни ҳафтанинг байрам куни бўлишга арзийди.3. «Унда у жаннатдан чиқарилди». Яъни, жума кунида Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилдилар. Бошқа бир ривоятда, ерга туширилди, дейилган. Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб, иқобга дучор бўлиш даражасига етган эдилар. Аллоҳ таоло эса, у кишини мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳар ҳафта байрам қилишлари лозим.4. «Қиёмат куни ҳам фақатгина жума куни қоим бўлур».Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббилари жамолига мушарраф бўлиб, жаннат неъматига етишадилар. Ана шундоқ буюк хурсандлик кунини бу дунёда нечун ҳафтанинг байрам куни қилиб олинмасин?!5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди». Яъни, жума кунида Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бадбахтлик бўлур эди. Иқобга қолинур эди. Шунинг учун ҳам, Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилиб олишлари зарур.6. «Унда у вафот қилди». Яъни, жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар. Имом ҳоким келтирган ривоятда: «Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган. Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар. Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг болалари бу кунни ҳафтада байрам куни қилганлар.7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно».Жума куни қиёмат қоим бўлиши ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Кейинги жумладан эса қиёмат жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар.Демак, инсоният тарихида шундоқ муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган ва уларни эслаш, улуғлаш, улуғ неъмат деб билиш учун ҳам бу кунни байрам қилишимиз, тўпланиб ибодат, дуо ва илтижо билан ўтказишимиз жуда ҳам зарур. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз (дунёда) охиргилармиз, қиёмат куни олдингилармиз. Фақат уларга биздан олдин китоб берилган, холос. У бизга улардан кейин берилган. Сўнгра ушбу (жума) кун Аллоҳ уларга (ибодатини) фарз қилган кундир. Бас, улар унинг ҳақида ихтилоф қилдилар. Сўнгра Аллоҳ унга бизни ҳидоят қилди. Одамлар унда бизга эргашувчидирлар. Яҳудийлар эртага, насоролар индингга», дедилар».Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.Имом Муслимнинг ривоятида: «Биз (дунёда) охиргилар, қиёмат кунида олдингилармиз. Биз жаннатга биринчи кирувчилармиз», дейилган.Шарҳ: «Биз (дунёда) охиргилармиз» деганлари бу дунёга охирги келган умматмиз, бошқа умматлар дунёга биздан олдин келганлар, деганларидир. «Қиёмат куни олдингилармиз».Яъни, қиёмат куни олдин тирилтириламиз, ҳисоб-китоб қилинамиз ва жаннатга киритиламиз.Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:1. Ислом уммати дунёдаги охирги уммат экан¬лиги. Қиёмат қоим бўлгунича бошқа уммат пайдо бўлмаслиги. Исломдан кейин чиққан барча динлар сохталиги шундан маълум бўлади.2. Қиёмат куни Ислом уммати олдинги уммат бўлиши. Бу Ислом умматининг барча умматлардан афзал эканини кўрсатади.3. Бошқа умматларга Ислом умматидан олдин китоб берилгани.4. Ислом умматига охирги китоб берилгани. Ундан кейин ҳеч кимга илоҳий китоб берилмаслиги.5. Аллоҳ таоло олдинги ўтган умматларга ҳам жума куни ибодатини фарз қилгани. Аммо улар бу илоҳий марҳаматга шукр қилиб, амрга бўйсуниш ўрнига жума куни ҳақида ихтилофга тушганлар. Уни байрам ва ибодат куни қилиб олмаганлар. Яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан уни шанба кунига алмаштиришни талаб қилганлари ва талаблари қондирилганлиги ҳақида ривоятлар бор. 6. Аллоҳ таоло ҳидояти ила Ислом умматини жума куни ибодатига йўллаб қўйганлиги.7. Ислом уммати қиёмат куни жаннатга биринчи бўлиб кириши.8. Бу борада бошқа умматлар Ислом умматига тобе эканлиги. Ислом умматининг ҳафталик байрами – ибодат куни аввал келиб, эртасига яҳудийларнинг куни – шанба, индинига насронийларнинг куни – якшанба келиши.Ушбу ривоятлардан жума куни улуғ кун эканлиги, у кунда улкан ҳодисалар бўлгани кўриниб турибди. Энг афзал куннинг ибодати ҳам афзал бўлади. Шунинг учун жума намози мусулмонлар учун фарз қилинган.