Ассалому алайкум! Мени 3та қиз фарзандларим бор. Ўғил болага нисбатан қиз болани ҳаражати кўпроқ бўларкан. Турмуш ўртоғимни топишлари, Аллоҳга шукурки ёмон эмас. Аммо пул масаласига келганда бироз зиқналик қиладилар. Базан кичик қизимга памперс ҳам ололмайман. Турмуш ўртоғимни пулларидан ўзларига айтмай олиб фарзандларим учун ишлатсам бунинг ҳукми қандай бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Боланинг ва аёлнинг нафақаси эрнинг зиммасига вожиб.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинту Утба:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.
Икки шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлгандан кейин, албатта унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:
1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар ҳаддан ташқари талабни кучайтирмасликлари лозим.
Ҳозирги кунимизда баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётгани ҳақида шикоятлар кўп. Эркакларнинг кўплари аёлларининг нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётганлари қувончли ҳолат. Аммо баъзилар хотинини нафақа билан таъминламагани ҳам етмагандек, бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқ, деб телевизор кўриб ётишибди. Бу чидаб бўлмас ҳолдир.
Фақиҳ уламолардан нақл қилинган “Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам”, деган жумла ҳам бугунги кунимизда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Ота-она, қариндошлар ёки таниш билишлар хотини бемор бўлган эркакка, аёлининг бемор бўлибди, отасиникига олиб бор, дейишни ўзларига фахр деб билишади. Яна келин тузалган кунининг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки, бу одатга айланиб қолди.
Аслида, бу ўзини билган ҳар шахс учун ор-номус бўлиши керак. Келин отасиникидан бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига келтириб даволаши лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!