Ассалому алайкум! Азиз устозлар, сизларга бир саволим бор эди. Мен оилалиман 2 фарзандим бор, аёлимни яхши кўраман ва қўлимдан келганча эрнинг оила олдидаги вазифаларини тушунтириб бораман. Бир икки бор ёлғон гапирганидан хабар топиб, озгина жанжаллашдик. У хар ойда ота-онасини уйига бориб, одатимизга монанд уларни кўриб келади. Уйига борганда ота-онаси билан сайр қилгани маданий, кўнгилочар масканларга, гоҳида тоғли масканларга чиқиб келади. Бу ҳолатга мен қаршилик қилмайман. Буни ўзига ҳам этганман. Мен ўзим шароитим туфайли вақтинча хордиқ олиш масканларига олиб чиқолмаяпман. Лекин аёлимдан ота-онанг билан қаерга чиқсанг ҳам манга этиб огоҳлантириб қўй, қатта юрганингни, нима қивотканини билишим керак, бу мени эрлик вазифам деб тушунтирдим. Ҳар сафар огоҳлантиришимга қарамасдан бу ҳол такрорланаверди. Шунда “мен яна ёлғон гапирсанг, мандан беркитиб, манга хабар бермасдан қаергадир кетадиган бўлсанг орамизага талоқ тушсин” дедим. Бу сўзни оғирлигини биламан, ман бу гапни ғазаб билан этмадим. Кўнглимга қаттиқ олмаган ҳолда, аёлимни бу камчилигини йўқотиш ниятида гапирдим холос. Чунки аёлим ҳам намозларни адо қилади ва талоқни нималигини ҳам яхши билади. Шундан қўрққан ҳолда ёлғонни ва яширинча кўчага чиқишларни тарк қилиши мақсадида шундай шарт қўйдим. Ҳурматли устозлар, динимизда банданинг нияти асосий омил ҳисобланади деган тушунчадаман. Бу ҳолатда мени ниятим унга талоқ бериб, ажрашишмас, балки фақатгина тарбиялаш ва қўрқитиш бўлган. Бу ҳолатни ҳукмини тушунтириб берсангизлар. Агар аёлим юқоридаги ҳолатларни такрорлаб қўйса, ўртамизга ҳақиқий талоқ тушадими?
Ва алайкум ассалом! Аслида бу каби масалалар жонли мажлисда, томонларнинг иштирокида кўриб чиқилади. Агар ҳолат худди сиз айтгандек бўлса, сизнинг “яна ёлғон гапирсанг, мандан беркитиб, манга хабар бермасдан қаергадир кетадиган бўлсанг орамизага талоқ тушсин” деган гапингиз талоқни шартга боғлаш ҳисобланади. Қачон сиз айтган шарт топилса аёлингиз талоқ бўлади. Бу шарт шариатимизда қасам ҳисобланиб, “қайтиб олдим” деган билан бекор бўлмайди. Бу гапга ниятнинг аҳамияти йўқ. Эркак киши, балки барчанинг оғзидан чиққан ҳар бир сўзи Аллоҳнинг ҳузурида ўз қийматига эгадир. Аслида бу Аллоҳ таоло инсонни энг буюк махлуқот қилиб яратгинининг белгисидир. Инсон шунчалик буюкки, оғзидан чиққан бир сўзи эвазига номаҳрам маҳрам бўлади. Яъни ҳаром ҳалол бўлади, ҳалол ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло “Қоф” сурасида марҳамат қилади :
إِذْ يَتَلَقَّى الْمُتَلَقِّيَانِ عَنِ الْيَمِينِ وَعَنِ الشِّمَالِ قَعِيدٌ مَا يَلْفِظُ مِن قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
17. Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда...
18. бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар.
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи» деб айтилмоқда.
«Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олганда...»
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«…бирор сўз талаффуз қилмас, илло ҳузурида ҳозиру нозир борлар».
Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор: қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки «едим», «ичдим», «бордим», «келдим», «кўрдим» кабилар ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», – деган эканлар.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида» оятини ўқиб туриб: «Эй одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси – ўнг тарафингдагиси яхшиликларингни ёзади, иккинчиси – чап тарафингдагиси ёмонликларингни ёзади. Нимани хоҳласанг, қилавер – озми, кўпми... Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» – деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича, инграмаган эканлар. ("Тафсири ҳилол" китобидан).
Талоқ борасида унинг ҳазили ҳам чин, чини ҳам чиндир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: ثَلَاثٌ جِدُّهُنَّ جِدٌّ وَهَزْلُهُنَّ جِدٌّ: النِّكَاحُ، وَالطَّلَاقُ، وَالرَّجْعَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Инсон бир ҳайвон эмаски оғзидан бир сўз чиқсаю, унинг қадри қиймати ва унга тартиб топадиган ҳукми бўлмаса. Валлоҳу аълам!