Ассалому алайкум муҳтарам устоз!Сизга жуда ҳам муҳим ақийдавий масала хусусида савол беришга ижозат бергайсиз. Унинг муҳимлиги сарлавҳасидан ҳам аёндир.Яқинда "Аллоҳ қаерда" деган рисолани ўқиб қолдим. Ҳозир ўша рисоладан иқтибос келтираман: Рисолада "Улувв ва истава" масалалари хусусида сўз борган: иқтибос: 1. "... Кейинги хижрий 4-аср бошларида эса халафлардан бўлган баъзи бир калом аҳллари Жаҳмия фирқасининг эътиқодий фикрларидан қисман олиб, мана шу асосда эътиқодий мазҳаблар пайдо қилдилар. Аммо улар аввалги жаҳмий аждодларидан, улар инкор қилган муташобих сифатларни баъзиларини қабул қилиб, баъзиларини эса инкор қилишлари билан фарқ қилдилар холос. Бу билан эса, мана шу шаклда замонамизга қадар бундай эътиқодни ҳаётда ушланиб турилишига ҳисса қўшдилар. Муътазилийлар, ашъарийлар, мотуридийлар, суфийлар, жабрийлар, муржиъалар ва қадарийлар шулар жумласидандир...". иқтибос тугади.Мазкур матнда "Ашъарийлар" ва "Мотуридийлар" ҳам адашган тоифалар сирасига қўшилмоқда. Ҳозирда ҳам баъзи фатво сўровчилар "Ашъарийларнинг орқасида намоз ўқиса бўладими?" қабилидаги фикрларни айтмоқдалар. Мазкур масалани батафсил тушунтириб берсангиз. Яъни кейинги халаф уламоларининг Аллоҳнинг сифатларини таъвил қилиш йўлига ўтганларини. Улар бу ишлари билан салаф уламоларининг соф ақийдасига зарар етказишган ҳисобланадими?иқтибос: 2. "Аллоҳ таъало Зоти билан само юқорисидан юқорида эканлигига баъзи ояти карималардан ҳужжатлар келтирамиз:"Албатта Роббингиз – Аллоҳ шундай Зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра АРШИ УСТИГА ИСТИВА ҚИЛДИ..." Аъроф сураси, 54 – оятОсмонлар ва Ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида Ёлғиз Аллоҳга сажда қилурлар. Улар УСТИЛАРИДАГИ РОББИЛАРИДАН қўрқурлар ва фақат ўзларига буюрилган барча нарсани қилурлар. Наҳл сураси, 49– ва 50– оятлар.Ёки сизлар САМО ЮҚОРИСИДА БЎЛГАН (АЛЛОҲ)НИНГ, сизларни Ерга юттириб юборишидан, бас, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, (сизларни босиб) қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?! Мулк сураси, 16– оят.Ҳадисдан далиллар: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у шундай деди: Зайнаб бинту Жахш розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжалари ёнида шундай фахрланар эдилар: “Сизларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан оила аҳлларингиз никоҳлаган бўлса, мени ЕТТИ ҚАВАТ ОСМОННИНГ УСТИДАН Аллоҳнинг Ўзи никоҳлади”. Бухорий – 7420, Термизий – 3213, Аҳмад – 3/2, ибну Саъад – 103, Насоий - 2/76 да ривоят қилганлар.Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай деди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Марҳаматли бўлганларга, Раҳмон бўлган Аллоҳ азза ва жалла ҳам раҳмат қилади. Дунё аҳлига марҳамат қилингларки, САМО ЮҚОРИСИДАГИ РАҲМОН бўлган Аллоҳ ҳам сизга марҳамат қилсин”.Абу Довуд – 4941, Термизий – 1924, Аҳмад – 2/160, Хумайдий – 591, Хоким – 4/159, ал-Хатиб – 2/260 саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.Саҳобаларнинг сўзларидан далиллар: Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ворид бўлган ривоят: У киши шундай дедилар: “Дунё осмони билан ундан кейинги келадиган самонинг ораси 500 йилдир. Ҳар икки самонинг ораси ҳам шундай – 500 йилдир. Курсий билан сувнинг ораси 500 йилдир, Арш эса сувнинг устидадир. АРШ УСТИДА ЭСА АЛЛОҲ ТАБОРАКА ВА ТАЪАЛО БОРДИР, сизнинг қилаётган амалларингизни билади”.Абу Саид ад-Доримий «Ар-Радду аълал Жаҳмия» китоби – 275, Ибну Хузайма «Тавхид» - 105/106, Байхақий «Асма» - 401 да саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган қовллар:Бир аёл Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан: “Ибодат қилаётган илоҳинг қаерда?– деб сўради. Ул зот: «АЛЛОҲ СУБҲАНАҲУ ВА ТАЪАЛО ЕРДА ЭМАС, ОСМОН ЮҚОРИСИДАДИР» – дедилар. Шунда бошқа бир одам: “Хўп, Аллоҳ таъалонинг «У сизлар билан биргадир» – деган сўзига нима дейсан?”– деди. Ул зот: «Бу сени бир одамга мактуб ёзиб, олдида бўлмасанг ҳам, мен сен билан биргаман, дейишинг кабидир» – деб жавоб бердилар.Байхақий «Ал-Асма ва Сифат» – 429 да келтирган.Қози имом Тожуддин Абдул-Холиқ ибну Улван роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “«Ал-Муқний» асарининг муалифи Абу Муҳаммад ибну Аҳмад ал-Мақдисий роҳимаҳуллоҳ: “Абу Ҳанифадан бизга шундай хабар келди: «Кимда-ким АЛЛОҲ АЗЗА ВА ЖАЛЛАНИ САМО ЮҚОРИСИДА эканлигини инкор этса, ул киши аниқ кофир бўлибди»” – деб айтганини эшитдим”.Ибни Қудома аль-Мақдисий «Исбату сифатил улувв» 116-117 бетлар, Захабий «ал-Улувв» – 119 да келтиришган.иқтибос тугади.Устоз саволим шундан иборатки: "Аллоҳ қаерда?" деб савол сўраш жоизми?Саволга жавобан "Аллоҳ осмоннинг юқорида, аршнинг устида" деб жавоб бериладими? Умуман олганда "Аллоҳ осмоннинг устида" деган масала ҳақида ақоид илми уламоларининг саҳиҳ ривоятларини келтириб, масалага батафсил тўхталиб ўтсангиз. Чунки бу масала ўта нозик ва қалтис бўлганидан агар эътиборсизлик ёки илмсизликка йўл қўйилса, залолатга кетиш ҳеч гап эмас. Кўп савол бериб сизни уринтириб қўйган бўлсам, мени маъзур тутгайсиз. Чунки Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ "Фиқҳул акбар"да : "Ким эътиқод борасида шубҳага тушиб қолса, токи олимни топиб, сўраб олгунига қадар Аллоҳ хусусида тўғри эътиқодга бордим, десин, олимни топишда таъхирга йўл қўймасин, агар таъхир қилиб, ташлаб қўйса кофир бўлур" мазмунидаги сўзлари бор. Субҳанака аллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду ан лаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва утубу илайка.Эътибор ва жавобингиз учун олдиндан ташаккур!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Мазкур гаплар ҳақийқий “Аҳли Сунна ва Жамоа” мазҳабига тўғри келмайди.