Ва алайкум ассалом!
ЗИҲОР ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Хотиннинг талоқ нисбат берса бўладиган нарсасини (аъзосини) ўз маҳрамининг қараш ҳаром бўлган бир аъзосига ўхшатиш зиҳордир. Зиҳор каффорат берилгунча аёлга яқинликни ва шунга оид ишларни ҳаром қилади. «Сен мен учун худди онамдексан», деганда эҳтиром, зиҳор ва талоқ нияти тўғри бўлади. Агар ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса, беҳуда бўлади. «Сен менга онамдек ҳаромсан», деганда зиҳор ёки талоқни ният қилган бўлса, ниятига яраша бўлади. Ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса, Абу Юсуфнинг наздида ийло, Муҳаммаднинг наздида зиҳор бўлади. Аёлларига «Ҳаммангиз менга онамнинг орти кабисиз», деганда ҳар бири учун алоҳида каффорат вожиб бўлади. Каффорат аёлга қайтиш, яъни унга жинсий яқинлик қилишга азму қарор қилиш билан вожиб бўлади. Каффорат қулни озод қилиш билан бўлади. Кўзи ожиз, икки қўли, икки оёғи, икки бош бармоғи ёки бир тарафдаги қўл-оёғи кесилган, мажнун, мудаббар, баъзи бадалини адо қилган мукотаб каби манфаати бўлмаган ёки шериклик қулнинг ярмини озод қилиб, кейин ярмини озод қилишга зомин бўлса ёки ўз қулининг яримини озод қилиб, «Қолганини аёлга яқинлик қилгандан кейин», деса бўлмайди. Агар қул озод қилишдан ожиз бўлса, Рамазондан ва рўза тутиш ман қилинган кунлардан бошқа вақтда икки ой кетма-кет рўза тутади. Агар оғзини очиб юборса, янгитдан қайта бошлайди. Шунингдек, аёлига кечаси қасддан, кундузи умуман яқинлик қилганда ҳам. Агар бундан ҳам ожиз бўлса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бирига садақаи фитр миқдорида ёки унинг қийматини беради. Агар уларга тушлик ва кечки овқат қилиб бериб, қоринларини тўйдирса, ёхуд буғдойдан бир ман, хурмо ва арпадан икки ман берса, ёки бир кишини икки ой тўйдирса жоиздир. Бир кишига бир кунда икки ойлик миқдоридаги нарсани берса бўлмайди. «Зиҳор» сўзи «зоҳр» ўзагидан олинган бўлиб, инсоннинг орқа (бел) томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига: «Сен мен учун онамнинг орқа (бел) томони кабисан», дейишига зиҳор дейилади. Бу гап «Хотиним онамдек бўлсин», тўғрироғи, «Хотиним менга онам каби ҳаром бўлсин», деган маънони англатади. «Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби зиҳорни қуйидагича таърифлайди: Хотиннинг талоқ нисбат берса бўладиган нарсасини (аъзосини) ўз маҳрамининг қараш ҳаром бўлган бир аъзосига ўхшатиш зиҳордир. Мусулмон эркак ўз хотинини ёки унинг асосий аъзоларидан бирини насаб, қудачилик ва эмикдошлик йўли билан никоҳи ўзига абадий ҳаром бўлган аёлнинг назар солиш ҳаром бўлган аъзоларидан бирига ўхшатса, зиҳор қилган бўлади. Зиҳор каффорат берилгунча аёлга яқинликни ва шунга оид ишларни ҳаром қилади. Яъни хотинидан зиҳор қилган одам каффорат бермай туриб уни ушлаши, қучоқлаши, ўпиши ва у билан жинсий яқинлик қилиши ҳаромдир. Бу ҳукмнинг далили ва шарҳи Қуръони Каримда баён қилинган. Аллоҳ таоло Мужодала сурасида шундай деб марҳамат қилади:وَالَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِن نِّسَائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِّن قَبْلِ أَن يَتَمَاسَّا ذَلِكُمْ تُوعَظُونَ بِهِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
«Хотинларидан зиҳор қилганлар сўнгра айтганларидан қайтсалар, қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан ўта хабардордир» (3-оят). Ушбу ояти кариманинг ҳукмига биноан, хотинидан зиҳор қилган эр ўз ишидан афсусланиб, қайта ярашишни қасд қилса, эр-хотинлик муносабатларини янгитдан бошлашдан олдин бир қул озод қилиш ила каффорат бериб, гуноҳини ювиши лозим. Келаси оятда зиҳор каффорати ҳукми давом этади.فَمَن لَّمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِن قَبْلِ أَن يَتَمَاسَّا فَمَن لَّمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ذَلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ
