Ассалому алайкум! Устозлар мен оилада катта ўғилман. Ўзимни ҳалол меҳнатим билан янги уй қурдим. Оилам билан кўчиб ўтмоқчимиз. Шунга нималарга эътибор беришим керак?
Ва алайкум ассалом! Шариатимизда янги уйга кўчиб ўтишнинг шартлари йўқ. Уйнинг баракотли ёки акси бўлиши унда намоз, тиловати Қуръонни бўлиш ёки бўлмаслигига боғлиқ. Намоз ўқилмайдиган уйлар ҳар қанча хашаматли бўлмасин, қабристон кабидир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ مَقَابِرَ، وَإِنَّ الْبَيْتَ الَّذِي تُقْرَأُ فِيهِ الْبَقَرَةُ لَا يَدْخُلُهُ الشَّيْطَانُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Уйларингизни қабрга айлантирманглар. Албатта, Бақара сураси ўқиладиган уйга шайтон кирмайди , дедилар.
Иккисини Термизий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифлар ҳам Қуръони Каримнинг ва Бақара сурасининг фазлини яна ҳам бошқачароқ васф қилмоқда. Барча одамлар уйларининг обод бўлиши, уларнинг қабристонга ўхшаб қолмаслиги учун ҳаракат қиладилар. Бу мақсадни амалга ошириш йўлида турли-туман ишлар, сарф-харажатлар қиладилар. Ушбу мақсадни амалга оширишнинг энг қулай, баракали ва арзон йўли ушбу ҳадиси шарифда баён қилинган экан. Ҳар бир мусулмон киши ўз уйи обод бўлиши, қабрга ўхшаб қолмаслиги учун уйида Бақара сурасини ўқиб турса бўлди экан. Кишилар ўз уйларининг омонлик қўрғони бўлишини жуда ҳам истайдилар. Уйда истиқомат қилувчиларнинг барчаси тинч-омон ва хотиржам бўлишлари учун барча имкониятларни ишга соладилар. Айниқса, жину шайтонларнинг ёмонлигидан эҳтиёт бўлишга алоҳида аҳамият берадилар. Бу мақсадга эришишнинг осон ва қулай йўли ҳам ҳар ким ўз уйида Бақара сурасини ўқиб туриши экан. Бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп. Мисол учун, яна бир ривоятни келтирайлик: Абу Убайд ривоят қиладилар: Бир одам намозда Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқиди. Намозини тугатганидан кейин ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу унга: Бақара билан Оли Имрон ни ўқидингми? дедилар. Ҳа , деди. Менинг жоним қудрат қўлида бўлган Зот билан қасамки, бу икковида у билан дуо қилса, мустажоб бўладиган Аллоҳнинг исми бор , дедилар. Менга ўргатиб қўйинг , деди. Ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу: Йўқ, ўргатмайман. Сенга унинг хабарини айтсам, ўзингни ҳам, мени ҳам ҳалок қиладиган дуо қилиб қўймагин , дедилар . Имом Бухорий ривоят қиладилар: Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлоғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам яна тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг бўлиб ўтган ҳодисани Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб берди. У киши: Ўқи, эй Ибн Ҳузайр , дедилар. Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин, деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса. Ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб, чиқиб кетдим , деди. Пайғамбар алайҳиссалом: У нималигини биласанми? дедилар. Йўқ , деди. У зоти бобаракот: Улар сенинг овозингга келган фаришталар. Агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларни кўра олардилар. Улар беркинмас эдилар , дедилар . ( Ҳадис ва Ҳаёт китобидан). Валлоҳу аълам!