Ассалому алайкум! Тундаги илтижо ва дуо албатта ижобат бўлади деб эшитдим. Шу тўғрими? Қайси вақт айтилган?
Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ اْلآخِرُ، يَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлади ва: «Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўқиш афзаллиги билинади. Чунки ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган ва дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундай фазилатли вақтни таҳажжуд намози билан ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади. Шунинг учун бу амалга, яъни таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўташга яна ҳам мустаҳкам бўлмоғимиз лозим.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَنْزِلُ اللهُ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا كُلَّ لَيْلَةٍ حِينَ يَمْضِي ثُلُثُ اللَّيْلِ الْأَوَّلُ، فَيَقُولُ: أَنَا الْمَلِكُ أَنَا الْمَلِكُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَنْ ذَا الَّذِي يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ، فَلَا يَزَالُ كَذَلِكَ حَتَّى يُضِيءَ الْفَجْرُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ فِي اللَّيْلِ لَسَاعَةً لَا يُوَافِقُهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ يَسْأَلُ اللهَ خَيْرًا مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ إِلَّا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ وَذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганида дунё осмонига нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман! Мен подшоҳман! Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилай! Мендан сўрайдиган борми, унга берай! Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилай!» дейди. Токи фажр ёришгунича шундай давом этади», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.Муслимнинг лафзида:
«Тунда бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундай», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадисга жуда ўхшаб кетади. Шунинг учун Аллоҳнинг тавфиқи ила баъзи фарқли жойларини бир оз шарҳ қилишга уринамиз. Бу ҳадисда Аллоҳ дунё осмонига кечанинг аввалги учдан бири ўтганида нозил бўлади, дейилмоқда. Бу аввалги ҳадисга хилоф эмас, балки нузул бўлишининг аввали кечанинг аввалги учдан бири ўтганига тўғри келади, деганидир. Кечасидаги дуо қабул бўладиган соат эса тайинли маълум соат эмасдир. Бу соат туннинг иккинчи ярмига тўғри келиши маълум, бошқаси номаълум. Шунинг учун бу соатни топиш учун ижтиҳод қилиш керак бўлади. Бу эса албатта, доимий равишда таҳажжуд намози ўқиш билан бўлади.
САЖДАДАГИ ДУО МУСТАЖОБ
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَقْرَبُ مَا يَكُونُ الْعَبْدُ مِنْ رَبِّهِ وَهُوَ سَاجِدٌ، فَأَكْثِرُوا الدُّعَاءَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Роббисига энг яқин пайти у сажда қилганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар», дедилар».
Шарҳ: Намоз банданинг ўз Роббиси билан яккама-якка муножотидир. Намоз мўминнинг меърожидир, у банданинг Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир. Сажда эса намознинг бандалик энг равшан намоён бўлиб, хорлик ва зорлик зоҳир бўладиган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳга шунчалар яқинлашади. Шунинг учун ҳам банда саждада Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин турганда сўрагани қабул бўлиши шундан. Шунинг учун ҳам саждада кўпроқ дуо қилиш керак. Имом Муслим ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким, мен рукуъда ва саждада турган ҳолимда Қуръон қироат қилишдан наҳйи қилиндим. Аммо рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса дуо қилишга ижтиҳод қилинглар. Ижобат бўлиши аниқдир», деганлар.
وَعَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ فِي سُجُودِهِ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي كُلَّهُ؛ دِقَّهُ وَجِلَّهُ، وَأَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، وَعَلَانِيَتَهُ وَسِرَّهُ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида :
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي كُلَّهُ؛ دِقَّهُ وَجِلَّهُ، وَأَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، وَعَلَانِيَتَهُ وَسِرَّهُ
дер эдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, гуноҳимнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалини ҳам, охирини ҳам, ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам мағфират қилгин». ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!