«Ким (қул) топмаса, бас, (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учундир. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Кофирларга эса аламли азоб бор» (Мужодала сураси, 4-оят). Аллоҳ Ўз бандаларига ниҳоятда меҳрибон. Ҳаттоки гуноҳ қилганларга ҳам меҳр кўрсатади, гуноҳларини ювишда осон йўлни раво кўради. Зиҳор қилганлар, ким бўлишидан қатъи назар, «Албатта қул озод қилсинлар», деб қўяверса бўларди, бунга У Зотнинг ҳаққи бор эди. Лекин бандаларига озор бермаслик учун, уларга енгилликни хоҳлагани учун, баъзи бандаларининг қул озод қилишга қурби етмаслигини билгани учун: «Ким (қул) топмаса, бас, (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин», деб фармон берди. Кунига бир неча марта еб-ичишга одатланган одамлар учун узлуксиз олтмиш кун рўза тутиш ҳам унчалик осон иш эмас. Касаллик ёки қарилик туфайли бу ҳукмни бажара олмайдиганлар чиқиб қолиши табиий. Бундай кашилар қилган гуноҳлари каффоратига олтмиш мискинни (камбағални) тўйдирадилар. «Ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдирсин». Уларнинг ўртача бир кунлик таомини ёки бир кунлик таомнинг қийматини беради. Олтмиш кишини бир йўла тўйдириши ҳам шарт эмас. «Сен мен учун худди онамдексан», деганда эҳтиром, зиҳор ва талоқ нияти тўғри бўлади. Агар ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса, беҳуда бўлади. Бир эр ўз хотинига «Сен мен учун худди онамдексан», деганида ундан «Бу гапни айтганингда нимани ният қилган эдинг?» деб сўралади. «Эҳтиромни ният қилган эдим», деса, эҳтиром бўлади, «Зиҳорни», деса, зиҳор, «Талоқни», деса, талоқ бўлади. «Ҳеч нарсани ният қилмаган эдим», деса, ҳеч нарса бўлмайди. «Сен менга онамдек ҳаромсан», деганда зиҳор ёки талоқни ният қилган бўлса, ниятига яраша бўлади. Ҳеч нарсани ният қилмаган бўлса, Абу Юсуфнинг наздида ийло, Муҳаммаднинг наздида зиҳор бўлади. Лекин жумҳур уламолари зиҳор бўлишига иттифоқ қилганлар. Чунки аёлни ўзгага ўхшатиш ила таъкидли ҳаром қилиш зиҳор эканига ҳамма иттифоқ қилган. Аёлларига «Ҳаммангиз менга онамнинг орти кабисиз», деганда ҳар бири учун алоҳида каффорат вожиб бўлади. Бир киши бирдан ортиқ хотинидан зиҳор қилса, зиҳор қилган хотинлари сонича каффорат бериши лозим бўлади. Каффорат аёлга қайтиш, яъни унга жинсий яқинлик қилишга азму қарор қилиш билан вожиб бўлади. Зиҳор қилишнинг ўзи билан вожиб бўлмайди. Агар қайтмоқчи бўлмаса, юраверади. Фақат қайтишга азму қарор қилгандагина каффорат вожиб бўлади. Каффорат қулни озод қилиш билан бўлади. Кўзи ожиз, икки қўли, икки оёғи, икки бош бармоғи ёки бир тарафдаги қўл-оёғи кесилган, мажнун, мудаббар, баъзи бадалини адо қилган мукотаб каби манфаати бўлмаган ёки шериклик қулнинг ярмини озод қилиб, кейин ярмини озод қилишга зомин бўлса ёки ўз қулининг яримини озод қилиб, «Қолганини аёлга яқинлик қилгандан кейин», деса бўлмайди. Мудаббар – хожаси «Ўлганимдан кейин озодсан», деб айтиб қўйган қул. Мукотаб – хожаси билан маълум маблағни тўлаганидан кейин озод бўлишга шартнома тузган қул. Каффорат учун озод қилинадиган қул тўлақонли ва соғ-саломат, буст-бутун одам бўлиши лозим экан. Бу қавл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг гаплари, имом Абу Юсуф ва Муҳаммад эса: «Қулнинг ярмини аввал, ярмини хотинига яқинлик қилганидан кейин озод қилса ҳам бўлади», деганлар. Агар қул озод қилишдан ожиз бўлса, Рамазондан ва рўза тутиш ман қилинган кунлардан бошқа вақтда икки ой кетма-кет рўза тутади. Зиҳор каффорати рўзасини Рамазон ойи, икки ийд ва Қурбон ҳайитидан кейинги ташриқ кунларидан бошқа кунларда икки ой кетма-кет тутиш лозим бўлади. Агар оғзини очиб юборса, янгитдан қайта бошлайди. Шунингдек, аёлига кечаси қасддан, кундузи умуман яқинлик қилганда ҳам. Ҳаттоки бу ишлар олтмиш куннинг охирги кунларида содир бўлса ҳам яна қайтадан рўза тутишни бошлаш лозим бўлади. Агар бундан ҳам ожиз бўлса, олтмиш мискинга таом беради. Ҳар бирига садақаи фитр миқдорида ёки унинг қийматини беради. Агар уларга тушлик ва кечки овқат қилиб бериб, қоринларини тўйдирса, ёхуд буғдойдан бир ман, хурмо ва арпадан икки ман берса, ёки бир кишини икки ой тўйдирса жоиздир. Бир кишига бир кунда икки ойлик миқдоридаги нарсани берса бўлмайди. Ман – 815,39 грамм(2 ироқий ратл)га тенг ўлчов бирлиги. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!